Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Имом Бухорийнинг энг муҳим ва машҳур асари “Ал-Жомеъ ас- саҳиҳ” асаридир. Бу асарнинг тўлиқ номи “ал-Жомеъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умурил Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва сунаниҳи ва айямиҳи” деб номлаган.

Асар ҳадис илмида ва мусулмонлар орасида қисқача “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, аксар ҳолларда эса “Саҳиҳул Бухорий” номи билан машҳур экани маълум. Уламолар бу асарни Қуръони Каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб деб биладилар.[1]

Ҳадис китобларининг ўттиздан ортиқ турлари мавжуд. Улар ўзларининг йўналишлари ва мақсад қилинган мавзуларининг қамровига қараб ўзаро фарқланади.

Биринчи тур ҳадис китоби “Жомеъ” дейилади. Ўзида саккиз мавзудаги ҳадисларни жамлаган ҳадис китоби “жомеъ” деб номланади. Ўша саккиз мавзу қуйидагилар:  Сийрат, одоб, тафсир, ақоид, фитналар, қиёмат белгилари, фиқҳий ҳукмлар ва маноқиблардир.[2]

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” тўплами юқорида зикр қилинган кўплаб илмларга оид ҳадисларни ўз ичига олса-да, тафсир ва қиёмат белгиларига оид ҳадислар мавжуд бўлмагани боис у “Жомеъ” деб аталмаслигини Муборакфурий “Туҳфа Аҳвазий” асарида қайд этиб ўтади.[3]

Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг “Сунан” номи билан машҳур бўлган “ал-Жомеъ ал-мухтасар мин ас-сунан ан Расулиллаҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)” асари юқорида кўрсатилган саккиз мавзунинг барчасини ўз ичига олади. Бу асар шу жиҳатдан Имом Бухорийнинг асарига ўхшайди. Шундан келиб чиқиб уни “Жомеъ” дейиш ҳам мумкин бўлади. Шу билан бирга унинг боблари фиқҳ китобларининг тартибига мувофиқ бўлгани учун “Сунан” ҳам деб номланади.

Бу ҳақда Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий қуйидагиларни айтади:

“Аҳли ҳадислар ҳадис илмини девонга киритиб, тасниф қилганларида уни тўрт фандан иборат қилганлар:

  1. Суннат фани. Яъни фиқҳга оид нарсалар. Моликнинг “Муватто”си ва Сўфённинг “Жомеъ”сига ўхшаш китоблар.
  2. Тафсир фани. Ибн Журайжнинг китобига ўхшаш.
  3. Сийрат фани. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг китобига ўхшаш.
  4. Зуҳд ва Рақоиқ. Ибн Муборакнинг китобига ўхшаш.

Имом Бухорий мазкур тўрт фанни бир китобда жамлашни ирода қилди. Шу билан бирга, имом Бухорий ўзидан олдинги ва замондош уламолар саҳиҳлиги ҳақида ҳукм қилган ҳадисларнигина олишни йўлга қўйди. Санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган ҳадисларнигина олишни раво кўрди. Китоблардаги баъзи асарлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳадисга тобе бўлган ҳолдагина келган, асл бўлиб келмаган. Шунинг учун ҳам унинг китоби “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад” деб номланган.[4]

Имом Бухорий ўз замонасида мавжуд бўлган барча ҳадис тўпламларни риояси қилган, уларни жамлаган ҳолда фақат саҳиҳ ривоятлардан иборат асарни вужудга келтирди.

Иброҳим ибн Маъқалдан ривоят қилинади: “Имом Бухорийни ҳадисларни тўплашга ундаган нарса ҳақида ўзи: “Биз Исъҳоқ ибн Роҳавайҳни ҳузурида эдик, Исъҳоқ ибн Роҳавайҳ: “Бизга баъзи дўстларимиз: “Агар сизлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннат ҳадисларини жамлайдиган мухтасар бир китоб ёзсаларингиз”, деб айтди”, деди. Мана шу гап мени қалбимга ўрнашиб қолди ва ўша китобни жамлашга киришдим”, дейди.[5]

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Имом Бухорий устозидан эшитган бу гап саҳиҳ ҳадисларни жамлашга бўлган азмини қувватлади”, дейди.

Ибн Ҳажар яна бир сабаб айтади: “Биз имом Бухорийдан собит бўлган санад билан ривоят қилдик: “Имом Бухорий айтади: “Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. Мен у зотнинг олдиларида эдим. Қўлимдаги елпиғич билан у зотдан ҳашаротларни ҳайдаб турардим. Сўнгра бу тушини туш таъбирини биладиган кишилардан сўрадим. Улар: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотга нисбат берилаётган ёлғонлардан ҳимоя қиляпсан” – деб айтдилар. Ана ўша туш мени “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асаримни ёзишга ундади”.[6]

Демак, ушбу зикр қилинган икки сабаб ҳам Имом Бухорийни “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарини тасниф қилишга ундаган деб биламиз. Бу икки сабаб бир-бирига муориз келмагани учун бир вақтда икки сабаб жам бўлиши мумкин бўлади.

Имом Бухорий: “Бу “Ал-Жомеъ ас- саҳиҳ” асарини ўн олти йилда ёзганман ва олти юз минг ҳадисдан чиқариб олганман ва буларни ўзим билан Аллоҳнинг ўртасида ҳужжат қилдим” – деб айтган.[7]

Жомеъда 97 та китоб, яъни мавзу бор. Боблари эса 3918 та. Мавзуга алоқаси бўлгани учун баъзида мавзу ичига оятларни ҳам келтирган.

Имом Бухорий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан эканлиги саҳиҳ бўлган ҳамма ҳадисларни жамлашни мақсад қилмаганлар. Чунки бу иш жуда узоқ вақт ва меҳнат талаб қилади. Имом Бухорий буни ўзлар очиқ-ойдин айтадилар: “Бу китобимга фақат саҳиҳ ҳадисларни киритдим ва яна саҳиҳ ҳадислардан кўпроғини тарк қилдим”.[8] Лекин Имом Бухорий бир бобдаги асл ҳадисни тарк қилса, албатта уни ўрнига бошқа бир ҳадис келтирган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарида жамланган ҳадисларнинг адади борасида бир оз хилоф бор. Ҳофиз Абу Амр Усмон ибн Абдураҳмон “Муқадимату ибн Салоҳ” китобида: “Бухорийнинг саҳиҳидаги ҳамма ҳадислар етти минг икки юзи етмиш бешта. Агар ундан такрорланувчи ҳадисларни чиқариб ташланса, тўрт мингта қолади”, дейди.[9]

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарини бобма-боб тўлиқ ўрганиб чиқиб айтади: “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарида етти минг уч юзи тўқсон еттита ҳадис бор. Такрорлар, таълиқ ва мавқуф ҳадисларни чиқарганда икки минг беш юзи ўн учта ҳадис бор”.[10]

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарида жамланган ҳадисларнинг адади борасида  мазкур ихтилофлар уни ўрганувчи имомларнинг назари турли бўлганидан келиб чиқиши мумкин. Баъзи имомлар мутобиат ҳадисларни ўзидан олдинги ҳадисга қўшиб ҳисоб-китоб қилса, бошқалар уни алоҳида ҳисоблаган. Яна “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг нусхалари турли бўлганлиги ҳам мазкур ихлтилофга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Аслида ҳадисларнинг рақами имом Бухорий томонидан қўйилмаган, шунинг учун мазкур ихтилофлар келиб чиқиши табиий нарса бўлади. Бугунги нашр қилинган оммавий тарқалган нусхаларда 7563 ҳадис рақамланган эканлигини ҳам қайд қилиш керак.

Шу ўринда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ўзида саҳиҳ ҳадисларни ўзида жам қилган экан, ҳадис саҳиҳ бўлиши имом Бухорийнинг ўз шартлари борлигини ҳам билишимиз керак.

Мусталаҳул ҳадис илми уламолари истилоҳида “Саҳиҳ ҳадис – санади бошидан охиригача адолатли ва зобтли киши ўзига ўхшаган адолатли ва зобтли кишидан муттасил (узлуксиз) санад ила нақл қилган ҳамда шоз ва иллатли бўлмаган ҳадисдир”.

“Санаднинг муттасил бўлиши.” Ҳадиснинг Ровийларидан ҳар бири ўзидан олдинги ровийдан тўғридан тўғри олган бўлсин. Санаднинг аввалги ровийдан бошлаб охиргисигача худди шундай бўлиши керак. Орада бирор киши тушиб қолмаслиги шарт.

 Имом Бухорий юқоридаги таърифга қўшимча равишда: “Ровий ўз шайхи билан бир марта бўлса ҳам учрашиши собит бўлиши керак”, дейди.[11]

Имом Муслим эса ровийнинг ўз шайхи билан учрашиши мумкинлигининг ўзини шарт қиладилар, учрашгани собит бўлиши шарт эмас. Ҳатто имом Муслим бу борада ижмоъ қилинганини ҳам даъво қилган. Шунга кўра имом Муслим ва унинг фикрини қўллаб-қувватлайдиган муҳаддислар муттасиллик борасидаги мана шу тушунчаларга биноан саҳиҳ, деб айтган ҳадисларни имом Бухорий саҳиҳ деб билмаган.[12]

Ҳадисни саҳиҳ бўлишида ровийнинг адолатли бўлиши. Адолат луғатда тўғрилик, мустаҳкамлик ва одилликни ифода этади. “Адолатли одам” деганда гапидан ва ҳукмидан рози бўлинадиган одам тушунилади.

Уламолар истилоҳида эса: “Адолат кишидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакадир”. Бошқа бир таърифда эса “Адолат диндорликни лозим тутишда ва тақво ҳамда мурувватни муҳофаза қилишга олиб борувчи малака бўлиб, ўз эгасининг содиқлиги ва омонатига ишонч қозонтиради”.

Ровийда адолат мавжуд бўлиши учун ундаги тўрт шартнинг бўлиши талаб этилади:

  1. Ислом;
  2. Балоғат. Балоғатга етмаганнинг ривояти қабул қилинмайди;
  3. Ақл, яъни соғлом ақлли бўлиши керак. Ақлида камчилиги бўлган одамнинг ривояти қабул қилинмайди;

Тақводорлик. Гуноҳ қилган, рухсат берилган бўлса-да инсоннинг олийжаноблик хусусиятига путур етказадиган ишларни қилганларнинг ривояти ҳам қабул қилинмайди;[13]

Давоми бор…

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. “Шарқ” нашриёти, 2011. Б-69.
[2] Абу Исо ат-Термизий. Сунани Термизий шарҳи. 1-ж. Тошкент “Irfonnashr” 2021. Б-143.
[3] Ал-Муборакфурий. Туҳфат ал-Аҳвазий. Муқаддима. – Байрут: Дор ал-фикр. Нашр йили кўрсатилмаган. – Ж. 1. – Б. 64-66.
[4] Олтин Силсила саҳиҳул Бухорий.   Ж.1.  Б.83.  “HILOL-NASHR”.2012.
[5] Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдулҳодий ад-Димашқий. “Ал-Фаваиду ад-Дарорий фий таржимати Имом Бухорий”. Дарун навадир. Б. 147.
[6] Доктор Тақиюддин ан-Надвий Музоҳирий. “Ал-Имам ал-Бухорий имамул ҳуффази вал муҳаддисин” дорул қалам. Дамашқ. Б. 86
[7] Аллома Абдусалом Муборакфурий. Сийрат ал-имом ал-Бухорий. -1. Дор олам ал-фавоид. –Б. 84.
[8] Ал-Ҳоким Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Муҳаммад Найсабурий. “Маърифатул улумул ҳадис”. Дарул кутуб илмийя. Байрут. Б. 59
[9] Ҳофиз Абу Амр Усмон ибн Абдураҳмон аш-Шаҳразурий. “Муқадимату Ибн Салоҳ”. “Саодаҳ” нашриёти. Миср 1326 – ҳижрий. Б. 8
[10] Шайх Муҳаммад Анвар Шоҳ Ал-Кашмирий. Ас-Самаҳ ал-Жарий ила жаннат ал-Бухорий. Мактабат  ал-ашарот ал-мубшшарот.Б-31
[11] Имом Муҳаддис Али ибн Султон Муҳаммад Ҳаровий ал-Қори. “Шарҳи шарҳи нухбатул фикар фи мусталаҳати аҳлил асар”. “Ittihad book depot”. Дебанд. Б. 274
[12] Шайх Муҳаммад Аввома .Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни.”HILOL-NASHR”нашриёти, 2018. Б-27.
[13] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. “HILOL-NASHR”нашриёти, 2019. Б-61.
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти,
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …