Home / МАҚОЛАЛАР / “МУВАТТО”НИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ТУТГАН ЎРНИ

“МУВАТТО”НИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ТУТГАН ЎРНИ

Ҳанафий мазҳабининг уч улуғ имомидан бири – Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Ироқда имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфдан таълим олиб, олимлик даражасига етганидан сўнг Мадинага сафар қилган. Имом Молик ҳузурида уч йил туриб, унинг машҳур асари – “Муватто”дан дарс олган, ундаги ҳадисларни бевосита муаллифдан эшитган, унинг фиқҳи, илми ва ривоятидан қониб баҳраманд бўлган. Имом Шофеъий нақл қилишича, Муҳаммад ибн Ҳасан: “Моликнинг эшигида уч йил туриб, унинг оғзидан етти юзта ҳадис эшитдим”, деган. Ибн Ҳажар шу сўзни келтиргач: “Молик кам ҳоллардагина ўз оғзи билан ҳадис сўзларди. Агар Муҳаммад унинг ҳузурида узоқ туриб, бемалол ўрнашмаса, бу натижага эриша олмасди”, деб изоҳ бериб ўтган. [1: Б. 175]

Имом Муҳаммад асарни бевосита муаллифдан ўрганиб-ўзлаштиргач, уни ривоят қилаётиб ўзига хос йўл тутган. “Муватто”нинг бошқа нусхаларида “Молик деди:…” деб бошланадиган фиқҳга оид фатволарни тушириб, марфуъ, мавқуф ва мақтуъ ҳадисларни қолдирган. Китобда келтирилган масала юзасидан ўз қарашларини, шунингдек, устози – Абу Ҳанифанинг раъйини кўрсатиб, ўзининг бунга қўшилиш ё қўшилмаслигини айтиб ўтган. Гоҳида шайхи – имом Моликнинг ва ҳанафий фақиҳларнинг ҳам раъйларини зикр қилган.

Кўпгина боблар сўнгида ҳадиснинг маъноси, унга қандай амал қилиниши ҳамда кўзда тутилган амалнинг суннат, мустаҳаб, макруҳ каби жиҳатларига тўхталади. Гоҳида ўзининг ва устозлари Абу Ҳанифа ва Моликнинг қарашлари ўртасидаги фарқларни кўрсатишга батафсил киришади, масаланинг турли ҳолатлари ва ҳукмларини баён қилади. Бунинг мисоли 18-боб (Бурундан қон оқиши сабабли таҳорат олиш боби)да кўринади. Гоҳо ўзининг муаллифга мухолиф бўлган қарашини қувватлаш учун қўшимча равишда Моликнинг йўлидан бошқа йўлдан бир қанча ҳадисларни ривоят қилади.

Имом Муҳаммаднинг имом Молик йўлидан бошқа йўл орқали ривоят қилган ҳадислари сони баъзи бобларда 16 тага етган. Бунинг мисоли 5-бобда (Закарни ушлаш сабабли таҳорат олиш боби)да кўринади. Муҳаммад ибн Ҳасан у ерда закарни ушлаш таҳоратни синдирмаслигини 16 та ҳадис билан исботлашга уринган. Бу эса битта боб доираси жуда катта қўшимчадир.

Айрим бобларда имом Молик иштирокидан ташқари санад билан 6-7 та ҳадисни келтиради. Масалан, 17-боб (Жума куни ғусл қилиш боби)да 6 та қўшимча ҳадис келтирилган. Бу ҳам каттагина қўшимча ҳисобланади.

Бошқа нусхалардаги аксар бобларда келувчи “Молик деди:…” деб бошланадиган фатволар имом Муҳаммад “Муватто”сида мавжуд эмас. Моликнинг йўлидан бошқа йўл орқали келтирган ҳадисларининг сони кўплиги, шунингдек, деярли ҳар бир бобда ровий ўз ижтиҳоди, ҳадисдан олган хулосаси ҳамда Абу Ҳанифа фиқҳининг баёнига кўп ўрин бергани, айрим бобларда саҳобаларнинг қарашларини баён қилиб кетгани боис бу китоб “Имом Муҳаммад Муваттоси” деб довруқ таратган. Бунинг ҳайрон қоладиган ери йўқ. Чунки Муҳаммад “Муватто”си  ровий муаллифдан эшитиб, сўзма-сўз ривоят қилган китоблар сирасига кирмайди. Балки у Ҳижоз ва Ироқдаги аҳли ҳадис ва аҳли раъйнинг фиқҳидан келиб чиқиб тузилган ва уларнинг турли масалалардаги раъйларини қиёслаб бойитилган фиқҳий-қиёсий тўпламдир. Билган кишилар учун бу қимматли хусусиятдир.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан “Муватто”сида хоҳ иснод билан, хоҳ иснодсиз келган марфуъ ҳадислар ҳамда мавқуф осорларнинг сони 1180 та бўлиб, улардан 1005 таси имом Моликдан, 175 таси бошқалардан ривоят қилинган. Мазкур 175 та ҳадиснинг 13 таси Абу Ҳанифадан, 4 таси Абу Юсуфдан, қолганлари эса бошқалардан келтирилган. [2: Ж. 1, Б. 141; 3: Б. 58]

Фиқҳ илми мутахассисларининг тақсимлашича, ҳанафий мазҳабида таълиф этилган энг аҳамиятли китоблар уч қисмга: 1) “Зоҳирур ривоя” ва 2) “Зоҳирур ривоя”га тенглаштирилган китоблар ва 3) “Зоҳирур ривоя” бўлмаган китобларга бўлинади.

“Зоҳирур ривоя” китоблари муаллифдан мутавотир ёки машҳур йўл билан ривоят қилинган энг ишончли манбалар бўлиб, ҳанафий мазҳабида бу китобларда келган масалаларга қарши фатво бериш мумкин эмас деган усул қабул қилинган. Муҳаммад ибн Ҳасан таълиф этган бу энциклопедик характердаги асарларда мазҳаббошиларнинг турли масалалардаги фатволари тўпланган. “Зоҳирур ривоя” даражасига тенглаштирилган” китоблар сирасига биринчи ўринда имом Муҳаммад “Муватто”си киритилган. [4: Б 92-93]

Мазкур асар қадимдан ҳанафийлар орасида дарслик сифатида ўқитилган. Жумладан, мовароуннаҳрлик машҳур ҳанафий олими Абу Ҳафс Насафий (1068-1142) ўз устози Абу Мансур Ҳорисий (1046-1119) орқали “Муватто”ни эшитиб, ўқигани маълум. Бугунги кунда ҳам Туркия, Покистон ва Ҳиндистонда ҳанафийлар ўқув даргоҳларида мазкур “Муватто” расмий равишда ўқитиб келинмоқда. [5: 2016 й., 3-сон]

Имом Муҳаммад “Муватто”си бошқа “Муватто”лар сингари “Намоз боблари” бўлими билан бошланган. Одатда ҳанафий мазҳабидаги машҳур фиқҳий асарларда дастлаб таҳорат (поклик) ва унга биринчи ўринда алоқадор бўлган сувлар мавзулари батафсил ёритилгач, намозга тааллуқли мавзулар баёнига киришилади. Бунга “Ал-Ҳидоя”, “Мухтасарул виқоя”, “Туҳфатул фуқаҳо” ва “Нурул ийзоҳ” каби асарларни мисол қилиш мумкин. “Муватто” асарида эса, бу тартибдан бир озгина фарқ кўзга ташланади. Асар “Намоз боблари” деган бўлим билан бошланади. Унинг биринчи боби — “Намоз вақтлари боби”дан сўнг  бирданига таҳоратга тегишли 13 та боб, унинг кетидан ғуслга тегишли 4 та боб, сўнгра таяммум, ҳайз, истиҳоза ва бошқа поклик масалаларига тааллуқли 9 та бобни ўтказиб, “Азон ва иқомат ҳақидаги боб” ва “Масжидга юриб бориш ва масжидларнинг фазилати ҳақидаги боб” кетма-кет келтирилади. Ана шундан сўнг намоз масалалари тегишли яна 70 та боб билан “Намоз боблари” бўлими якунланади. Мазкур бўлим жами 100 бобни ўз ичига олади. Эътибор берилса, поклик масалалари келгуси даврларда ёзилган фиқҳий асарлардаги сингари алоҳида бўлим сифатида эмас, балки намоз дуруст бўлишининг шартлари бўлимининг бир қисми сифатида тақдим қилингани кўринади. Қозихон “фиқҳдаги улуғ асл” деб атаган эътиборли “Ал-Жомиус сағир” (Кичик тўплам)да Имом Муҳаммад худди шу услубни тутган. Яъни у ердаги 40 та фиқҳий мавзулар  “китоб” номи билан қуйидаги тартибда келади: Намоз китоби (таҳорат масалалари унинг ичида баён қилинади), Закот китоби, Рўза китоби, Ҳаж, Никоҳ, Талоқ, Ийло, Зиҳор, Қул озод қилиш, Қасамлар, Ҳадлар, Ўғрилик, (Ҳарбий) юришлар, Савдолар, Кафолат, Ҳавола, Зомин бўлиш, Қозилик, Ваколат, Даъво қилиш, Иқрорлик, Сулҳ, Музораба, Вадиа, Ория, Ҳиба (ҳадя), Ижаралар, Мукотаб, Маъзун (изн берилган), Ғасб (молни тортиб олиш), Шуфъа, Музораа (экинда шерикчилик), Хирож, (Ҳайвонларни) сўйиш, Кароҳият, Ичимликлар, Ов қилиш, Гаров, Жиноятлар, Васиятлар ва ниҳоят, Тарқоқ масалалар китоби. [6: Ж. 2, Б. 452-453.]

Кўриниб турганидек, асар икки катта қисмга: 1) Ибодатлар қисми ва 2) Муомалот қисмига бўлинган. Таҳорат масалалари Намоз китоби ичига киритиб юборилиши ва ундан кейинги мавзуларнинг тартибланишига қараб имом Муҳаммад бу тартибни имом Моликдан истифода этганини пайқаш мумкин. Илмнинг тараққий этиш босқичларида барча соҳалар каби фиқҳ фани ҳам аста-секин сайқалланиб, мукаммаллашиб борган. Имом Муҳаммад “Муватто”си ва унинг “Ал-Жомеус сағир” каби фиқҳий асарлари ана шу жараённинг бир бўғини бўлиб хизмат қилган. Фиқҳ мавзуларини тартиблашдаги янгилик имом Муҳаммаднинг имом Моликдан ўзлаштириб, илм соҳасига татбиқ этган ютуқларидан биридир. Келгуси даврдаги фақиҳлар бу ютуқдан самарали фойдаланиб, китоб таълиф этишда “Муватто”ни ўзларига қўлланма қилиб олганлар ва унинг услубини ривожлантирганлар.

“Муватто”нинг фиқҳ бобларига кўра тартиблангани, тузилиши мураккабликдан холи, ҳажми ҳам катта бўлмагани боис ҳар қандай толиби илм уни осон ўзлаштира олади. Бошловчи талаба фиқҳий хулосаларни ёдлаш билан чекланмай илк босқичдаёқ ортиқча машаққатсиз ҳар бир мавзуни унинг далили билан биргаликда ўрганади. Имом Муҳаммаднинг тез-тез учраб турадиган изоҳлари, имом Молик билан баҳсга киришиб, ўз қарашини далил ёрдамида исбот қилишини кузатиш орқали далилдан хулоса чиқариш усуллари билан танишади. Яна бир муҳим жиҳати, талаба бу асарда илмий мунозара одобидан амалий таълим олади. Имом Муҳаммад кўплаб масалаларда имом Моликка хилоф қилган бўлса-да, унга ҳурмат сақлаб бирон бир ўринда ножўя сўз айтмайди, мавзудан четга чиқмайди, балки “Биз буни олмаймиз, лекин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг сўзини оламиз…” деганга ўхшаш сўзни айтиб, шу заҳоти ўзининг далилини келтиради. [7: Б. 229]Муайян бир китоб, қайсидир устоз ёки бирон бир мазҳабга мутаассиб бўлиш ҳамда ўзгача фикрларни кескин рад этиш иллатидан саломат бўлишда китобнинг бу жиҳати ғоятда аҳамиятлидир. Бу гап ҳанафий мазҳаби доирасидаги фатволарга ҳам тегишли. Зеро имом Муҳаммад “Муватто”нинг бир қанча ўринларида устози – имом  Абу Ҳанифага хилоф ўлароқ фатволар берган. Бу билан мазҳаб доирасидаги фатволар кўпайиб ва кенгайиб, фақиҳлар учун турли шароитларда замон ва маконга энг муносиб фатвони танлаш имконияти юзага келган.

Имом Муҳаммад “Муватто”сининг тартибини унинг охирги боби бўлган Тафсир боби мисолида кўриш мумкин. У ерда жами 11 та ҳадис келган бўлиб, улардан 2 таси марфуъ, 5 таси мавқуф ва 4 таси мақтуъдир. Уч ўринда Имом Муҳаммад келтирилган хабарларга ўз муносабатини билдирган. Қуйида ушбу бобдаги маълумотларнинг жойлашуви жадвал шаклида берилиб, қиёслаш учун ҳадисларнинг Яҳё Лайсий ривоятидаги “Муватто”да жойлашган ўрни ҳам келтирилган:

 

Имом Муҳаммад ”Муватто”си Тафсир китобининг таркиби

Ҳадисларнинг Яҳё ибн Яҳё Лайсий ривоятидаги “Муватто”да жойлашган ўрни

1

1)    Зайд ибн Собит (р.а.)дан мавқуф ҳадис

“Ўрта намоз” ҳақидаги боб, 313-ҳадис

2

2)    Амр ибн Рофеъ (р.а.)дан мавқуф ҳадис

“Ўрта намоз” ҳақидаги боб, 312-ҳадис

3

3)    Абу Юнусдан марфуъ ҳадис

“Ўрта намоз” ҳақидаги боб, 311-ҳадис

4

4)    Умора ибн Сайёддан мақтуъ ҳадис

Аллоҳ таолони зикр қилиш ҳақидаги боб, 492-ҳадис

5

5)    Ибн Шиҳобдан мақтуъ ҳадис

“Муҳсан бўлиш” ҳақидаги боб, 1176-ҳадис

6

6)    Амра бинт Абдураҳмондан мавқуф ҳадис

 

Йўқ

7

7)    Яҳё ибн Саиддан мақтуъ ҳадис

Йўқ

8

Имом Муҳаммаднинг сўзи: “Биз буни оламиз…”

 

9

8)    Абдураҳмон ибн Қосимдан мақтуъ ҳадис

Совчилик ҳақида келган ҳадислар боби, 1136-ҳадис

10

9)    Нофеъдан мавқуф ҳадис

Қуёш оғиши ва тун қоронғуси ҳақида келган ҳадислар боби, 18-ҳадис

11

10)             Довуд ибн Ҳусойндан мавқуф ҳадис

Қуёш оғиши ва тун қоронғуси ҳақида келган ҳадислар боби, 19-ҳадис

12

Имом Муҳаммаднинг сўзи: “Бу Ибн Умар ва Ибн Аббоснинг сўзидир…”

 

13

11)             Абдуллоҳ ибн Умардан марфуъ ҳадис

 

Йўқ

14

Имом Муҳаммаднинг сўзи: “Бу ҳадис асрни кечиктириш уни тезлатишдан афзал эканига далилдир…”

 

 

“Тафсир” номидаги боб имом Муҳаммад “Муватто”сидан бошқа “Муватто”ларда келмаган. Табиийки, у ердаги ҳадисларнинг жойлашуви бошқа нусхаларникидан фарқ қилади.

Асарда ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун бугунги кунда долзарб бўлган кўплаб ҳадислар келган. Бировнинг савдоси устига савдо қилмаслик, мусулмонлар ўртасини ўнглаш ва нафратдан сақланиш, ота-она ҳузурига рухсат сўраб кириш мавзусидаги ҳадислар бунга мисолдир.

Юқоридагилардан маълум бўладики, ҳанафий мазҳаби пешволаридан бўлган имом Муҳаммад ҳадис илми ривожига салмоқли улуш қўшган. “Энг саҳиҳ”, “энг манфаатли” каби сифатлар билан улуғланган “Муватто” асарининг таниқли нусхаларидан бири ҳанафий мазҳабининг мусаннифи – имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга тегишли экани буни тасдиқловчи бир фактдир. Бу нусха соҳиби асарни ривоят қилиш асносида уни қўшимча фиқҳий маълумотлар билан бойитган. Ҳанафий мазҳабининг далиллари ва фатволари тартибга солиниши ҳамда янги фатволар билан бойишида имом Муҳаммад илмий фаолиятининг ўрни беқиёсдир. У ривоят қилган “Муватто” асари бунга яққол далилдир.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Ибн Ҳажар Асқалоний. Таъжилул манфаати бизавоиди рижолил арбааа. Икромуллоҳ Имдодулҳақ таҳқиқи билан. – Байрут: Дорул башоирил исломия, 1996. – Ж. 2.
  2. Абдулҳай Лакнавий. Ат-Таълиқул мумажжад. (Муваттоул имом Молик ривояту Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний маат таълиқил мумажжади ало Муваттои Молик — шарҳул аллома Абдулҳай Лакнавий.) Таълиқу ва таҳқиқул устоз доктор Тақийиддин Надвий. – Дамашқ: Дорул қалам. Бешинчи нашр, 2011. — Ж. 1-3.
  3. Муҳаммад Абу Шаҳба. Аъломул муҳаддисин. — Ношир: Марказу кутубиш шарқил авсат. 1962. — 352 б.
  4. Д. Али Аҳмад Надвий. Ал-Имом Муҳаммад ибнул Ҳасаниш Шайбонийю нобиғотул фиқҳил исломий. — Дамашқ: Дорул қалам, 1994. Биринчи нашр. — 271 б.
  5. Ҳамидуллоҳ Аминов. Муҳаммад Шайбонийнинг “Муватто” ривояти хусусида // Имом ал-Бухорий сабоқлари. — № 3. — Т.: 2016.
  6. Аҳмад ибн Муҳаммад Насируддин Нақиб. Ал-мазҳабул ҳанафий (мароҳилуҳу ватабақотуҳу, завобитуҳу вамусталаҳотуҳу, хасоисуҳу вамуаллафотуҳ). – Риёз: Мактабатур Рушд, 2001. — Ж. 2.
  7. Муваттоул имом Молик – ривояту Муҳаммад ибнил Ҳасаниш Шайбоний. Абдулваҳҳоб Абдуллатиф таҳқиқи. – Ал-Мактабатул илмийя. – 594 б.
Шарофиддин ЛАТИПОВ

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …