Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.
Бугунги кунда мустақиллик шарофати билан Ўзбекистонимизда миллий-диний қадриятларимиз тикланмоқда. Ҳар йили минглаб ватандошларимиз муборак Ҳаж ибодатларини юқори даражада ташкил қилинган шароитларда адо қилиб келмоқдалар. Шунингдек, Ўзбекистон Қуръон мусобақалари ўтказилмоқда. Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий диний савиясини ўсиши учун олиб борилаётган хайрли ишлар ҳаммамизга манзур бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ташаббуси билан Самарқанд Калом илми ва Ҳадис илми мактаби қошида ҳамда Имом Бухорий халқаро марказида “Қуръони карим ва тажвид” ва “Араб тили” бўйича ўқув курслари очилиши барча юртдошларимиз қатори менга ҳам катта қувонч олиб келди. Чунки, Аллоҳ таолонинг муборак каломи Қуръони каримни ўқиш, унга амал қилиш жуда муҳимдир.
Мен бир неча йиллар давомида, араб алифбосини ўрганиб, Қуръони каримни тажвид қоидалари асосида тартил ва тараннум билан ўқишни ният қилиб юрардим. Ёшим 63 да. Самарқанд шаҳридаги 47 умумтаълим мактабида 35 йил ўқитувчи бўлиб, тарих ва ҳуқуқ фанларидан дарс берганман. Ҳозир эса пенсиядаман. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг “Бешикдан то қабргача илм изланг” ҳадиси муборагидан илҳомланиб, Имом Бухорий халқаро марказидаги 3 ойлик “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида таҳсил олмоқдаман.
Юртбошимизнинг “Қуръонни эшитсак, эшиттира олсак албатта, юртимизга барака келади” деган сўзларидан келиб чиқиб, шахсан ташаббуси билан ташкил этилган курсларда, ҳар лаҳзани ғанимат билиб, бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, таҳсил олишдан жуда мамнунман.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га биринчи нозил бўлган оят “Ўқинг” амри билан бошланган бўлиб, башариятни илм олишга даъват этмоқда.
Қуръони каримни дона-дона қилиб, тўғри ўқишни “Муззаммил” сурасининг 4-оятида келтирилган. Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган вақтида фаришта унинг икки кўзи орасидан ўтади, яъни ўқувчига ҳурмат ва ўқиганга таъзим учун фаришталар одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир” – деган.
Ислом дини илм-маърифат соҳасида аёлларга эркаклар билан тенг ҳуқуқ берган. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. “Илм талаб қилиш, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир” –деб таъкидлаганлар.
Бугунги кунда азиз аёлларимиз маъносиз сериаллар кўриш, тўпланиб беҳуда гаплашиб ўтириб, қимматли вақтларини зое қилмасдан, Аллоҳ каломини ўрганса нур устига аъло нур бўлар эди.
Имом Бухорий халқаро маркази қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ва “Араб тили” ўқув курсида жами 200 дан зиёд тингловчилар таълим олмоқда. Таҳсил олишимиз учун Марказда кенг, ёруғ синф хоналарида қулай шарт-шароитлар яратилган. Ўқув машғулотларини олий маълумотли, малакали ўқитувчилар олиб бормоқда. Самарқанд вилоятининг турли ҳудудларидан, ҳатто Жиззах вилоятидан ташриф буюрган, гуруҳимизда 15 нафар хотин-қизлардан иборат тингловчилар қунт билан илм ўрганмоқдамиз.
Аллоҳнинг каломи инсонни тарбиялайди. Қуръони ўқиган инсон оқкўнгил, раҳмдил бўлиб, атрофдагиларга озор беришдан ўзини тия бошлайди. Зеро, илм дунёда иззат, охиратда шараф келтиради.
Қуръони каримни ўрганишимиз учун чиройли имкониятлар яратиб берган Юртбошимиз Ш.Мирзиёевга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига, Имом Бухорий халқаро маркази маъмуриятига, устозларимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз.