Ривоят қилишларича, Бухоро амири Холид ибн Аҳмад Зуҳалий Имом Бухорийга одам юбориб, саройга келиб, амир ва амалдорларнинг фарзандларига дарс беришни таклиф қилади. Бухорий бундан бош тортади. Холид яна элчи юбориб, китоблари билан тезда амир ҳузурига келишини буюради. Бухорий эса: “Илм излаб бормайди, илмни излаб келадилар”, деб жавоб беради. Шу маънода бундан буён юртимизга нафақат саёҳат қилиш, балки илм ўрганиш мақсадида ташриф буюрувчилар сони янада ортиши шубҳасиз.
Гап шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд вилоятида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби бунга тўла асос бўла олади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу марказ мамлакатимизга илм, барака олиб келади. Ёшларимизга билим, куч беради. Бу ерда ўқиганлар, зиёратга келганлар катта маънавият, маърифат олади.
Мазкур икки илмий даргоҳ фаолияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатлашдик.
– Бутун дунё Имом Бухорийни танийди ва тан олади. 1992 йил Мисрнинг Ал-Азҳар университетига таҳсил олгани борганимда рўй берган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Биринчи дарс танишув бўлганди. Ўшанда устозим мендан “Сиз қаердансиз?” деб сўради.
– Ўзбекистондан.
– Покистонданми? Хуш келибсиз!
– Покистон эмас, Ўзбекистон. Имом Бухорий юрти.
Шунда бир неча сония хонага сукунат чўкди.
Сўнг устозим мени ҳаммага қайтадан таништирди. Бағрига босиб, “Имом Бухорий ҳазратларига бўлган ҳурматимиз шунчалар чексизки, унинг юртидан келганларини ҳам эъзозлаймиз”, деди. Дарҳол Бухорий ҳақида гапириб беришимни сўради.
– Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё мусулмонлари Қуръондан кейин турувчи иккинчи китоб Бухорийнинг “Ал-жоме ас-саҳиҳ” китоби деб биламиз, – дедим.
– Сизлар ҳали ўз аждодингиз ким эканини яхши англамаган экансиз, – деди устозим. – Аввало, “Ал-жоме ас-саҳиҳ”га муносабатни ўзгартиринглар. Уни биринчи китобдан кейин турувчи биринчи китоб, деб айтинглар. Минг йил давомида ушбу ўқув даргоҳида Имом Бухорийдек олимни етказиб беролмадик. Бизнинг умидимиз Ўзбекистондан. Чунки ўзбек фарзандлари Бухорий авлодларидир. Сизларда унинг қони бор. Умид қиламизки, Бухорийнинг издошлари Ўзбекистондан етишиб чиқади.
Бу умид ушаладиган вақт келди. Самарқандда ташкил этилган илмий-тадқиқот марказининг номи бежиз Бухорий номи билан боғланмади. Бухорий ҳақида жуда кўп гапирилган. Аммо унинг асарлари таҳлил қилинмаган, мазмун-моҳияти ўқувчиларга етказилмаган. Биз ҳали ҳам аждодларимиз номини кўкрак кериб санаб юрибмиз. Лекин уларнинг илмини ҳануз етарлича ўзлаштирмадик.
Бухорий 600 минг ҳадисни тадқиқ этиб, “Илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам” деган хулосага келган. Уни биз шу вақтгача муҳаддис, деб билардик. Лекин Бухорий катта муаррих, буюк муфассир ҳам эди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида шу каби қимматли маълумотларни чуқур ўрганишга катта эътибор қаратилади. Жумладан, Қуръони карим оятларини қироат билан ўқиш, тўғри талаффуз этиш, араб имлосида ёзиш – каллиграфия бўйича мамлакатнинг етакчи олимлари дарсларини йўлга қўйишдан ташқари, хорижлик тадқиқотчилар учун малака оширишлар ташкил этилади. Марказда Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказиш ишлари амалга оширилади. Буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг мутафаккирлари Абу Мансур Ал-Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Қолаверса, Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканини бутун дунё билади. Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси ҳам айнан шу азим манзилда. Бухорий мақбарасини зиёрат қилувчилар бевосита илмий-марказ фаолияти билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда Самарқандда халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади. Бу 2019 йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда. Чунки конференцияга тайёргарлик иши аллақачон бошлаб юборилган ва ташриф буюрувчилар орасида Мисрнинг Ал-Азҳар университети уламоларидан тортиб, Европанинг етук олимларигача келиши кутилмоқда. Ушбу конференциянинг мантиқий давоми калом илмининг буюк мутафаккири Абу Мансур Ал-Мотуридийга бағишланади.
Марказ дунёга нима беради? Биз энди диний экстремизм, диний терроризм, деб айтишларига қарши чиқамиз. Ислом дини тинчлик дини эканлигини Бухорий ва Мотуридий қолдириб кетган улкан илмий-маънавий меросга таяниб исботлаб берамиз.
Биз Ҳадис илми мактабини ташкил этишда дунё тажрибасини ўргандик. Якунда Ал-Азҳар университети тажрибасини қўллашга қарор қилдик. У ерда ҳадисга ихтисослашган даража учун 7 йил таҳсил олинар экан. Ҳадис илми мактабида эса ўқув муддатини беш йил қилиб белгиладик. Чунки бизда тўрт йиллик Ислом таълимоти бўйича ўрта махсус билим юртлари бор. Ана шундай таълим даргоҳларида араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти юқори 10 нафар иқтидорли битирувчи Ҳадис илми мактабига саралаб олинади. Мактаб битирувчилари, насиб этса, йиллар ўтиб дунё танийдиган олим бўлиб етишади. Бунинг учун мазкур мактабда барча шарт-шароитлар яратилди. Бухорийнинг барча китоблари нусхалари юртимизга олиб келинди. Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади. Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган. Мактаб фаолияти 2019 йил сентябрь ойидан бошланади.
Манба: ЎзА