Олтинчи дарс. Илм олиш одоби
Эй ўғлим! Тетиклик ва жидду жаҳд билан илм талабига киришгин. Вақтингга эътиборли бўлгинки, сен манфаат олмаган бирор сонияси ўтиб кетмасин.
Эй ўғлим! Устозингни дарс пайтида тинглашдан олдин ўтиладиган мавзуни ўзинг яхшилаб мутолаа қилиб ол. Бирор масала ноаниқ бўлиб қолса, дўстларингдан сўрашдан тортинма. Чунки, биргаликда тушунганнинг манфаати кўпдир. Бир мавзуни яхшилаб тушуниб олмай туриб бошқасига ўтма. Устозинг синфда сен учун белгилаган жойга ўтир, бошқасига эмас. Бордию дўстларингдан бирортаси ўрнингга ўтириб олса, у билан тортишиб жанжал қилма. Бу ишни устозингга билдир, ўзи тўғрилайди ва сени ўрнингга ўтирғизади.
Эй ўғлим! Устоз дарс тушунтиришни бошласа, гап сотиш билан машғул бўлма. Дўстларинг билан баҳсга киришма. Устозинг айтадиган маълумотларга эътиборли бўл. Дарс асносида фикрингни ортиқча ташвишлар билан чалғитма. Мавзунинг бирор жойи мавҳум бўлса, одоб ва эҳтиром ила устоздан қайтариб сўра. Устозинг сенинг сўзингга эътибор бермай ўз дарсида давом этса, унга овозингни баландлатиб мурожаат этма ёки у билан ҳаргиз тортишма.
Эй ўғлим! Ўқувчи устози ҳузурида одоб чегарасидан чиқса, устозининг олдида ҳам, дўстларининг олдида ҳам қадри тушиб кетади. Одобсизлиги учун интизомий жазога ҳам лойиқ бўлади.
Эй ўғлим! Устозингни худди отангдек ҳурмат қилмасанг, унинг илмидан ҳеч қандай фойда ололмайсан.
Эй ўғлим! Илмнинг зийнати камтарлик ва одобдир. Аллоҳ камтар бўлган кишининг қадрини баланд ва ўзини инсонларга суюкли қилиб қўяди. Калондимоғ, бадхулқ киши одамлар назаридан қолади. Аллоҳ уни одамларга ёмон кўрсатиб қўяди. Оқибат уни ҳурмат қиладиган, унга меҳрибонлик кўрсатадиган бирор инсонни топа олмайди.
Эй ўғлим! Ўқувчи учун устоз ва олимлардан ғазабланиш ўта зарарлидир. Бирор ўқитувчидан ғазабланиш ёки унинг олдида одобсизлик қилишдан сақлангин. Устозга ғазаб кўрсатиш, ундан аччиқланиш кўп нарсадан маҳрумлик ва узилишга олиб келади. Гапимни қабул эт. Улуғларингнинг розилигини топ. Улардан ҳаққингга дуо қилишини сўрагинки, шояд Аллоҳ буни қабул қилиб, сен учун илм йўлини кенг очиб қўйса. Ёлғиз қолган пайтларингда ҳам Аллоҳдан ёлвориб сўрагин, сенга манфаатли илм ва амални насиб этсин. Шак-шубҳасиз, Раббинг дуоларни эшитувчи ва ўта сахий Зотдир.