Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИ МИСРГА ОЛИБ КИРГАН ДАСТЛАБКИ ИНСОН (3-қисм)

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИ МИСРГА ОЛИБ КИРГАН ДАСТЛАБКИ ИНСОН (3-қисм)

“Саҳиҳул Бухорий” асарини Мисрга илк бор олиб кирган киши бу – имом, ҳофиз, буюк мужаввид, Абу Али Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Мисрий Баззоз бўлиб, асли Бағдод шаҳридандир. У 353/964 йили вафот этган.

Узоқ вақт ҳадис талаби билан Жайҳун ва Нил дарёлари оралиғида жойлашган шаҳарларни кезиб юрган Абу Али Баззоз ҳаётининг сўнгги йилларида Мисрга келиб жойлашган. У 294/907 йили таваллуд топган.

У Бағдодда Абул Қосим Бағавий, Ибн Абу Довуд ва бу иккисининг замондошларидан ҳадис эшитган. Ҳаррон шаҳрида ҳофиз Абу Урвадан ва бир гуруҳ ровийлардан ҳадис эшитган. Дамашқда у Аҳмад ибн Умайр ибн Жавсо, Саид ибн Абдул Азиз Ҳалабий ва уларнинг тенгқурларидан ҳадис эшитган. Хуросонда эса “Саҳиҳул Бухорий”ни Муҳаммад ибн Юсуф Фрабрийдан эшитган.

Абу Али Баззоз шу билан “Саҳиҳул Бухорий”ни илк марта Мисрга олиб кирган ва у ерда ҳадис ривоят қилган шахсдир. Ундан сўнг Мисрга Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Бадр Боҳилий, Али ибн Аҳмад Аллон ва Абу Жаъфар Таҳовий олиб киришди.

Абу Али Баззоз Дамашқда Муҳаммад ибн Хураймдан ва Ҳишом ибн Амморнинг бир гуруҳ шогирдларидан ҳам ҳадис эшитган. Нишопур шаҳрида эса Абу Ҳомид ибн Шарқий, Маккий ибн Абдондан ҳадис эшитган. Унинг ҳадис талаби билан кўплаб юртларни кезиб юришига ўзининг тижорати ортидан тирикчилик қилиши унга қўл келган.[1]

Абу Али Баззоздан Абу Абдуллоҳ ибн Манда, Абдулғани Аздий, Али ибн Муҳаммад Даққоқ, Абдураҳмон ибн Умар ибн Наҳҳос, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Асад Қуртубий, Абу Жаъфар ибн Авнуллоҳ ва Қози Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муфаррижлар ҳадис ривоят қилишган.

Ибн Ҳазм Абу Али Баззознинг сайланмаси (Саҳиҳи)ни мақтаб гапирган. Унда ғариб ҳадислар ҳам бор.[2]

Ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Асад Жуҳаний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яҳё ибн Муфарриж ва Абу Жаъфар ибн Авнуллоҳлар ривоят қилган.[3]

Абу Али Баззоз 353 йилнинг муҳаррам ойида вафот этган.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг Ҳофиз Ибн Сакан қилган ривояти

 Ибн Саканнинг ривояти Андалус шаҳрида кенг тарқалган бўлиб, учта йўл орқали етиб келган. Улар:

Биринчиси: Абдуллоҳ ибн Асад Жуҳаний (ваф. 310/922-395/1005).

Иккинчиси: Абу Абдуллоҳ ибн Муфарраж (ваф. 315/927-380/990).

Учинчиси: Абу Жаъфар ибн Авнуллоҳ (ваф. 300/912-378/988).

Мазкур уч шахс Шарқ ўлкаларига сафар қилган вақтида Мисрда Абу Али Саид ибн Сакан билан учрашишган ва ундан ҳадис эшитиб, сўнг Андалусга қайтганлар. Одамлар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Жуҳаний (ваф.395/1005)дан ўзи эшитган ҳадисларни ривоят қилиб беришини илтимос қилишганда у бош тортган ва: “Модомики, менинг икки нафар (сабоқдош) шеригим ҳаёт экан, мен ҳадис ривоят қилмайман”, деган. Шериклари вафот этгач, ҳадис ривоят қилиш учун илм мажлиси ташкил қилган ва одамлар ундан ҳадис эшитганлар.[4]

Юқорида номлари зикр қилинган уч муҳаддис Андалусдан бўлган. Шунинг учун ҳам бу ривоят Андалусда машҳур бўлиб кетган. Абу Али Жайёний шундай дейди: “Дарҳақиқат, “Ал-жомиъ”ни Ибн Сакандан андалуслик бир гуруҳ шахслар ривоят қилишган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яҳё ибн Муфарраж, Абу Жаъфар Аҳмад ибн Авнуллоҳ ва бошқалар ана шулар жумласидандир. Уларнинг барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”.[5]

[1] Сияру аъломин нубалои, 16-жилд, 117-бет. Тарихул ислом, 8-жилд, 55-бет.
[2] Сияру аъломин нубалои, 16-жилд, 118-бет.
[3] Тарихул ислом, 8-жилд, 55-бет.
[4] Ас-сила, 1-жилд, 245-бет.
[5] Тақйидул муҳмал, 3-жилд, 1068-бет.
Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …