Home / МАҚОЛАЛАР / ТАБРИЗДАГИ ХОРАЗМЛИК КОТИБЛАР СУЛОЛАСИ (Туркия диёнат вақфи “Ислом энциклопедия”сидаги маълумотлар асосида)

ТАБРИЗДАГИ ХОРАЗМЛИК КОТИБЛАР СУЛОЛАСИ (Туркия диёнат вақфи “Ислом энциклопедия”сидаги маълумотлар асосида)

Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Шероз ва Табриз шаҳарларини бежиз алоҳида таъкидлаб кўрсатмаган кўринади. Чунки, Эроннинг бу икки қадимий шаҳрида азалдан туркийзабон адабиёт тараққий этган, жумладан, бу шаҳарларда Навоий асарлари ҳам қайта кўчирилган. Бунда, албатта, котиблар, хаттотларнинг хизмати катта бўлган[1]. XV аср охирларида бу ерда фаолият кўрсатган энг моҳир хаттотлардан бири Абдураҳмон Хоразмий хоразмийлар сулоласидан бўлган. У кўпгина асарларни нафис санъат ва юксак маҳорат билан кўчирган, ўша даврдаги ўқувчилар ва асрлар оша бугунги кунимизга етиб келишига катта ҳисса қўшган хаттотдир.

Абдураҳмон ёшлик йилларида Табризга кўчиб келган ва шу ерда яшаб қолган. Настаълиқ хатида ижод қилган, сарой котиби бўлган. Икки ўғли – Абдукарим ва Абдураҳим ота касбини давом эттириб, шоҳ саройида котиблик билан шуғулланган ва етук хаттотлар сифатида довруғ қозонган.

Абдукарим Хоразмий машҳур хаттот ва шоир бўлиб, унинг ҳаётига доир маълумотлар манбаларда кам учрайди. Туғилган ва вафот этган йиллари аниқ эмас. Шерозда таваллуд топган. Бутун умр шу ерда ижод билан шуғулланган. Хаттотлик услубларини отаси Абдураҳмон Хоразмийдан ўрганган. Бу илм сир-асрорларини шу қадар чуқур ва мукаммал ўзлаштириб олганки, отаси билан иккисининг хати бир хил бўлган.

Аллома Табриз шаҳридаги оққўюнлилар ҳукмдори Султон Ёқуб саройида султоннинг хос хаттоти лавозимида ишлаган. Султон қароргоҳида ижод қилгани ва ҳукмдорнинг хос котиби бўлгани учун аъёнлар уни “Ёқубий” деб аташган. Шундан боис кўчирилган асар ёки ўз шеърларининг тагига “Ёқубий” имзосини қўйган.

Кунлардан бир кун икки ака-ука Султон Ёқубга мураққаъ хатида ёзилган шеърларини тақдим этганида, иккисининг ҳам ишида “Ёқубий” имзоси бўлади. Хоразмий шу пайтдагина укаси унинг имзосини қўллаб келганини кўради. Аммо Абдукарим Хоразмий “Ёқубий” дан кўра, “Хоразмий” нисбаси билан кўпроқ машҳур бўлган. Ака-ука Хоразмийлар отасининг настаълиқ услуби билан ижод қилган пайтлар имзосиз ёзган. Иккисининг хати шу қадар бежирим, юксак санъат даражасида бўлганидан ёзувларини бир-биридан ажратиш жуда қийин бўлган.

Абдулкарим Хоразмий хатнинг ҳамма турларида ёзишни билса-да, энг кўп настаълиқ хатидан фойдаланган. Кўчирган асарлари бугунги кунда ҳам кўплаб кутубхона фондларининг энг гўзал намуналаридан ҳисобланади. Улардан Истанбулнинг қатор кутубхона фондларида, Теҳрон Миллий кутубхонасида сақланаётган “Ҳолномаи Орифий”, “Рўшноинома” (“Саодатнома”) 883/1478 йилга оид бўлиб, энг сўнгги қўлёзмалар сифатида қабул қилинган. Шунингдек, Туркия Турк ва ислом санъати музейида алломанинг Амир Ғайб, Шоҳ Таҳмасб, Молик Дайламий ва Султон Ёқубга атаб ёзган мураққаъ шеърларидан намуналар бор.

Абдулкарим Хоразмий назмда ижод қилган бўлса-да, унинг яхлит бир девони топилмаган. Аллома шаҳарма-шаҳар кўчиб юриб, оғир ҳаёт кечиргани туфайли кўп йиллар хасталикдан азият чекиб, вафот этган.

Абдураҳмон Хоразмийнинг иккинчи ўғли аҳлоқли, фазилатли, билимдон шоир ва хаттот Абдураҳим Хоразмий котиб бўлиб, туғилган ва вафот этган саналари маълум эмас. У ҳам дастлабки таълимни отасидан олган. Афсуски, бу машҳур сулола вакилларининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақидаги маълумотлар манбаларда жуда кам учрайди. Аллома даставвал, оққўюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасаннинг ўғли Султон Халил саройида котиблик қилган. Унинг вафотидан сўнг, акаси билан Табриз ҳукмдори Султон Ёқуб саройига борган. Аллома саҳифага зарҳал нақш солиш санъатини кашф қилган хаттотлардан саналади. Унинг нақшлар билан мужассамланган настаълиқ хатидаги маҳорати туфайли тез орада Султон Ёқубнинг яқин дўсти ва хос котибга айланади. Ҳукмдор унга “Анисий” (“Жон дўстим”) деган тахаллус беради.

Абдураҳим Хоразмий акаси ва отаси сингари котиблик билан бирга “Ёқубий” тахаллуси билан шеърлар ҳам битган. Султон Ёқубнинг вафотидан сўнг, ўғли Султон Рустамнинг хос котиби бўлган. Отасининг хат услубини янада ривожлантириб, шеъриятда “Рустамий” имзоси билан ижод қилган. Шоир оққўюнлилар ҳукмдорларининг хос котиби бўлгани боис “Оққўюнли хаттоти” сифатида машҳур бўлган. 1494 йилгача саройда хизмат қилган.

Абдураҳим Хоразмий отасининг хат услубини Эронга кенг ёйган етук хаттотлардан бўлган. Алломанинг Мир Азузи Бухорий, Мулло Али Султон, Асадуллоҳ Кирмоний, Муҳаммад Кирмоний каби машҳур шогирдлари бўлган. Хоразмийларнинг хат ёзиш услублари чизиғи кўпроқ, юмшоқ ва оддийроқ саналгани боис, улар ҳатто замондоши Султон Али Машҳадийдан ҳам устун саналган.

Ҳазрат Навоийнинг “Мажолисун нафоис” асарини 1522 йилда форсчага таржима қилган Ҳакимшоҳ Муҳаммад Қазвиний (ваф. 1559 й.) оққўюнлилар саройида фаолият кўрсатган бир қатор шоир ва котиблар ҳақида маълумот бераркан, Мавлоно Анисий – Абдураҳим Хоразмий ҳақида ҳам тўхталиб ўтади: “Мавлоно Анисий настаълиқ хатида ўз услуби бўйича олам аҳлининг устодидир. Акасидан бошқа ҳеч ким унингдек ёза олмаган. Мавлоно инсоний камолот ва фазилатларни ўзида мужассам этган эди. Беназир инсон эди. Мана бу матлаъ уникидир:

Дил, сенинг кўйингга ёш келган эрди, кексайди.
Бас, кўчанг тупроғи ундан яна не истайди?[2]

Сафавийлар сулоласи вакили Сом Мирзо (1517-1576) ўзининг “Туҳфаи Сомий” тазкирасида мазкур қўлёзма котиби Абдураҳим Хоразмийни Мавлоно Анисий номли шоир сифатида таништириб, 30 йилдан кўпроқ вақт давомида оққўюнлилар ҳукмдори саройида хизмат қилганини қайд этган. У Навоий девонидан ташқари, Абдураҳмон Жомий шеърларини ҳам кўчиргани тахмин қилинади. Бизгача етиб келган, бевосита Абдураҳим Хоразмий томонидан 1481 йилда кўчирилган яна бир қўлёзма ҳам айнан оққўюнлилар даврига тегишли[3].

Абдураҳим Хоразмий моҳир шоир бўлиб, унинг форсийдаги шеърлари девон шаклида жамланган. Бу девон ўзининг хати билан 1493-94 йилларда ёзилган ва оққўюнли амир Амир Муҳаммадга бағишланган. Бугунги кунда шоирнинг “Султоний”, “Рустамий”, “Анисий” тахаллуслари билан ёзилган мураққаъ шеър намуналари ва девони Истанбул университети кутубхонаси Туркия Турк ва ислом санъати музейи, Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси, Эрон шўрои ислом кутубхонаси, “Дорул кутуби мисриййа кутубхонаси, Вена Миллий кутубхонаси фондларида сақланиб келмоқда.

И.Даурбекова, Д.Халимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …