Home / МАҚОЛАЛАР / “ТАДБИР УЛ-МАНЗИЛ” РИСОЛАСИ – ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАР УЧУН ДАСТУРУЛАМАЛ

“ТАДБИР УЛ-МАНЗИЛ” РИСОЛАСИ – ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАР УЧУН ДАСТУРУЛАМАЛ

Оила жамият ҳаётининг бошланғич бўғини сифатида ижтимоий муносабатларда муҳим ўрин тутади. Инсон энг аввало оилада камолга етади, тарбия топади, маънавий-ахлоқий фазилатларни эгаллайди.

Оила азал-азалдан Шарқ халқлари ҳаётида энг асосий қадрият сифатида жамиятга маънан етук ва жисмонан баркамол инсонни етказиб берувчи манба вазифасини ўтаб келган. Шу билан бир қаторда, ислом динида оилавий муносабатлар, никоҳнинг манфаатлари, эр ва хотиннинг бурч ва вазифалари, оилада фарзанд тарбияси каби масалаларга ниҳоятда катта аҳамият қаратилган. Муқаддас динимизда оила қуришга аёл ва эркак бирдек тарғиб қилинган. Жумладан, Қуръони каримда: “Сизлар эслатма олишларингиз учун биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”, “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бор”, – дейилади.

Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, оилавий муносабатларни тартиб-интизомга асосланган ҳолда олиб бориш жамият тараққиётига, унда баркамол инсонлар салмоғининг ошишига хизмат қилади. Бу борада ислом мутафаккирлари томонидан кўп сонли дурдона асарлар ёзилган бўлиб, мана шундай олимлардан бир Абу Али ибн Синодир. Ибн Сино ўзининг “Тадбир ул-манзил” номли кичик, аммо ниҳоятда фойдали маълумотларга тўла бўлган рисоласида мазкур масала борасида такрорланмас маълумот ва насиҳатларни келтиради. Мазкур асарда оила, унинг инсон ва жамият ҳаётидаги бебаҳо аҳамияти, оила бошлиғининг вазифалари, уй-жойни идора этиш шартлари, фарзанд тарбиясида амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар, оила раҳбарининг ўзига жуфт танлашда эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинган.

Ибн Сино оила мустаҳкамлигини таъминлашда оила бошлиғи ҳисобланган эркак зоти ва аёл кишининг бурч ва вазифаларини таснифлар экан, улар амал қилиши лозим бўлган қуйидаги сифатларни келтиради:

Аёлларнинг энг яхши сифатлари

Аёлларнинг энг яхшиси қуйидаги сифатларга эга бўлиши керак:

  1. Ақлли бўлсин;
  2. Диндор бўлсин;
  3. Шарм-ҳаёли бўлсин;
  4. Зийрак ва доно бўлсин;
  5. Эрига меҳр-муҳаббатли бўлсин;
  6. Кўп фарзанд кўрувчи бўлсин;
  7. Тили узун бўлмасин;
  8. Итоаткор бўлсин;
  9. Покдил бўлсин, маккор бўлмасин;
  10. Эрини унинг ҳузурида ва йўқлигида ғийбат қилмасин;
  11. Оғир-босиқ бўлсин;
  12. Виқорли бўлсин;
  13. Эрига хизмат қилиши билан кибрланмасин, балки тавозели бўлсин;
  14. Хатти-ҳаракатлари ва амалларини яхшилик ва эзгуликка асосланиб бажарсин;
  15. Эрининг озгина даромадини тежамкорлик асосида зиёда қилсин;
  16. Эрининг кўнглидан ғам-андуҳ ғуборини гўзал ахлоқи ва ширин тили билан кетказсин, эрининг қайғусига чиройли лутф ва мулойимлик билан тасалли берсин.

Эркакнинг аёл борасидаги сиёсати эса қуйидагиларга асосланиши керак:

  1. Кучли ҳайбат, яъни аёлнинг ўз эрига қарши чиқиш одатидан бутунлай ҳайиқиши;
  2. Мукаммал ҳурмат, яъни эрнинг ўз аёлига ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши;
  3. Аёлнинг ақлини муҳим ишлар билан машғул қилиш.

Оила бошқарувида мана шундай тадбирлар амалга оширилганда, оила мустаҳкамлиги таъминланади. Бундай оилада етук ва соғлом фарзандлар дунёга келади. Фарзанднинг оила мустаҳкамлигидаги беқиёс аҳамиятини тўғри англаган ҳолда, Ибн Сино ота-онанинг фарзанд таълимида, тарбиясида эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталади. Аллома ота-онанинг фарзанд олдидаги биринчи вазифаси сифатида унга чиройли исм қўйиш масъулиятини таъкидлаб кўрсатади. Албатта фарзандга исм танлаш масаласида ниҳоятда эътиборли бўлмоқ лозим. Зеро, чиройли исм фарзанд руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади, унинг келажакда юксак ахлоқий хислатларни касб этишига сабабчи бўлади.

Ота-она фарзанд тарбиясида унинг диний ва дунёвий билимларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратиши, оила қуриш ёшига етгач, уни уйлантириб қўйиши ҳам оиланинг гўзал кўринишда давом этишига сабаб бўлади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ибн Синонинг “Тадбир ул-манзил” рисоласи оилавий муносабатларни тартибга солишда, жамият ривожига ҳисса қўшувчи фозил инсонларнинг етишиб чиқишида катта аҳамиятга эга бўлиб, оилани бошқарувчилар ва унинг аъзолари учун ўзига хос дастуруламал вазифасини бажаради.

Сарвар Саидов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Манбашунослик бўлими илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …