Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Ўнинчи дарс. Овқатланиш одоби.

  Эй ўғлим! Қадди-қоматинг соғлом ҳолда ҳаёт кечирмоқчи бўлсанг, овқат устига овқат емагин. Қорнинг оч қолса таомлан. Еганингда зинҳор қорнингни тўлдирма. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмайди”[1], деганлар.

Эй ўғлим! Овқатланишга киришмоқчи бўлсанг, аввало қўлингни яхшилаб юв. Сўнг “Бисмиллаҳ”ни айт. Таомни бутунича ютиб юборма. Балки, оғзингга солган луқмангни яхшилаб чайнаб ютин. Чунки овқатни яхшилаб чайнаш осон ҳазм бўлишига ёрдам беради. Олдингдан егин. Таом солинган товоқнинг ҳар ерига қўлингни чўзма. Бундай қилиш нафратланиладиган очкўзликдир.   

Эй ўғлим! Тарбиясиз ва авом одамлардек иш тутиб йўл четида ва бозорларда овқатланма, гарчи кўнгил очиш учун бўлса ҳам. Чунки бу ҳолат зиёли инсон шаънини тушириши ва обрўсизлантириши мумкин.

    Эй ўғлим! Бахиллик ва очкўзликдан йироқ бўл. Ейиш учун ўтирсанг-у, ёнингда таниш ёки нотаниш инсон бўлса, бирга овқатланишни таклиф қил.  Таомингдан ортса муҳтожга улаш. Бераётган нарсангни арзимас деб ҳисоблама. Чунки мана шу озгина таомга эҳтиёжманд фақирлар бор. Бирор бечорага садақа қилсанг, миннат қилма, берган садақанг кетидан озорни эргаштирма. Аллоҳ таоло:

 ﴿قَوْلٌ مَعْرُوفٌ وَمَغْفِرَةٌ خَيْرٌ مِنْ صَدَقَةٍ يَتْبَعُهَا أَذًى وَاللَّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٌ﴾

(Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва  ҳалимдир”. Берадиган садақангни одамлардан махфий қилишга ҳаракат қил. Зеро, пинҳона қилинган садақа Аллоҳ таоло ғазабининг пасайишига сабаб бўлади.

Эй ўғлим! Кир идишларда еб-ичмагин. Нопок идишларда овқатланганинг сабабидан ҳаттоки шифокорнинг муолажаси ҳам фойда бермайдиган касалликларни ўзингга орттириб олишинг мумкин. Тоза, покиза сувларни ичгин. Ичганингда “Бисмиллаҳ”ни айт. Сув ичганингда нафас олиб, оз-оз ҳўплаб, дам олиб ичгин. Бир пиёла сувни уч мартада, ҳар бирининг орасини ажратиб, Аллоҳнинг номини зикр этиб ич. Овқатланишни якунлаганингдан сўнг сени таомлантирган Аллоҳга ҳамд айт. Унинг санаб бўлмайдиган неъматига шукур қил. Аллоҳнинг ўзи сени тўғри йўлга бошлагай.   

[1] Имом Аҳмад, Термизий ривояти
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …