Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара айтганлар: “Муҳаммад ибн Исмоил Бағдодда илм дарсида ўтирардилар. Мен у кишидан ҳадис ёзиб олардим. У кишининг мажлисларида йигирма мингдан ортиқ одам тўпланарди”.
Хатиб айтганлар: «Заргар Аббос ибн Фазл Розийдан: “Абу Зуръа афзалми ёки Муҳаммад ибн Исмоил?” – деб сўралди. Аббос: “Мен Муҳаммад ибн Исмоил билан Ҳилвон ва Бағдод ўртасида учрашдим. Бир муддат бирга юрдим. У киши билмайдиган ҳадисни айтишга ҳаракат қилдим. Аммо имкони бўлмади. Мен Абу Зуръанинг ҳадисларидан сочининг толаларича заифини топганман”, – деб жавоб бердилар».
Умар ибн Ҳафс Ашқар зикр қилганлар: «Ражо ибн Муражжа Шошга ўтаётиб Бухорога келганларида бир работга тушдилар. Машойихларимиз у кишини кўришга бордилар. Мен ҳам улар билан бордим. Мендан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ҳақларида сўрадилар. У кишининг соғ-саломатликлари ҳақида хабар бериб: “Бугун ёнингизга келсалар керак”, – дедим. Бизга бир неча ҳадис ёздирдилар. Илм мажлиси тугади. Лекин Бухорий келмадилар. Иккинчи куни ҳам Бухорий келмадилар. Учинчи куни Ражо айтдилар: “Абу Абдуллоҳ бизни зиёрат қилишни эп кўрмаган бўлсалар керак. Бизни у кишининг ҳузурларига олиб боринглар. Мен сафарга чиқиб кетмоқчиман”. Ражо истар-истамас йўлга тушдилар.
Жамоамиз билан Бухорийнинг ҳузурларига келдик. Ражо: “Эй Абу Абдуллоҳ, сизни кўришга муштоқ эдим. Бирор ҳадис айтиб беришингизни истайман. Мен Шошга чиқиб кетяпман”, – дедилар. Имом Бухорий: “Майли, сизнингча бўлсин”, – дедилар. Ражо Аюбдан ривоят қилинган бир неча ҳадисни айтдилар. Ражо жим бўлган заҳоти Абу Абдуллоҳ ҳар бир ривоят қилинган ҳадисга жавоб берардилар. Ражо имом Бухорийга: “Биз айтмаган бирор ҳадис қолдими?” – дедилар.
Бухорий ҳадис ривоят қилишни бошладилар. Ражо ҳадиснинг кимдан ривоят қилинганини сўраганларида, санадларини келтирардилар. Ўндан зиёд ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳолни кўриб Ражо эсанкираб қолдилар. Имом Бухорийнинг кўзлари бирдан Ражонинг юзларига тушиб, у кишидаги ўзгаришни кўриб, ҳадис айтишни тўхтатдилар. Ражо чиқиб кетганларидан кейин Бухорий: “Мен у кишига яна шунча ҳадис айтмоқчи эдим. Лекин мен ҳақимда кўнгилларига бирор гап келмасин, деб қўрқиб тўхтадим”, – дедилар».