Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-МАНОР” – УСУЛ УЛ-ФИҚҲГА ОИД НОДИР МАНБА

“АЛ-МАНОР” – УСУЛ УЛ-ФИҚҲГА ОИД НОДИР МАНБА

Усул ул-фиқҳ фани далиллар ва ҳукмларга оид фан бўлгани боис, бу илмни тўлақонли англаш кишидан катта моҳирликни талаб қилганлиги сабабидан бу фанга оид асарларни мужтаҳид уламоларгина ёзишган. Маълумки, ҳанафий мазҳаби бўйича усул ал-фиқҳ илми Мовароуннаҳрда бир неча босқичларда ривожланган. Фахр ул-ислом Баздавий ва Шамсул-аимма Сарахсийлар ҳанафий мазҳабининг бу илмни энг юқори даражага олиб чиққан алломалар ҳисобланганлиги сабабли кейинги давр уламолари уларнинг “Канзул-вусул ила маърифатул-усул” ва “ал-Усул” китобларини ўрганишга ва шарҳлаш кенг эътибор қаратишган.

Насафдан етишиб чиққан забардаст олимлардан бири Абул Баракот Насафийнинг усул ул-фиқҳ илмига оид ҳанафий мазҳаби бўйича ёзилган “Манор” рисолалари эътимодли китобларнинг энг машҳурларидан деб тан олинган.

Лакнавийнинг маълумот беришича Абул Баракот Насафий унга бири қисқа, иккинчи катта ҳажмда шарҳ ёзади. Тадқиқотчи Д.Мақсудов ўз тадқиқотида зикр қилган Покистоннинг Акурахтак шаҳри «Дорул-улум ал-ҳаққонийа» кутубхонасида 4625/247 рақамида сақланаётган Абул Баракот Насафийга тегишли деб кўрсатилган Дирйатул-вусул ила илмил-усул» (Усул илмига етишиш йўли) асари ушбу шарҳлардан биридир[1].

Усул ул-фиқҳ бўйича Абул Баракот Насафий Баздавий ва Сарахсий асарларини бирлаштириб, “ал-Манор” асарини ёзади. Абул Баракот Насафийнинг шогирди Ибн Соатий (ваф. 694/1295) эса унинг ғоясини ривожлантириб, Усул ал-фиқҳда ҳанафийлардан Фахрул-ислом Баздавийнинг “Канзул-вусул” ва шофеъийлардан Омидийнинг “ал-Иҳком” асарларини жамлайди. Шу билан турли йўналишларни жамлаш анъанаси бошланиб кетади.

“Ал-Манор” асарининг тўлиқ номи “Манор ал-анвор фи усул ал-фиқҳ” бўлиб, кўпчилик уламолар шу жумладан муаллифнинг ўзи ҳам қисқартириб “Ал-Манор” деб юритган. Унинг таркиби Кириш, Қуръон, суннат баёни, таоруз ва ундан чиқиш йўллари, баён, мансух тарлар, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг феълларининг ҳукми, ваҳийнинг турлари ва ҳужжатлиги, биздан олдинги шариатлар, саҳобага тақлид қилиш, ижмоъ, қиёс, истисҳобул-ҳол, истиҳсон, ижтиҳод, иллатлар, ҳукмлар ва аҳлия ҳақидаги боблардан иборат. Муаллиф асарида ортиқча таъриф ва изоҳлардан сақланиб, бобларга оид маълумотларни қисқа, лўнда ифодалашга ҳаракат қилган.

Муаллиф 1-бобда Қуръони карим таърифини айтгандан кейин сўнг, лафзларнинг бирор маънога далолат қилишига кўра алоҳида бўлакларга бўлади. Улар хос, омм, муштарак ва муаввалдир. Буларни ҳам яна бир неча бўлакларга бўлади. Китобда мавзулар худди шарҳи каби “баҳс” шаклида берилиб, баҳслар йиғилиб “фасл” ларга айланади. Кўп ҳолларда ҳар бир баҳс сўнгидан Қуръони карим оятларидан ёки ҳадиси шарифлардан мисолларга ишора қилиб ўтади.

