Бир ҳадис шарҳи
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” тўпламида келган ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Шулардан бири ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги ҳадислардир. Уламолар шундай ҳадиси шарифлардан бирини қандай шарҳлаганини ва унда баён этилган одоб-ахлоққа оид масалаларни кўриб чиқсак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: “Эй Расулуллоҳ! Яхшилик қилишим учун энг ҳақли бўлган инсон ким?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, деб жавоб бердилар. У одам: “Кейин ким?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, деб жавоб бердилар. У одам: “Кейин ким?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг” деб жавоб бердилар. У одам (тўртинчи марта): “Кейин ким?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Отанг”, деб жавоб бердилар”.
Ибн Баттол: “Бу ҳадис она учун отага қилинадиган яхшиликнинг учтаси бўлишини тақозо қилади”, деган.
Она фарзандини заифлик устига заифлик билан кўтариб юриб, ҳомиладорлик машаққатини бошдан ўтказади. Сўнгра болани дунёга келтириш машаққатига йўлиқади. Ундан кейин эмизишдаги қийинчиликларга дуч келади. Бу ишларда фақат онанинг ўзи иштирок этади ва фақат ўзи изтироб этади. Чунки бу уч иш фақат онага хосланган. Сўнгра фарзандни тарбиялаш ва вояга етказиш ишларида ота иштирок этади. Шу сабабли ҳадиси шарифда уч марта “онанг” деб жавоб берилган. Тўртинчисидагина “отанг” дейилган.
Аллоҳ таолонинг: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар)” (Луқмон сураси, 14-оят), деган сўзларида ҳам шунга ишора бордир.
Аллома Қуртубий: “Она ўз фарзандининг яхшилик қилишига ҳақли бўлади. Онанинг ҳаққи отанинг ҳаққидан олдин туради”, деган.
Жумҳур уламоларнинг барчаси: “Она яхшилик ва итоат қилишда отадан олдин туради”, деган.
Ҳасан Басрийдан “Ота-онага яхшилик қилиш нима?” деб сўралди. У: “Қўлингдаги нарсаларни иккаласига сарфлашинг ва сени гуноҳ бўлмаган ишларга буюрганда иккаласига итоат қилишингдир”, деб жавоб берди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Аёл кишига энг ҳаққи кўп бўлган одам ким?” деб сўрадим. “Эри”, деб жавоб бердилар. “Эркак кишигачи?” деб сўрадим. “Онаси”, деб жавоб бердилар”.
Бу ҳадис ҳам онанинг ҳаққи отанинг ҳаққидан олдин туришини тасдиқлайди.
Бу хитобларнинг барчасида ота-онага яхшилик ва итоат қилиш тарғиб этилган. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам, халқимизнинг миллий қадриятларида ҳам ота-онага яхшилик қилиш фарзанд зиммасидаги энг улуғ вазифалардан бири ҳисобланади. Фарзанд бу иши учун халқ орасида ҳурматга сазовор бўлади, охиратда эса улкан савобларга эга бўлади.