Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ МЎЪТАДИЛ ДИН!

ИСЛОМ МЎЪТАДИЛ ДИН!

Бир ҳадис шарҳи

Ислом енгил, мўътадил дин бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни амалда мулойимлик, ҳалимлик, одамнинг тоқати етадиган, бардавом бўладиган амаллар билан кифояланишга даъват этганлар.  Кимки динда ғулувга кетса, чуқурлашса, дин уни енгиб қўяди, мағлуб этади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الدِّينَ يُسْرٌ وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إِلَّا غَلَبَهُ فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَأَبْشِرُوا وَاسْتَعِينُوا بِالْعَدْوَةِ وَالرَّوْحَةِ وَشَيْءٍ مِنَ الدُّلْجَةِ .«

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, бу дин осонликдир. Ким динда ашаддийлашса, (дин) уни енгмай қўймайди. Тўғриликни лозим тутинглар, (ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар ва хушхабар беринглар. Эрталаб, тушдан кейин ва туннинг охирида (ибодатга Аллоҳдан) ёрдам сўранглар, дедилар(Имом Бухорий ривояти).

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадиснинг маъноси шундан иборатки: бу – инсоннинг тоқати зўрға етадиган ибодатларни ўз зиммасига юклаб олиб, динда чуқур кетишдан қайтариқ”, дейди.

Ибн Мунир айтади: “Бу ҳадисда пайғамбарлик аломатларидан бири борки, биз ва биздан олдингилар динда чуқур кетган ҳар бир кишининг мағлуб бўлганини кўрганмиз. Мақсад, ибодатда мукаммалликка интилишга тўсқинлик қилиш эмас, чунки бу мақтовга сазовор ишлардан. Балки, зерикишга олиб келадиган ҳаддан ташқари кўп амал, афзални тарк этишга сабаб бўладиган нафлдаги муболағанинг олдини олишдир”.

Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асосий тамойилни келтириб: Албатта дин осонликдир, деб марҳамат қилганлар. Исломнинг эътиқоди, ахлоқи, буйруқ ва қайтариқлари осондир.

Сўнгра тўғри бўлишга, шунга ҳаракат қилишга, қалбларни хушхабар билан қувватлашга, ноумид бўлмасликка буюрдилар.

Тўғриликни лозим тутиш”: муболағасиз ва бепарволик қилмасдан, буюрилган ишларда камчиликка йўл қўймасдан, тоқат қилолмайдиган нарсани зиммасига юклаб олмасдан амал қилиш, ибодатда ўртача бўлишдир.

У зотнинг: (ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар, дегани: “Агар мукаммал амал қилишга тоқатинг етмаса, шунга яқин бўлишга ҳаракат қил, маъносида.

Ва яна оз бўлса ҳам бардавом бўлган амалнинг ажри, савобидан хушхабар беринглар”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга ёрдам берадиган нарсаларни кўрсатиб: Эрталаб, тушдан кейин ва туннинг охирида (ибодатга Аллоҳдан) ёрдам сўранглар, дедилар.

Исломнинг асосий рукнларига қарайдиган бўлсак ҳам, намоз бир кунда беш вақт, рўза ҳам бир йилда бир ой, закот ва ҳаж фақат қодир бўлган кишиларга фарз қилинган.

  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар. Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар, дедилар(Муттафақун алайҳ).

Исломга даъват қиладиган,  ҳукмларини етказадиган киши унинг осон тарафини гапириши, диннинг осон эканини етказиши керак. Шариат доирасидан чиқмайдиган жиҳатларда енгил, осон томонини олиш устувор бўлиши керак.

Диндан сўзлайдиган киши одамларни қўрқитадиган, бездирадиган, кўнглини қолдирадиган гап-сўзларни айтишдан сақланиши, динга муҳаббат уйғотадиган, қизиқтирадиган нарсаларни гапириши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзимизга оғирлик қиладиган ибодатларни назр қилиб олмасликни буюрдилар, чунки бу зерикиш, пушаймонлик, чарчаш ва охир оқибатда диндан юз ўгиришга олиб келади. Аллоҳ таоло мўътадил динни ушлашда барчамизга ёрдамчи бўлсин.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …