“Дунё оғир ва синовли даврни бошдан кечираётган бир пайтда Ўзбекистонда тарихий-маданий мерос асосида барпо этилаётган тамаддун пойдевори бутун инсоният учун умид бахш этади. Дунёнинг деярли барча ҳудудларидаги олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ушбу маданий меросни синчиклаб ўрганиб, унинг улкан салоҳиятини эътироф этмоқда”, деб ёзади мақола муаллифи, Анқара “Соҳибқирон” стратегик тадқиқотлар марказининг раҳбари Месут Эмре Каракўсе.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юксак марралар сари шахдам қадамлар билан одимламоқда. Мамлакат раҳбари томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғоясида ифодаланган ислоҳотлар сиёсати бутун дунёнинг диққат марказидан жой олган.
Ўзбекистон – жаҳон цивилизациясининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшган, бой сиёсий-иқтисодий ва маданий меросга эга бўлган мамлакатдир. Илк даврларданоқ мамлакат ҳудудида ташкил топган давлатлар ва етишиб чиққан буюк шахслар, айниқса, IX-XII ва XIV-XV асрларда чўққига кўтарилган икки буюк Уйғониш ҳаракатини юзага келтиргани баробарида ойдинлик ва маърифатпарварлик тимсоли бўлиб тарихда қолди.
Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби аниқ ва табиий фанларнинг нуфузли намояндалари қаторида Замахшарий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Яссавий, Имом Мотуридий, Абу Муъин Насафий сингари иймон, ҳикмат ва маданият дунёсини озиқлантирган буюк аллома ва мутафаккирлар ҳам шу муборак заминдан етишиб чиққани айни ҳақиқатдир.
Бугун барча ўзбекистонликлар қалбидан жой олган ва умуммиллий ҳаракатга айланган “Учинчи Ренессанс” ғояси замирида юқорида қайд этилган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларини шакллантирган буюк аждодлар ва донишмандларнинг азалий орзу-умидлари мужассамдир. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термиз каби шаҳарларда илдиз отган Уйғониш даврларига оид тарихий асосларни синчиклаб ўрганиш ва тадқиқ этиш давр тақозосидир.
“Туркий дунё давлатлари, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Туркий Академия каби муассасалар Ўзбекистоннинг тегишли тузилмалари билан кенг ҳамкорлик қилиб, “Учинчи Ренессанс” даври қарашларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшишлари ҳам қарз, ҳам фарз. Чунки жаҳон илм-фани ва тамаддунига беназир ҳисса қўшган буюк мутафаккирларнинг илмий асарлари нафақат ватанпарвар, мард, жасур, тинчликпарвар ва меҳнатсевар Ўзбекистон халқи, балки бутун туркий дунё учун фахр ва шараф манбаидир”, дея таъкидлайди муаллиф.
Шунингдек, мақолада жорий йилнинг март ойида мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланган бир муҳитда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифига алоҳида эътибор қаратилган.
“Ташриф доирасидаги мулоқотларда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари икки қардош давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга. Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи мажлиси самарали ва муваффақиятли щтказилди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари юксак баҳоланди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтариш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш бўйича эришилган келишув ва музокаралар чоғида имзоланган 10 та ҳужжат икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Дарҳақиқат, чуқур илдизларга эга бўлган Ўзбекистон маънавий мероснинг олтин ҳавзаларидан биридир. Зеро, ушбу табаррук замин нафақат маданият ва тамаддунларни шакллантирган ноёб қадриятлар ватани, балки тарихда салмоқли из қолдирган илм-фан ва санъат ғояларининг ўчоғи ҳамдир. Айнан шу мерос ва мустаҳкам пойдевор “Учинчи Ренессанс” муваффақиятининг гаровидир”, дея хулоса қилади “Milliyet” газетаси.