Home / МАҚОЛА / ЯХШИЛИККА БУЮРИБ, ЁМОНЛИКДАН ҚАЙТАРИШНИНГ ШАРТЛИГИ ҲАҚИДА

ЯХШИЛИККА БУЮРИБ, ЁМОНЛИКДАН ҚАЙТАРИШНИНГ ШАРТЛИГИ ҲАҚИДА

Жамиятдаги иллатларни бартараф этишнинг йўлларидан бири мусулмонлар жамоаси яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ишларида ҳамоҳанг бўлишлари лозим.

Аллоҳ таоло:

[وَلْتَكُنْ مِنْكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ]

“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир”[1], дейди.

Имом Бағавий бу оят тафсирида: “Сизлар ҳаммангиз мазкур ишларни қиладиган уммат бўлингиз”, деган. Ҳанафий мазҳаби уламолари шу тафсирга биноан, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ишлари билан шуғулланишни фарзи айн, яъни ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир, деб билган.

Жумладан, Абу Мансур Мотуридий “Таъвилотул Қуръон”да Оли Имрон сурасининг 110-ояти, “Моида” сурасининг 79-ояти ва бир неча ҳадиси шарифлардан далил келтириб, амри маъруф, наҳйи мункар ишларини қилиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн қилинган, деб таъкидланган.

Агар гуноҳ амаллар қилинсаю, уни кўрган ё билган кишилар индамаса ёки бефарқ бўлса, оқибати жуда ёмон бўлиб, инсонлар одамийликдан чиқиб кетишади. Бузуқ ишлар кенг ёйилаверади.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир”, дедилар” (Имом Аҳмад, Муснад).

“Мункар иш” деганда дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон иш тушунилади. Мусулмон киши жамиятда бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ бўлмаслиги лозим. Ёмон ишни тўхтатиши, уни қайтариш учун ҳаракат қилиши, агар қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса, мункар ишнинг ёмонлигини тушунтириши, уни қилмасликка чақириши керак. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Лекин баъзида тили билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам мункар ишни дили билан рад этиши керак экан.

Мусулмон киши жамиятда содир бўлаётган воқеаларга бепарво бўлишига ҳаққи йўқ. Агар бирор яхши ишга эътиборсизлик бўлаётганини билса, кишиларни унга чорлаши лозим. Агар бирор ёмонлик содир этилаётганини кўрса, қўлдан келганича уни тўхтатишга ҳаракат қилиши, иложи бўлса, кучи билан, бўлмаса, сўзи билан уни бартараф этиш пайида бўлиши даркор. Ҳеч бўлмаса, қалбидан ўша ишга норози бўлиб туриши мўминлик бурчи ҳисобланади. Тўхтатишнинг имкони бўла туриб, “Менга нима, гуноҳи ўзига-да”, деб бепарво кетиш ёки унга қалбдан рози бўлиб туриш имоннинг зиддидаги сифатлардан саналишини унутмаслик керак.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, амри маъруф қиласизлар, албатта, наҳйи мункар қиласизлар. Бўлмаса, Аллоҳ сизга Ўз ҳузуридан иқоб юборади. Сўнгра дуо қилсангиз, қабул бўлмайди”, дедилар.

Дарҳақиқат, яхшиликка чақириб турувчи жамоа бўлмаса, дунёда эзгулик қолмайди. Маъруфга, яъни фазилат, ҳақиқат, яхшилик ва адолатга буюриб, мункардан, яъни разолат, ботиллик, зулм ва ёмонликдан қайтариб турадиган жамоа бўлмаса, ҳеч бир қавм, ҳеч бир уммат нажот топа олмайди. Амри маъруф ва наҳйи мункар ишлари яхши йўлга қўйилган жамиятдагина яхшилик ёмонликдан устун бўлади.

Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш фақат маълум кишиларнинг иши эмас, балки барча кишиларнинг вазифаси ҳисобланади. Лекин чегарадан чиқмай, қўполлик қилмасдан, юмшоқлик билан иш тутсак, Пайғамбаримизнинг суннатларига мувофиқ йўл тутган бўламиз.

[1] Оли Имрон сураси, 104-оят.
Ушбу мақола Наввор ибн Шаллийнинг “Жамиятдаги иллатлар ва уларнинг ечимлари” китоби асосида тайёрланди.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақола PDF форматда

Мақола Word форматда

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …