Home / МАҚОЛАЛАР / БОРЛИҚ ҲАҚИДАГИ КОНЦЕПЦИЯНИНГ ЎЗИГА ХОС ТАЛҚИНИ

БОРЛИҚ ҲАҚИДАГИ КОНЦЕПЦИЯНИНГ ЎЗИГА ХОС ТАЛҚИНИ

Маълумки, фалсафа ижтимоий онг шаклларидан биридир. Бу шакл борлиқ тўғрисида, унда инсоннинг ўрни қандай экани, табиат ва жамиятнинг ривожланиш қонуниятлари ҳақида маълумот беради. У инсонларнинг дунёқарашини аниқлашга имконият яратади. Шундай экан, фалсафанинг борлиқ ҳақидаги таълимоти ўта муҳим ва долзарбдир. Файласуфларнинг ҳеч бири борлиқ тушунчасини четлаб ўтмаган. Ҳар бири ўзининг борлиқ ҳақидаги шахсий фикрларини билдириб, мавзунинг турли қирраларини очишга ҳаракат қилган.

Демак, борлиқ мавзуи қадимий, лекин навқирондир. Фикримизнинг далили сифатида таниқли файласуф Бахтиёр Тўраевнинг “Борлиқ (фалсафий таҳлил)” монографиясини олиш мумкин. Бизнинг назаримизда бу монографияда “борлиқ” тушунчаси ҳар томонлама, яъни диалектик нуқтаи назардан илмий, яхлит ҳолда таҳлил қилинган. Ўқувчига борлиқ ҳақида тўлиқ тасаввур беради, десак, хато бўлмайди.

Борлиқ муаммосини тушунтиришда якдил фикр шаклланган бўлмаса-да, (чунки у мунозарали) Бахтиёр Тўраев ўзининг кўп йиллик изланишлари, ҳаётий тажрибаси, жаҳон фалсафасининг борлиқ ҳақидаги фикрларини хулоса қилиши натижасида ўқувчига мукаммал тушунча беради. “Борлиқ, – деб ёзади Б.Тўраев, – бу мавжудликнинг барча (моддий ва маънавий) шаклларини, (реал ва нореал) турларини ва (ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги) кўринишларини ўзига қамраб олувчи энг умумий ва универсал фалсафий категориядир”. Муаллиф борлиқни тушунтиришда кўпроқ табиий фанлар бўйича қилинган кашфиётларга мурожаат қилади ва уларга таяниб, шахсий фикрларини мустаҳкамлайди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Б.Тўраев фундаментал математика, физика, биология, химия, генетика фанларининг кашфиётлари билан яқиндан таниш ва бу фанларнинг муаммоларини мукаммал ўрганган.

74 параграфдан иборат бу монографияда борлиқнинг схемаси шундай тасвирлаб берилганки, муаллиф ўз фикрларини бу соҳаларни мукаммал ўрганган ҳолда муомалага киритгани билиниб туради.

Биз юқорида қайд этилган параграфларнинг баъзилари ҳақида тўхталамиз. Жумладан, муаллиф монографиянинг биринчи бобида борлиқнинг умумий моҳияти ва мазмунини очиб беришда субстанция, акциденция ва субстрат, борлиқ ва йўқлик, мавжудлик ва реаллик тушунчаларига эътибор қаратган. Бу соҳалар борлиқ фалсафасининг кенг қирраларини тушунишга ёрдам беради. Муаллиф борлиқ ҳақидаги таърифларни таҳлил қилган ҳолда, унга ўз таърифини берадики, бу менинг назаримда бошқаларидан ўзининг қисқалиги, лекин кенг қамровли экани билан фарқ қилади: “Борлиқ – бу мавжудликнинг барча (моддий ва маънавий) шаклларини, (реал ва нореал) турларини ва (ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги) кўринишларини ўзига қамраб олувчи энг умумий ва универсал фалсафий категориядир”. Бу таърифда борлиққа нисбатан бирорта соҳа назардан четда қолмаган.

Монографиянинг иккинчи боби биринчисининг мантиқий давоми бўлиб, унда борлиқнинг шакллари таҳлил қилинади. Бу боб борлиқнинг актуал ва потенциал, реал ва виртуал жиҳатларига янгича ёндашилган ҳолда маълумотлар берилганки, улар ҳар қандай ўқувчини мулоҳазага чорлайди. Жумладан, муаллиф (намоён бўлиб турган) актуал борлиқ билан потенциал борлиқнинг ўзаро муносабатларини қуйидагича таърифлайди: “Борлиқнинг ҳали воқеликка айланмаган ва келгусида актуал воқеликка айланадиган муртак ҳолидаги қисми потенциал борлиқ дейилади. Потенциал борлиқ ҳали воқеликка айланишга улгурмаган актуал борлиқдир”.

Маълумки, борлиқда ҳаракат мавжуд, ўзгариш мавжуд. Бу – борлиқ ичидаги хусусият. Борлиқ билан ҳаракат ажралмас, бир бутундир. Борлиқ ҳаракатсиз, ҳаракатсиз борлиқ бўлиши мумкин эмас. Тадқиқотда бу жараён чуқур илмий таҳлил қилингани яққол кўзга ташланади. Б.Тўраев мавзуни кашфиётларга асосланган ҳолда тасвирлайди ва борлиқнинг шаклларини далиллар ёрдамида кўрсатиб беради.

Монографиянинг учинчи бобидаги маълумотлар ўқувчини борлиқ категориясига янада жиддийроқ ёндашишга ундайди. Чунки унда кўпгина адабиётларда ёритилмаган маълумотлар акс этган. Муаллиф фазо ва вақтни, вақтнинг мукаммал таърифидан у ҳақдаги назария ва қарашлар, субстанционал ва реляцион концепциялар, вақтнинг турли моделлари, кўлам тушунчаси, давомийлик хусусиятлари, изотроплик ва анизотроплик, эгилганлик хусусиятлари ва топологик унсурларигача батафсил таҳлил қилган. Унинг бу соҳаларни мукаммал билиб хулосалар чиқаргани, фалсафадаги борлиқ категорияси тўғрисидаги тасаввурларни кенгайтиради ва бойитади.

Тадқиқотнинг долзарблиги шундаки, мавзу ҳозирги замон фан ютуқлари асосида таҳлил қилиниб, хулосалар чиқарилади. Олим предметни тушунтиришга ўта масъулият билан ёндашади. Шубҳали хулосаларга ўрин қолдирмайди. Фанларга таяниб иш кўрар экан, улар нафақат табиат сирларини очиб берувчи ва тараққиётни силжитувчи восита, балки инсон дунёқарашини шакллантиришда муҳим омил эканини ҳам кўрсатиб беради. Муаллиф борлиқдаги табиий ва ижтимоий соҳаларнинг ўзаро диалектик муносабатларини очиб беради. Бунга далил сифатида китобдаги “тартибланганлик”, “мўлжалланганлик”, “фазо ва вақт моделлари”, “боғланганлик”, “ўлчамлилик” параграфларини келтириш мумкин. Улардаги таҳлиллар борлиқдаги турли хусусиятлар инсон фаолияти билан боғланганини, уларни билиш оламни яхлит тушунишга ёрдам беришини англатади. Борлиқ категориясини тўлиқ тасаввур қилишга ёрдам берувчи тушунчалар илк бор муомалага олиб кирилгани мавзуни ёрқинроқ тушунишга асос бўлади.

Тўртинчи бобда мавзу янада қизиқарли ва тушунарли тарзда баён қилинган. Ўқувчи ёки мутахассис уни ўқиб, етарлича керакли маълумот олиши мумкин. Борлиқнинг материя шакли ҳақида юзлаб, минглаб адабиётлар, мақола ва рисолалар, қарашлар мавжуд бўлса-да, муаллиф мавзуга янгича ёндашиб, хулосалар чиқарган. Унинг материянинг тузилиши, микро, макро ва мега, анорганик ва органик, ижтимоий дунёлар ҳақидаги фикрлари ўқувчини янги мулоҳазаларга ундайди.

Монографиянинг бешинчи боби борлиқнинг шакли бўлган космологияга қаратилган. Унинг моҳияти, космологик моделлар, Эйнштейннинг цилиндрсимон коинот модели, ностационар моделлар, портлаш назарияси, стационар кенгаювчи коинот моделлари каби бир қанча бошқа соҳалар тадқиқ қилинган. Буларнинг барчаси инсоннинг борлиқ ҳақидаги билимини чуқурлаштиради ва кенгайтиради. Муаллиф бу соҳаларни алоҳида-алоҳида тадқиқ қилиш билан бирга, улар орасидаги диалектик муносабат, алоқадорлик ва боғланишларни ҳам тасвирлаб беради. Бундай ёндашув Б.Тўраев диалектиканинг барча қирралари ва мазмун-моҳиятини илмий жиҳатдан яхши билган етук файласуф эканидан далолат беради.

Олтинчи бобда онг борлиқнинг маънавий шакли сифатида таҳлил қилинган. Унда нутқ, тил, тафаккур, онг ва унинг таркибий унсурлари тўғрисида фикрлар билдирилган. Айниқса бу бобдаги идрок, фикр, тафаккур, тушунча, ҳукм кабиларга қисқа ва тушунарли таърифлар берилган. Ўқувчи улардан ўз фаолиятида қийналмасдан бемалол фойдаланади.

Еттинчи боб оламнинг бирлиги ва хилма-хиллиги масалаларига бағишланган. Ўқувчи бу бобдан оламнинг мураккаблиги ва хилма-хиллигининг бирлиги ҳақида қизиқарли фалсафий ғоялар олиши мумкин.

Кичик ҳажмдаги (ҳолбуки, борлиқ ҳақида бир неча жилдли асар ёзиш мумкин), лекин мазмунан бой бу асарнинг асосий параграф ва бобларини тилга олар эканмиз, қуйидаги хулосаларга келамиз. Бу асар тинмай олиб борилган изланишлар ва машаққатли меҳнат натижасидир. Файласуф олим ўзининг билимига амал қилса, ўз фикр ва мулоҳазаларини бемалол ошкор эта олади. Натижада тадқиқ этилаётган соҳа ёки жараёнга нисбатан зарурий ёки тасодифий омилларни мукаммал таҳлил қилиб, хулоса чиқаради. Предмет ёки ҳодисанинг ўтмишдаги, ҳозирдаги, келажакдаги фаолиятини нисбатан аниқ баҳолайди. Жараённи тўлиқ ҳис қилади.

Монографияни ўқиб шунга амин бўласизки, Б.Тўраевда ана шу хислат ва хусусиятлар мужассамлашган. Ўз меҳнати ва илми билан билиш назариясининг маълум бир қисмини мукаммаллаштирган. Монографиянинг назарий жиҳатдан кучлилиги шундаки, (юқорида таъкидланганидек) фикрлар фан ютуқлари билан асосланган. Баъзи муаллифлар ўз асарларининг кўп қисмини иқтибослар билан тўлдирса, Б.Тўраев бу анъанадан узоқлашган. Китобда иқтибослар ҳам келтирилиб, уларнинг мазмун-моҳиятига холисона баҳо берилган.

Монография содда ва равон тилда ёзилган. Бу монография, фалсафа фанининг борлиқ тўғрисидаги хулосаларини янада ойдинлаштиради, мавҳумликдан аниқликка етаклайди, шахснинг дунёқарашини кенгайтиради.

Китобнинг яна бир хусусияти шундаки, ундаги барча материаллар лотин графикасида ҳам такрорлаб берилган. Бу ёшларимиз учун алоҳида қулайликдир.

Хулоса шундан иборатки, Б.Тўраев нафақат табиатшунослик фалсафасининг йирик намояндаси, балки ижтимоий фалсафа тараққиётига ҳам етарли ҳисса қўшган етук ижодкордир.

Зиёдулла ДАВРОНОВ,
Тошкент давлат молия институти
Фалсафа фанлари доктори, профессор

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …