Айни кунларда Туркияда бўлиб турган Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” мавзусида ўтказилаётган халқаро симпозиум доирасида Бурса ва Анқара шаҳарларида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари томонидан Абдулҳамид Кешийнинг Ўзбекистонда илк бор ўзбек тилига таржима қилинган “Муснад” асари тақдимотларини ўтказди.
Тақдимот тадбирларида айни пайтда Марказда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва таржима ишлари ҳақида батафсил маълумот берилиб, “Муснад”нинг илмий-маънавий қиймати ва маърифий аҳамиятига эътибор қаратилди.
Савол-жавоблар асосидаги мунозараларда асарнинг яратилиш тарихи, муаллиф Абд ибн Ҳумайд Кеший сийрати, унинг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, таржима жараёнлари ва унда эътибор қаратилган жиҳатлар тилга олинди.
Тадбирларда иштирокчилар асарнинг ислом илмий меросида тутган юксак ўрнини эътироф этиб, ҳадислар моҳиятини англашга яна бир имкон яратилганидан мамнуният билдирди.