Ҳадис илми тарихи ва унинг тадрижий босқичларини ўрганиш, суннат ва ҳадисга нисбатан нохолис билдирилган фикрларга қарши муносиб жавоб бериш зарурий талаблардан биридир. Зеро, ҳадис илми Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг муборак сўзлари Қуръони каримдан кейинги асл манбадир. Ислом шариатига мувофиқ иш тутган олимлар ва барча мусулмонлар бу манбанинг ҳақлиги ва саҳиҳлигини тасдиқлаган. Суннат ва ҳадиснинг мақоми мусулмонлар ҳаётида муҳим бўлиб, Қуръони каримни тушуниш, унинг маънолари ва дақиқ масалалар ҳукмини ҳадисларсиз англаш мушкулдир.
Ҳадисларга нисбатан танқидий фикр билдирилиши ва секин-асталик билан мусулмонлар онгига сингдирилишига бўлган ҳаракатлар бу мавзуни янада кенгроқ ўрганишга сабаб бўлмоқда. Айниқса, бу танқидлар “Саҳиҳул Бухорий” асари атрофида бўлаётгани ҳар бир шахсни янада ҳушёр бўлишга ундаши керак. “Саҳиҳул Бухорий” ва ундаги ҳадисларга нисбатан мусулмон умматида шубҳа уйғота олса, бошқа ҳадислар бўйича тасниф этилган китобларга ишончни йўқотиш янада осон кечади. “Саҳиҳул Бухорий” саҳиҳлиги жиҳатдан Қуръони каримдан кейинги манба сифатида эътироф этилган. Шунинг учун бу таъна ва танқидлар бутун ҳадис илмига, Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатига қаратилгани маълум. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбар (с.а.в.) келтирганни олиш ва қайтарганлардан қайтишга буюрган.
وَمَآ ءَاتَىٰكُمُ ٱلرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَىٰكُمْ عَنْهُ فَٱنتَهُوا۟ وَٱتَّقُوا۟ٱللَّهَ إِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلْعِقَابِ
Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир.[1]
Мазкур мавзу доирасида ҳадисларга нисбатан танқидий, таъна ва шубҳага асос бўлаётган сабабларни келтириб ўтамиз. Мусулмонлар орасида суннат ва ҳадисга шубҳа уйғотиш, бу орқали муқаддас динимиздан узоқлаштириш, ислом шариатини иккинчи манбасига шубҳа пайдо қилишдан бошқа нарса эмас. Замонамиз олимларидан Мустафо Зуҳайли бу ҳақда шундай деган: “Ким шариатни ҳадиссиз ўрганишни даъво қилса, у шариатни нуқсонга бурибди. Агар у шариатни Қуръонсиз ўрганишни даъво қиладиган бўлса, шариатни томирини кесибди”.[2]
Бу каби тоифаларнинг тарихи ва келиб чиқишига назар ташласак, барчасини мақсади бир бўлиб, асл манбадан узоқлаштириш, уни тан олмаслик, ўз ғоя ва мафкураси, ақлий тафаккурига тўғри келмаган шариат манбаларига амал қилмаслик бўйича тарғиботларни кўришимиз мумкин. Ҳадисларга танқидий ёндашув нафақат тарихда, балки ҳозирги кунда ҳам баъзи мусулмон ва ғарб олимлари томонидан амалга оширилмоқда. Мусулмон олимларининг мақсади суннат ва ҳадисни тўқима, ёлғон ва исноди заиф ҳадислардан ҳимоя қилиш бўлса, баъзи тоифалар ва ғарблик олимларнинг мақсади эса суннат ҳамда ҳадисни манба сифатида рад этиш эканини кўриш мумкин.
Қуйида тарихий ва замонавий тоифаларнинг ҳадис-суннатга танқидий, шубҳа ва таънага йўғрилган фикрлари билан танишамиз:
Биринчи гуруҳ хаворижлар[3] бўлиб, улар ўзларининг ботил эътиқоди учун суннатни тарк этган, саҳобийларни лаънатлаб, уларга эргашмаган ислом тарихидаги илк тоифа эди. Саҳобийларга эргашиш ҳам суннат эканини улар очиқ инкор этади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Менинг саҳобийларим худди юлдуз кабидир. Уларнинг қай бирига эргашсангиз ҳидоят топасиз”[4], деган сўзларига амал қилмаганлар ҳам ушбу хорижийлардир. Муовия ибн Суфён ва Али ибн Толиб ўртасидаги таҳким[5] воқеасига рози бўлган ва бу икки саҳобага эргашган барча саҳобийларни ҳам динсизликда ва фисқда айблаганлар ҳам айнан хорижийлардир.
Шундан сўнг хорижийлар саҳобийлар томонидан ривоят қилинган ҳадисларни рад қилди ва натижада улар ўзларининг мафкурасига мос ҳадисларни олиб, қолганини инкор этди. Булар Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадис ва суннатларидан юз ўгирган биринчи тоифа сифатида тарихда қолди.
Иккинчи тоифа мўътазилийлар[6] бўлиб, улар аҳли сунна эътиқоди йўналишига кўп ихтилоф қилган. Улар саҳобийлардан кўпини инкор этиб, улар айтган ҳадисларни ҳам рад этган ва ўзларининг қараши ва эътиқодига хилоф ҳадисларни инкор этган. Шафоат, қабр азоби, қадар, Аллоҳни қиёматда кўриш ва Унинг сифатлари тўғрисидаги ҳадислар мўътазилийлар томонидан рад этилган. Сабаби уларнинг эътиқодида айнан ўша масалалар инкор этилади ва унинг асоси бўлган ҳадислар ҳам рад этилади.
Ҳадис ва суннатни рад этувчи учинчи тоифа рофизийлар[7]дир. Улар ҳам бу борада энг ҳаддан ошган гуруҳ бўлиб, Пайғамбар (с.а.в.)нинг асҳобларини ҳақоратлаш, ҳаққига номақбул сўзларни айтиш, адолатсизлик ва ҳатто, баъзиларини динсизликда айблаш каби ҳолатлар уларнинг суннатда кўрсатилган ҳукмларга амал қилмаслигини билдиради. Улар қайси саҳобийни айблаган бўлса, унинг томонидан ривоят қилинган ҳадисларни ҳам рад этган. Ҳатто, рофизийлардан бўлган Кайлоний Абу Жаъфарга исноди билан қуйидаги ёлғон ривоятни келтиради: “Пайғамбар (с.а.в.) вафотидан сўнг Миқдом, Салмон ва Абу Заррдан бошқа барча инсонлар муртад бўлди”, деди[8]. Бу ривоят ҳам тамоман саҳобийларни ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмас.
Тўртинчи тоифа зиндиқийлар[9] бўлиб, улар ҳам ўз қарашларини ҳимоя қилиш мақсадида ислом дини манбаларини рад этиб келган. Уларнинг асосий мақсади исломни заифлаштириш, ҳадис ва суннатни ҳайбатини камайтириш ва мусулмонларни чалғитишдан иборат эди[10]. Давоми бор…