“Суннат” бўлимида бирдан суннатнинг қисмлари келтирилади. бу бобда бир жиҳатдан мусталаҳул-ҳадис илмига ҳам киришилган. Бу нарса ҳукмларни олишда хабарларни қай даражада етиб келиши ва улардан олинадиган ҳукмларнинг қуввати ҳамда ровийларнинг хабарни қабул қилиш ва адо этиш шартлари, ижоза каби масалалар айтиб ўтилган. Бундан ташқари ҳадислар ичидаги носиҳ ва мансуҳлари, улардан Усул ул-фиқҳда қандай ҳукм олиш ёки олмаслик жиҳати ойдинлаштирилган.

Асарнинг яна бир жиҳати ҳанафий мазҳабининг умумий қоидалари келтирилиб, шофеъий ва қисман моликий мазҳаби қарашларига ишоралар келтирилади.

Китобнинг “Ижмоъ” фаслида ҳам бирдан рукнлари, ижмо аҳли кимлиги ва унга ундовчи воситалар ҳақидаги баҳсларга киришилади. Мана шу фаслда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг феълларининг қайсилари фарз, вожиб, мустаҳаб ёки мубоҳ  бўлиши ҳақида мухтасар шаклда сўз юритилади.

Бундан сўнг усулнинг асосларидан бири қиёс ҳақида сўз юритиб, қиёснинг шартлари, турлари ва қиёсга доир бўлган Усул ул-фиқҳдаги қоидаларни келтиради.

Бу китобни бошқа Усул ул-фиқҳ китобларидан фарқли тарафларидан бири аввал Усул ул-фиқҳнинг асоси бўлган Китоб, суннат, ижмоъ, қиёсни келтирмай, балки аввало сўзни нимага далолат қилишини айтиб, “лафзлар” ҳақидаги баҳслар келтирилади.

Машҳур олим Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий ўзи “Фавоидул-баҳия фи тарожимил-ҳанафия” китобида: “Мен у олимнинг бир нечта таснифларидан жумладан, “ал-Вофий”, “ал-Кофий”, “Манор” ва унинг шарҳи бўлмиш “Кашфул-асрор” дан кўп фойдаландим”, дейди.[2]

Абул Баракот Насафийнинг “Манор” асарида Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари ўртасидаги баҳсли масалалар кўп зикр қилиниши баробарида, баъзан Имом Молик фикрларига йўл очиб берилган.

Асарнинг ҳажми 25 варақдан иборат 762-йил зулҳижжа ойининг охирида 762/1361-йил октябрда кўчирилган бир қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида 5243/1 рақами билан сақланмоқда. Шу билан бирга, унинг 10718 (1319 йилда Мирзо Муҳаммад Шариф ибн Қози томонидан кўчирилган) ва 8869 (812/1409 йилда Нур ибн Муҳсин Низомий томонидан кўчирилган) нусхалари ҳам мавжуд. Бу ердаги қўлёзма жами 3 тани ташкил етади.[3]

“Манор” асарига ёзилган шарҳлар. Абул Баракот Насафийнинг “Манор” асари илм аҳллари томонидан эъзозланиб, таълим муассасаларида ўқитилган, кўплаб шарҳ, ҳошия, қисқартма ва назмлар битилган. Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, ушбу асарга жами юздан ортиқ шарҳ, ҳошия ҳамда назмлар битилган. Мақола ҳажми чекланганлиги сабаб қуйида ушбу китоб шарҳларининг энг машҳурларидан баъзиларини санаб ўтамиз:

  1. “Кашфул-асрор фи шарҳил-манор”. Бу муаллифнинг ўз асарига ёзган илк шарҳи бўлиб, бу шарҳ барча шарҳларнинг гултожидир. Бу асар бир нча марта, шу жумладан 1406/1986 йилда Байрутда “Нурул-анвор” номли  “Манор”нинг бошқа бир шарҳи  билан нашр қилинган.
  2. Жамиъу-ласрор фишарҳилманор.[4] Асар муаллифи Қовамуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Санжорий Кокий ҳанафий (ваф. 749/1348 ҳ.) усул ал-фиқҳ олимларидан бўлиб, Абул Баракот Насафийнинг энг яқин шогирди ҳисобланади.
  3. “Ифозатуланвор фи изоати усулилманор”. Китоб муаллифи Саъдуддийн АбулФазоил Маҳмуд ибн Муҳаммад Деҳлавий(ваф. 891/1486 й.).
  4. “Ифозатуланвор шарҳул-манор”. Китоб муаллифи шайх муҳаммад Алоиддин ал-Ҳаскафий ал-ҳанафий (ваф.1088/1677й.). у ҳанафий мазҳаби фуруъига оид машҳур китоблардан бири “дуррул-мухтор” асарининг муаллифидир. унинг биринчи нашри 1300/1883-йилда Истанбулдаги “Муҳаммад Асад” нашриётида, Қоҳирадаги “Дарул-кутубил-аробийя” нашриётида ҳам 1328/1910-йилда, Қоҳирадаги “Мустафо ал-Бобий ал-Ҳалабий” нашриётида 1399/1979-йилларда бир неча бор босилган.
  5. “Насаматуласҳор шарҳ ифозатул-анвор”. Китоб муаллифи “ибн Обидийн” номи билан танилган аллома Муҳаммад Амин ибн Умар аш-Шомийдир (ваф. 1252/1836й.). У бир неча марта Қоҳира, Каратчи, Истанбул ва Байрутнинг нашриётларида чоп этилган.
  6. “Нуруланвор фи шарҳилманор”.муаллифи Мулла Жийван деб танилган Аҳмадибн Абу Саъийд Абдуллоҳ ибн Абдурраззоқ Содийқий Ҳиндий(ваф.1130/1718 й.).

Айнан шу шарҳ ҳозирги кунда юртимизнинг айрим диний ўқув юртларида усулул-фиқҳ фанидан дарслик сифатида кенг фойдаланиб келинмоқда.

  1. “Қувтул ахёр шарҳ нурил-анвор”. Асар муаллифи фазилатли шайх Исломул-Ҳақ Асъадий музоҳирийдир. Муаллиф уни арабчадан урду тилига таржима қилиб, сўнг батафсил шарҳлаган. У карачида чоп этилган.
  2. “Хулосатул-анвор шарҳ нурил-анвор”. Асар муаллифи муфтий Абдулғафур ҳазрат. Ушбу асар ҳам “нурул анвор”нинг урду тилидаги шарҳи ҳисобланади. У покистон пойтахти карачида чоп этилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, биргина рисолага ёзилган кўплаб шарҳлар унинг нақадар юксак қийматга ва чуқур маънога эга эканидан далолат қилади. Бу каби асарларни тадқиқ қилиш бугунги кунда юртимизда исломий илмларнинг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
  1. Мақсудов Д. Абул-Баракот Насафийнинг тафсир илмида тутган ўрни: Тар. фан. ном. … дисс. автореф. – Т.: ТИУ, 2008
  2. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Фавоидул-баҳия фи тарожимил-ҳанафия, – Қозон: Типография императорского университета,
  3. Ҳожи Халифа (Исмоил Пошо). Ҳадийятул-орифийн. – Байрут: Иҳёут-туросил-арабий, 1884
  4. Уватов У. Юртимиз алломалари. – Тошкент: Ниҳол, 2014.
  5. Абул Баракот ан-Насафий. Манор ал-анвор фи усул ул-фиқҳ. – Мадинатул Мунаввара: Дор ас-Сирож, 2011.
  6. Ислом энциклопедияси. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 2017.
  7. 100 Марказий Осиё мутафаккирлари – Тошкент: Янги Нашр, 2011.
Шаҳодат ТЕМУРОВА,
Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …