Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Саккизинчи дарс. Бадантарбия ва кўчада юриш одоби

Эй ўғлим! Дарс машғулотларини бажаришда танинг соғ ва тетик бўлиши учун баъзи бўш вақтларингда бадантарбия қилишни ёддан чиқарма. Ундай машқларни бажаришни истасанг, чекка, баҳаво жойларга чиққин. Оҳисталик ва виқорни сақлаган ҳолда юр, тезлашма ва йўлда бирор кимса билан ҳазил-мазах қилма. Аммо табассум билан юришинг учун монелик йўқ.

Эй ўғлим! Дўстларинг билан бадантарбия қилиш ёки бошқа юмушлар учун кўчага чиқсанг, йўлда бирорта йўловчининг олдини тўсманглар. Гарчи, кенг бўлса ҳам омма юрадиган йўлдан тўдалашиб ўтманглар. Аксинча, иккита- иккита ёки битта-битта бўлиб юринглар.

Эй ўғлим! Омма ўтиб юрадиган йўл алоҳида бир шухснинг мулки эмас. Унда ҳар бир йўловчининг ҳаққи бор. Кўчаларда тирбандликни пайдо қилманглар. Чунки бундай иш илм олувчининг обрўсига путур етказиб, одамларнинг унга эҳтиромини йўққа чиқаради.

Эй ўғлим! Йўлингда бирор можарони ёки муштлашаётган тўдани кўрсанг, улар орасига кирмагин, ҳатто яқинлашма ҳам. Зеро бундай ҳолатда таҳқирланишинг ёки айбсиз бўла туриб туҳматга учрашинг мумкин.

Эй ўғлим! Кўпчилик одамлар орасидан бирортаси йўлингда сенга озор етказса, унга қилмишига ўхшаш душманлик билан муомала қилма. Сенга зулм қилганни кечир, шунда Аллоҳ қадрингни кўтаради.

﴿وَجَزَاءُ سَيِّئَةٍ سَيِّئَةٌ مِثْلُهَا فَمَنْ عَفَا وَأَصْلَحَ فَأَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ﴾ 

(Ҳар қандай)  ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни хуш кўрмас”[1].

Аллоҳ таоло бизга ушбу гўзал хулқ билан одобланишни таълим беради.

Эй ўғлим!  Ўзингга керак бўладиган егулик, кийим-кечак ва бошқа нарсалар сотиб олиш учун уйингдан чиқсанг, нодонларнинг тортишувларига сира аралашма. Уларнинг фаҳш сўзларига эътибор берма. Уларга куч-ғайратингни сарфлашдан йироқ бўл. Сотувчилар билан нарх белгилашда талашиб-тортишма. Нархи тўғри келса, сотиб ол, бўлмаса, тинчгина кетавер. Сотиб олиш ниятинг бўлмаса, сотувчиларнинг олдига нарх талашиш мақсадида борма. Бу ишинг уларнинг сенга ёмон, хунук, озорли сўзларни айтишига олиб келади.

Эй ўғлим! Бирор инсонга нимадир сўзламоқчи бўлсанг, у эшита оладиган даражадаги овоз билан гапир. Сўзи мулойим, лафзи гўзал киши бўл. Ёшинг, мартабанг тенг бўлса ҳам, сени тинглаётганлар олдида қадрингни туширадиган сўз айтма. Бирор инсон сенга гапирса, унинг сўзини диққат билан тингла. Унга қўполлик ва адабсизлик билан қарама. Ҳадисда: “Одамларга гўзал хулқ билан муомала қил!”[2] дейилган. 

[1] Шуро сураси, 40-оят.
[2] Имом Аҳмад ва Термизий ривояти
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …