Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ ИЛМИЙ ВИҚОР ВА САЛОБАТНИ АСРАШ ҲАҚИДА

ИМОМ БУХОРИЙ ИЛМИЙ ВИҚОР ВА САЛОБАТНИ АСРАШ ҲАҚИДА

Баркамол авлод тарбиясида миллий маънавий мероснинг ўрни ва аҳамияти каттадир. Киши онгу шуурига чуқур сингдирилган илму маърифат, эзгу фазилатлар, одамийлик тамойиллари ҳаёти давомида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади.

Ислом динида ва улуғ аждодлар маънавий меросида инсониятнинг комилликка, бахт-саодатга эришуви илмий ва илоҳий билимлар уйғунлигида рўй бериши таъкидланади. Шу маънода аллома ва мутафаккирларнинг покиза ҳаёт тарзи ва илмда эришган улкан муваффақиятлари ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоят қилган)[1]. Ҳаётда инсон муайян мақсадга эришиш, орзу-ҳавасларга етишиш илинжида яшайди, яхши ниятларининг ижобатини сўраб, Аллоҳга юзланади. Юқоридаги ҳадисдан илтижонинг қабул бўлиш кафолати сифатида касб ва луқманинг ҳалол бўлиши шарт экани англанади.

Афсуски, бугунги жамиятда айримларнинг ушбу жиҳатга эътиборсизлигини кузатиш мумкин. Ҳаётда қандай йўл тутиш – ҳар кимнинг шахсий иши, албатта. Аммо кишининг ҳаёти ва фаолияти ҳалоллик, поклик, одиллик каби эзгу тамойилларга асосланмас экан, уни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Варроқ Муҳаммад ибн Абу Хотим раҳматуллоҳи алайҳ ёзади: “Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ деди: “Ҳадис талабида Одам ибн Абу Иёс ҳузурига борганимда маблағим тугаб, ўт ва барг ея бошладим. Буни ҳеч кимга билдирмадим. Учинчи куни бир бегона киши олдимга келиб бир халта тилла берди”[2].

Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг ана шундай оғир, ўта муҳтож ҳолда ҳам таъмадан тийилиб, ўз қадр-қимматини сақлагани тақвосининг юксаклигига яна бир далилдир.

Чунки ўзини англаган киши учун ўзгалар назаридан қолиш энг катта йўқотишдир. Бундайлар ҳар қандай вазиятда ҳам умри давомида мисқоллаб жамланган ноёб хазина, бисотидаги энг қимматли жавҳар ҳисобланмиш – шаън, қадр-қиммат, ор-номус, ишонч каби муқаддас туйғуларни покиза сақлашда қатъий туради.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг дарё орқали сафари чоғида у зот билан хушмуомалада бўлган бир кишига ишониб, гап орасида ёнида минг тилла борлигини ҳам аён қилади. Бироқ тонгда у киши: “Минг тилла солинган халтачам йўқолди”, деб дод солади. Кема назоратчилари тилла солинган халтачани қидиришга киришади. Имом Бухорий жойни тозалаш асносида билдирмасдан ўша халтани дарёга улоқтиради. Ҳеч нарса топа олмай, тинчи бузилган одамлар даъвогарни маломат қилади. Сафар якунида у киши Имом Бухорийдан: “Сиздаги минг тилла қаерга кетди?”, деб сўрайди. У зот: “Уларни дарёга улоқтирдим”, дегач, киши: “Шунча пулни-я?!, дея ҳайратланади. Имом Бухорий: “Ҳаётимдаги асл бойлик сиқа (ишончли)лик давлатидир. Озгина тиллани деб сиқа (ишонч)ликни қандай барбод қиламан?”, деб жавоб беради[3].

Такомилга интилган инсон шу тарзда доимо ҳаёти ва фаолиятининг хайрли бўлиши учун қайғурмоғи лозим. Чунки “ғам-ғусса, нохушлигу касалликларнинг барчаси қачонлардир киши билимсизлик туфайли қилган ёмонлик ва гуноҳларининг меваси, яъни ранж гуноҳнинг муқобили, қувонч эса Аллоҳни таниш ва эзгу ишларнинг мукофоти”[4] эканини яхши англамоғи даркор.

Бугунги глобаллашув даврида халқимизнинг азалий миллий қадриятлари ва улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросининг инсонпарварлик ва бағрикенглик моҳиятини ёшлар онги ва қалбига чуқур сингдириш комил инсонни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга юксак ҳурмат, илмга ва касб-ҳунар эгаллашга иштиёқ уйғотиш уларда юзага келаётган айрим беқарорлик ва иккиланишларни бартараф этишга хизмат қилади. Бунинг учун жамият аъзоларидан, аввало, ота-оналар, устоз-мураббийлар ва олимлардан ихлосли илм, ҳалоллик ва эзгуликка асосланган ибратли ҳаёт тарзи талаб этилади.

Бахтиёр ТУРСУНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Саҳиҳ Муслим. 2-жилд. Дору ихйоит туросил арабий. – Байрут: – Б. 703.
[2] Саҳиҳи Бухорий шарҳи. I жилд. – Т.: Hilol-Nashr, 2022. – Б. 26.
[3] Ўша манба. – Б. 25-26.
[4] Румий Ж. Ичингдаги ичингдадир: Фалсафий асар // Масъул муҳаррир Н.Комилов/.- Т.: Ёзувчи, 1997. – Б. 64.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …