Home / МАҚОЛА / ТИНЧЛИК ШАРЪИЙ МАҚСАД, ДИНИЙ ВА ДУНЁВИЙ ЗАРУРАТДИР

ТИНЧЛИК ШАРЪИЙ МАҚСАД, ДИНИЙ ВА ДУНЁВИЙ ЗАРУРАТДИР

Инсоният умр давомида эзгу мақсадларга эришиш учун доимо саъй-ҳаракатда бўлади. Орзу-умиди рўёби, фарзандлари камолотини кўриши учун энг зарур омил бу шубҳасиз тинчлик ва осойишталикдир.

Бугунги глобаллашув жараёни ҳар биримиздан юрт тараққиёти, авлодлар келажаги ва жамиятнинг эртанги куни учун қайғуриш, тинч ва осойишта ҳаётга рахна солаётган турли таҳдидларга биргаликда курашишни тақозо қилмоқда.

Келинг, тинчликни тарғиб қилишни уч қисмга бўлиб кўриб чиқсак:

биринчи – тинчлик, диний ва дунёвий манфаатлар;

иккинчи – тинчлик ва унинг ислом фиқҳидаги ўрни;

учинчи – хавфсизлик ва тинчлик ўртасидаги боғлиқлик.

Биринчи қисм: тинчлик, диний ва дунёвий манфаатлар

Ислом дини ўз моҳиятига кўра, ҳақиқат, тавҳид, эзгулик, адолат, хайрихоҳлик ва бағрикенгликка чақиради. Чин маънода унинг дунёда ёйилиши инсониятга адолат, хавфсизлик ва осойишталикни инъом қилиб, уни жаҳолат, адолатсизлик, тартибсизлик ва урушлар зулматидан сақлайди. Ислом фақат инсониятни бахтли қилишга хизмат қилади. Бу олий мақсадни амалга ошириш учун ислом тарғибот, тушунтириш, далилни асослаш йўлларига таянади. Динда ҳеч қандай мажбурлаш ва бўйсундириш йўқ. Аллоҳ таоло бир неча оятларда бу ҳақда марҳамат қилган: “Динда зўрлаш йўқ”[1], динсиз ёки бошқа диндаги одамни ўз динига мажбурлаб киритиш мумкин эмас. “Биз Сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат хақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик”[2], Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уни динга зўрлаб киргизиш эмас, балки динни тушунтириб бериш учун юборганини айтмоқда. “Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз”[3], Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, умматлар ҳам одамларни фақат тўғри йўлга чақириши мумкин. Уларни динга мажбурлаш ва устидан зўравонлик билан ҳукм юритиш Аллоҳ таолонинг амру ҳукмларига мутлақо зиддир.

Одамларни эзгуликка чақириш фақат тинчлик ва фаровонлик муҳити бўлгандагина муваффақиятга эришилади. Чунки ислом даъвати фақат хавфсизлик ва барқарорлик шароитидагина тарқалиб, кутилган самарани бера олади. Динни ниқоб қилиб, дин ва жамият тинчлигини бузиш аслида ислом динни ёмонотлиқ қилишга қаратилгани ойдек равшан. Бинобарин, тинчлик шариат мақсадлари ва манфаатларининг энг юқори поғонасида туради.

Инсониятнинг тинчликка эҳтиёжи сув ва ҳавога эҳтиёжи кабидир. Шунинг учун Қуръони каримда тинчликнинг ҳаётий зарурлиги ҳақида бир неча оятлар келган. Тинчлик Аллоҳ таолонинг бандаларига неъмати ва марҳаматидир. Ношукрлик эса Парвардигорнинг лаънати ва жазосига олиб боради. Ҳақ таоло айтади:

“Аллоҳ бир шаҳарни (Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ уни (аҳолисига) бу “ҳунарлари” сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни “тотиш”га мажбур этди”[4]. “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!”[5].

Қурайш ҳақида бундай деган: “Қурайш (аҳли)га қулай қилиб қўйгани учун, (яъни) уларга қишда (Яманга) ва ёзда (Шомга) сафар қилишни қулай қилиб қўйгани учун мана шу Уй (Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! Зеро, (У) уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавф (ва хатар)дан омон сақлади”[6].

“Эсланг, эй Иброҳим: “Эй Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, деди”[7].

(Эй Муҳаммад!) эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!”[8].

Бақара сурасидаги оятда Иброҳим алайҳиссаломнинг тинчлик дуоси дунё (ризқ) дуоси билан қўшилган. Иброҳим сурасидаги оятда эса тинчлик дуоси дин борасидаги дуо билан давом этади. Бу дин манфаатлари ҳам, дунё манфаатлари ҳам тинчликка боғлиқлигидан далолат беради.

Шунинг учун У зот алайҳиссалом Макка мўминлари учун тинчлик ва кенг ризқ сўраб дуо қилган. Чунки у ерда на дарахт, на экин ўсади. Тинчлик бўлмаса, озиқ-овқат кириб келмайди. Озиқ-овқатсиз эса ҳаёт бўлмайди.

Бу – дунё нуқтаи назаридан эди. Аммо дин нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, агар юрт тинч бўлса, мўл-кўлчилик бўлади. Шунда одамлар Аллоҳ таолога кўпроқ итоат ва ибодат қилади. Агар тинчлик бўлмаса, одамлар ибодатдан чалғийди ва фақат тинчликка даъват билан овора бўлиб қолади.

Бошқа томондан олганда, Аллоҳ таоло ўша Уй (Каъба)ни одамлар учун зиёрат қилиб тўймайдиган макон қилиб қўйган. Каъба ва унинг тевараги тинч бўлсагина одамлар у ерга бора олади. Бемалол ҳаж амалларини бажаради. Шу буюк ибодатни бажариш учун, албатта, тинчлик бўлиши зарур. Демак, осуда ҳаёт ва ибодатларни тўлиқ адо этиш фақат тинчлик ва осойишталик биландир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, (У Зот) бу ишни охирига етказади, ҳатто отлиқ Аллоҳдан ўзгадан ёки суруви учун бўридан қўрқмаган ҳолда Санъодан Ҳазрамавтга борадиган бўлади”,[9] деганлар.

Эй мўмин-мусулмон биродарлар, тинчликни пировард мақсадга айлантирайлик! Тинчлик – ҳар томон ёйилиши ва дунёни яхлит қоплаши билан комилдир. Тинчликсиз бирор нарсага эришиб бўлмайди.

Иккинчи қисм: тинчлик ва унинг ислом фиқҳидаги ўрни

Мусулмон фақиҳлари хавфсизликнинг аҳамиятини барча диний ва дунёвий манфаатлар тинчликка боғлиқлиги нуқтаи назаридан сўз юритадилар. Буни давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири деб билганлар. Ким халқнинг тинчлик борасидаги ҳақ-ҳуқуқларини эслатса, ҳаётий зарурат бўлган озиқ-овқат таъминотидек ўта муҳим масаладан ҳам олийроқ амални бажарган бўлади. Тинчлик таъминланса, одамлар ризқ топиш, ўз юмушларини рисоладагидек бажариш имконига эга бўладилар. Тинчлик бўлмаган жойда эса буларнинг барчаси имконсиз бўлиб қолади ва кундалик ҳаёт тарзи ҳам остин-устун бўлиб кетади. Одамларда танглик пайдо бўлиб, меҳр-оқибат йўқолади. Давлат тузилишига путур етади, жамият пароканда бўлади. Тартибсизлик, бошбошдоқлик авж олади. Диний ва дунёвий манфаатлар поймол бўлади. Бунининг олдини олиш, тинчликни таъминлаш давлатнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Имом Мовардий ушбу масалани раҳбарнинг халқ олдидаги вазифаси эканини таъкидлаб: “Одамлар ўз ҳаётини ўзи бошқариши, жони ва мол-мулкини хавф-хатардан холи қолдирган ҳолда саёҳатларга бемалол бориши учун давлат ва раҳбар инсонларни ҳимоя қилиши, зарур шарт-шароитни яратиб бериши”[10] лозимлигини зикр қилган. Икки Ҳарами шариф имоми Абдулмалик Жувайний “Ғиёсул умам” асарида шунга ўхшаш фикрни айтган. Имом Мовардий машҳур “Адабуд дунё вад дин” асарида бундай деган: “Тинчликка эришиш бу шундай ҳолатки, унда қалблар хотиржам бўлади, ташвишлар йўқолади. Унда бегуноҳлар яшайди ва заифлар таскин топади. Қўрқиб яшаган кишида ором, хавфсираган кишида эса хотиржамлик бўлмайди”.

Баъзи донишмандлар тинчлик энг самарали, фаровон ҳаёт, адолат эса энг кучли қўшин эканини айтган. Чунки қўрқув одамларни манфаатлардан тўсади. Маъқул ва мақбул турмуш тарзига тўсқинлик қилади. Жисму жонини хотиржам қиладиган ва жамиятларини тартибга соладиган моддий сабаблардан тўхтатади”[11].

Ибн Ризвон Моликий “Аш-Шаҳбул ломиа фис сиёсатин нофиа” асарида: “Мамлакатларнинг энг ёмони тинч бўлмаганидир”, деган.

Мовардий эса бундай деб таъкидлаган: “Билингки, дунёнинг тўғрилиги унинг тартиб ва тизимга солинган ишлари биландир. Унинг олти қоидаси бор, булар: эргашиладиган дин, кучли ва одил раҳбар, кенг қамровли адолат, тинчлик, доимий унумдорлик ва катта умид”.

Учинчи қисм: тинчлик ва хавфсизлик ўртасидаги боғлиқлик

Хавфсизлик ва тинчлик яхлит бир ҳодиса саналади. Сулҳ ҳам тинчлик омилидир. Хавфсизлик бор экан, тинчлик бўлади. Хавфсизлик қўрқувнинг зиддини, тинчлик манфаатни билдиради. Хавфсизликнинг ҳаммага фойдаси тегадиган натижаси бўлмаса, бу ҳақиқий хавфсизлик эмас.

Ислом тинчликка чақиради, тинчликни тарғиб қилади. Тинчликни инсонлараро, жамиятлар ва давлатлараро муносабатлар учун асос, замин деб ҳисоблайди. Ҳар доим том маънодаги тинчликка интилишга чорлайди.

Аллоҳ таоло бундай деган: (Эй Муҳаммад!) агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сиз ҳам мойил бўлинг. Аллоҳга таваккул қилинг, албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир”[12].

Аллоҳ таоло набийига душманлар тинчлик-сулҳни таклиф қилса, қабул қилишни буюрган. Қарама-қарши томон астойидил тинчлик битимини сўраса, орадаги адоватга қарамай, тинч ҳаётга қайтишга тўсқинлик қилмайди. Ана шу ҳақиқий тинчликдир.

Гарчи муфассирларнинг бу оят ҳақидаги фикрлари турлича бўлса-да, асосий хулоса шуки, тинчлик битими мусулмонлар манфаатлари доирасида бўлади. Оятнинг зоҳирий маъноси шундай. Баъзи муфассирлар унинг насх бўлганини, айримлари насх бўлмаганини айтган. Саддий ва Абу Зайд айтганки, “Оятнинг маъноси бундай: “Сизни сулҳга чақирса, ижобат қилинг”. У насх бўлмаган”. Ибн Арабий бундай деган: “Агар мусулмонлар учун сулҳда фойда келтирадиган ёки зарарни кетказадиган манфаат бўлса, улар сулҳни биринчи бўлиб бошлашида зарар йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хайбарликлар билан сулҳ тузганлар. Улар шартларни бузгандан сўнг сулҳ бекор бўлган. Шунингдек, Замрий, Акайдир Дума ва Нажрон аҳллари билан ҳам сулҳ тузилган”[13]. Қуртубий бундай фикр билдирган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва ундан кейинги кўп раҳбарлар даврида ажам ўлкалари билан улардан бирор нарса олмаслик ва ўзидаги нарсаларни ўзида қолдиришни назарда тутувчи сулҳ тузганлар. Гарчи, уларни йўқ қилиб юборишга қодир бўлган эса-да”[14].

Аллоҳ таоло мўмин бандаларини исломга, яъни тинчликка тўлиқ киришга чақирган ва шайтонга эргашишдан огоҳлантириб: “Эй имон келтирганлар! Исломга тўлиғича кирингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!”[15] деган. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига, агар динда уларга қарши бўлганлар жанг қилишдан тўхтаб, сулҳ тузса, улар билан уруш қилишга йўл йўқлигини баён этиб, бундай марҳамат қилган: “Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга бунинг зиддига (улар билан уруш қилишга) йўл бермас”[16]. Сўнг Аллоҳ таоло агар улар тинчлик деган асосий тамойилга риоя қилмай, душманлик ва уруш йўлини тутса, бунга қандай муносабатда бўлиш мумкинлигини бундай баён қилган: “Агар сиздан четланмасалар (холи қўймасалар), сизга тинчликни таклиф қилмасалар ва қўлларини тиймасалар (тортмасалар), бас, уларни тутинг ва қаерда топсангиз ҳам қатл этинг. Ана ўшандайлар устидан (ҳукм қилишингиз учун) сизга очиқ ҳақ (изн) бердик”[17]. Ибн Жарир Мужоҳиддан ривоят қилишича, бу ояти карима маккалик бир қавм ҳақида нозил бўлган. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, риё учун “мусулмон” бўлар эди. Сўнг қурайшликлар олдига бориб, улар билан бирга бутларга ибодат қиларди. Шу тариқа икки томондан ҳам омон қолмоқчи бўлар эди.

Бу ўринда Аллоҳ таолонинг: “Ана ўшандайлар устидан (ҳукм қилишингиз учун) сизга очиқ ҳақ (изн) бердик” деган сўзларига тўхталиб ўтиш лозим бўлади. Чунки, ушбу ҳақ бизга жанг қилиш учун очиқ-ойдин ҳужжат ва аниқ далил бўладими, деган савол пайдо бўлади. Ибн Одил Дамашқий бундай деган: “Бу оят шундан далолатки, агар улар жанг қилишдан воз кечиб, биздан сулҳ сўраса ва азият беришдан тийилса, уларга қарши уруш қилишимиз жоиз эмас”.

Қуйидаги оятларда ҳам шунга ўхшаш ҳукмлар бор: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас”[18].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга умра қилиш учун Макка томон йўлга чиқдилар ва Макка яқинидаги Ҳудайбия деган жойга тўхтадилар. Бу ўша ердаги бир қудуқнинг номидан олинган. Мушриклар у зот алайҳиссаломни Байтуллоҳга киришдан тўсгани учун Ҳудайбияда бир ой қолиб кетдилар. Сўнг мушриклар билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу гал қайтиб кетиб, келаси йили келсалар, Маккани у зот алайҳиссалом учун уч кун бўш қолдириш тўғрисида сулҳ тузилди. Бундан ташқари, улар у зот алайҳиссалом билан ўн йил уруш қилмаслик тўғрисида ҳам битим тузди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қайтиб кетдилар. Кейинги йили (умранинг) қазосини ўташ учун яна йўлга чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мушриклар улар билан уруш қилишидан хавотирланиб, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни хушламадилар.

Юқоридаги барча оятлар адолатни тақозо этади ва тинчликка хизмат қилади. Улар негизида сулҳ (тинчлик) билан хавфсизлик ўртасида ўзаро боғлиқлик, узлуксиз ва мувозанатли алоқа намоён бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, муқаддас Ислом таълимотини соф ҳолатда етказиш ва уни бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган дин душманларига маърифий услуллар билан қарши курашишни янада фаоллаштириш зарурдир. Шундагина юртдаги тинч ва осуда ҳаёт барақарор бўлади. Зеро, тинчлик ҳукмрон юрт ҳар томонлама юксалишга эришади.

[1] Бақара сураси, 256-оят.
[2] Аҳзоб сураси, 45-оят.
[3] Ғошия сураси, 21-22-оят.
[4] Наҳл сураси, 112- оят мазмуни.
[5] Бақара сураси, 155-оят мазмуни.
[6] Қурайш сураси мазмуни.
[7] Бақара сураси, 126-оят мазмуни.
[8] Иброҳим сураси, 35-оят мазмуни.
[9] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. Ж.4. 3612-ҳадис. –Тошкент: Hilol-Nashr, 2018. –Б. 628.
[10] Абулҳасан Мовардий. Ал-Аҳкоус султония. – Қоҳира. Дорул ҳадис, 2006. –Б. 40.
[11] Абулҳасан Мовардий. Адабуд дунё вад дин. – Байрут: Дорул минҳож, 2013. –Б. 231.
[12] Анфол сураси, 61-оят мазмуни.
[13] Қуртубий. Ал-Жомиъул аҳкомил Қуръон. Ж.10. –Байрут. Муассасатур рисола, 2006. –Б. 64.
[14] Қуртубий. Ал-Жомиъул аҳкомил Қуръон. Ж.10. –Байрут. Муассасатур рисола, 2006. –Б. 63.
[15] Бақара сураси, 208-оят мазмуни.
[16] Нисо сураси, 90-оят мазмуни.
[17] Нисо сураси, 91-оят мазмуни.
[18] Мумтаҳана сураси, 8-оят мазмуни.
Қодирхон МАҲМУДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
 

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …