Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЙЎЛЛАР ОБОД, КЎНГИЛЛАР ОБОД

ЙЎЛЛАР ОБОД, КЎНГИЛЛАР ОБОД

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг интервьюсини ўқиб, тўлқинланиб кетдим. Қалбимда қувонч, фахр-ифтихор туйғулари жўш урди.

Ўтган асрнинг 60-йилларини элас-элас эслайман. Тошкентнинг эски шаҳар қисмида биринчи марта лой кўчалар тош кўчага, кейинроқ асфальт йўлларга алмашди. Асосан, ариқлардаги, жумладан, Анҳор каналидаги сувни тиндириб, қайнатиб ичиб юрган маҳаллаларга ичимлик суви тармоғи тортилди. Даставвал 400-500 метр масофада умумий кранлар ўрнатилди. 5-10 йиллардан кейин хонадонларга сув тармоқлари кириб борди.

Шуни яхши эслайманки, 60-йилларда озиқ-овқат, айниқса, нон маҳсулотлари қаҳатчилиги ҳукм сурган бўлса ҳам, кўчаларнинг обод қилиниши ва ичимлик суви тортиб келиниши болаларга ҳам, катталарга ҳам олам-олам қувонч бағишлаганди…

Мустақилликнинг кейинги беш йилининг дастлабки йиллари мамлакатимизда аҳолининг турмуш тарзи ва шароитлари ўрганилди, ҳар бир хонадонга кириб, ҳар бир фуқаронинг яшаш шароитлари билан танишилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари тузилди, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” шакллантирилди ва ҳаётга жорий этила бошланди.

Мамлакатдаги ҳар бир инсоннинг ташвиши, ғами, муаммосини, айни пайтда қувончи, ғалабасини ўзиникидек кўриб келаётган Президентнинг ташаббуслари билан амалга оширилаётган барча ишлар заминида чуқур тажриба ва мантиқ ётибди. Бир тасаввур қилайлик: бир қарич лой кечиб мактабига борадиган боланинг кайфияти қандай бўлади-ю, оладиган билими қандай бўлади? Ариқ ёки каналдаги, нари борса, сув ташувчи машинадаги сувни истеъмол қилиш, эҳтиёжларга етказишга интилиш, сифатсиз сувнинг саломатликка таъсири, айниқса, бу йил ёз шароитида сув танқислиги каби омиллар инсон кайфиятига қандай таъсир кўрсатади? Буларнинг ҳаммаси эса одамдаги энг яхши фазилатларнинг: инсонпарварлик, поклик, ҳалоллик, хушмуомалалик, ватанпарварликнинг шаклланишида асосий омиллар эканини яхши биламиз.

Мана нима учун “Обод маҳалла” дастурига алоҳида эътибор қаратилди?! Амалга оширилган ишларнинг саноғига етиб бўлмайди: катта шаҳарларимизда ўн йиллар мобайнида сув босиб, чивинхона бўлиб ётган подваллар қуритилди. “Чин сўзим, ағанаб тушмайман”, деб турган 50-60 йиллик электр симёғочлар янгиларига алмаштирилди. Ҳали-ҳануз ташиб келтириладиган сувни челаклаб уйига олиб бориб юрган келинларимиз ва қизларимиз уйларнинг ичига ўрнатилган кранлардан баҳраманд бўлиш нима эканини англаб етмоқда. Жорий йилда энг чекка қишлоқларга ҳам жуда бўлмаганда тош йўллар тортилди, босқичма-босқич асфальт қилишга киришилди.

Янги мактаблар, болалар боғчалари қурилди, эскилари таъмирланмоқда. Одамларга, айниқса, ёшларга қишлоқ жойларда ер берилмоқда.

Натижада шаҳару қишлоқларимизнинг сурату сийрати ижобий томонга кескин ўзгарди. Ишсизлик, айниқса, жорий йилда кескин камая бошлади ва албатта, одамларимизнинг кайфияти яхши томонга ўзгармоқда.

Куни кеча Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани марказида, жазирама иссиқда рюкзак тақиб олган болакайни тўхтатиб: “Болам, қаёққа кетяпсан?” деб сўраганимда “Инглиз тили дарсига”, деганди қувончдан бошим осмонга етди… Жиззах шаҳрида очилган замонавий технологиялар институтига ҳужжат топшираётган бахмаллик оддий қишлоқдан келган, лекин инглиз тилини ўзлаштириб олган қизлар, француз ёзувчиси Дрюоннинг “Соҳибқирон Амир Темур” асари мавзусини айтиб берган қамашилик 80 ёшли Эргаш ота, Олмалиқ, Оҳангарон, бошқа шаҳар ва узоқ қишлоқларгача вагончаларда жиҳозланган “Гўзаллик салонлари”, бир эмас, бир нечта хорижий олий ўқув юртларига кириб улгурган ургутлик ёшлар, республика асал кўргазмасида иккинчи ўринни олган бухоролик ёш асалчилар, Марғилон ва Бойсундаги эгизак ҳунармандчилик масканлари, ҳар автобус бекатида ўша ерга хос иссиқ тандир нонини харид қилиш имконияти — буларнинг ҳаммаси ҳозирги кун воқелиги.

Қариялар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги борлар, етимларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик, қурилаётган кўркам уйлар, нуронийларнинг иззат-эътиборда экани ҳам кунимизнинг воқеликлари.

Ислом олами ва дунё тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз: Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Термизийлар, Бухорий, Улуғбек, Навоий ижодини ўрганиш, тарғиб қилиш, ислом динининг асл тинчлик, эзгулик ва бағрикенглик моҳиятини англаш ҳамда англатиш мақсадида ташкил этилган Имом Термизий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, буюк муфассирлар ва муҳаддислар анъаналарини давом эттирадиган юқори малакали ва чуқур илмли илоҳиётшуносларни тайёрлаш мақсадида фаолияти йўлга қўйилган Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ва Тошкентдаги Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам кунимизнинг ҳақиқатлари.

Янгиланган ва қайта жон ато этилган Фанлар академияси, қўлёзмалардан тортиб янгиланувчи энергия манбаларигача тадқиқотлар олиб бораётган илмий изланиш муассасалари, ўндан зиёд халқаро олий таълим муассасаларининг филиаллари, Президент мактаблари, спортчиларимизнинг Токиодаги ғалабалари ҳам бугунимизнинг фараҳбахш воқелигидир.

Албатта, ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Аммо биринчи қадамлар ташланди. Ҳаётидаги биринчи ўзгаришларни, ислоҳотларнинг биринчи натижаларини халқимиз кўриб, билиб турибди. “Қилса бўлар экан-у!” деяпти халқимиз обод маҳалладан тортиб “сити”ларимизгача назар ташлаб. Ҳа, давлат раҳбарининг ҳар бир қадами ҳаёт тажрибаси ва соғлом мантиққа асосланса, қилса бўлар экан, сиёсатининг мақсади элни ва ҳар бир инсонни рози қилиш бўлса, қилса бўлар экан!

Ҳазрати Навоий эл ғамини ўйлайдиган инсонни тараннум этганди. Куни кеча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган интервьюда давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди: “Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги фаолиятимнинг маъно-мазмунини ташкил этадиган энг улуғ мақсад—халқимизнинг тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида сидқидилдан фидокорона хизмат қилишдан иборатдир”.

Йўллар ва кўнгиллар ободлиги сари қадамларимиз бардавом, халқимизни рози қилиш учун олиб борилаётган олижаноб фаолият хайрли ва самарали бўлсин.

Шоазим МИНОВАРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2021 йил 19 август, № 175 (7955)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …