Home / МАҚОЛАЛАР / ОДАМЛАРНИ ФОСИҚЛИК ВА КОФИРЛИКДА АЙБЛАШДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

ОДАМЛАРНИ ФОСИҚЛИК ВА КОФИРЛИКДА АЙБЛАШДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Бир ҳадис шарҳи

Ислом шариати доимо дин, жон, мол-мулк, номус ва ақлни ҳимоя қилиб келган. Буларнинг бирортасини бузган кимсага дунёда ҳам, охиратда ҳам жазо борлиги таъкидланади. Жумладан, одамларни ҳақорат қилиш, шаънини ерга уриш, сўкиш ва ёмон сўзлар билан айблашдек ҳар қандай ёмонликни қоралайди.

عَنْ أَبِى ذَرٍّ رضى الله عنه أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ لاَ يَرْمِى رَجُلٌ رَجُلاً بِالْفُسُوقِ ، وَلاَ يَرْمِيهِ بِالْكُفْرِ ، إِلاَّ ارْتَدَّتْ عَلَيْهِ ، إِنْ لَمْ يَكُنْ صَاحِبُهُ كَذَلِكَ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Киши бировни фосиқликда айбласа ёки кофирликда айбласа-ю, шериги ундай бўлмаса, бу албатта унинг ўзига қайтади”, деганларини эшитганман” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида мўминларни бирор бузуқлик ёки куфрда айблаб, Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқиб кетишдан қайтарганлар. Бир кишини фосиқлик ёки кофирликда айблашдан ортиқ ҳақорат бўлиши ҳам мумкин эмас. Бунинг гуноҳи шунчалик оғир бўлгани туфайли ҳадиси шарифда масала бирданига кўндаланг қўйилмоқда. Яъни, биров бошқа бир кишини айбламоқчи бўлса, аввал ўйлаб кўриши керак экан. Айбланган кишида фосиқлик ёки куфр бўлмаса, бу иллатлар туҳмат қилганнинг ўзига қайтиб борар экан.

Баъзи олимлар шу гап айтилган одам ҳақиқатан кофир бўлса, сўзлаган киши рост айтган бўлади, ундай бўлмаса, бўҳтоннинг маломати ва гуноҳи гап эгасига қайтади, деган.

Бундан шуни англаш мумкинки, айбланувчи асосли равишда фосиқлик ёки куфрда тавсифланган бўлса, рост сўзлаган даъвогарга ҳеч нарса қайтмас экан. Аммо бундай гап кишини изза қилиш ва унга зарар етказиш мақсадида айтилган бўлса, гап эгаси ҳаром иш қилган бўлади. Чунки, аслида мусулмонларга бировнинг айбини яшириб, уни тўғри йўлга солиш ва чиройли насиҳат қилиш буюрилган. Яхшиликка қодир бўла туриб, зўравонлик қилиш ҳаромдир. Чунки, кўпчиликнинг табиатида ғурур мавжуд. Бундайлар баъзан ўз туҳматида қатъий туриб олади. Бу шахслар орасидаги муносабатларни янада кескинлаштиради.

Шунинг учун тилга эрк бериб, бошқаларни фосиқлик ё кофирликда айблайвериш керак эмас.

Афсуски, баъзилар бу нозик ва масъулиятли масалага етарлича аҳамият бермай, одамларни фосиқ ёки кофирга чиқариб юборади. Улар одамларни шаръий асоссиз фосиқ ва куфрда айблаш ўзлари учун ўта хатарли эканини билиб қўйиши зарур.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …