Home / Имом Бухорий ҳадислари / Расули акрам мўъжизалари “Саҳиҳул Бухорий”да …

Расули акрам мўъжизалари “Саҳиҳул Бухорий”да …

ЯХШИ МУОМАЛА ВА МУНОСАБАТГА ЭНГ ҲАҚЛИ ИНСОНЛАР

II жилд. 5971-ҳадис. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дер эди: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менинг яхши муомала қилмоғимга ким ҳақлироқдир?” деб сўради. Расулуллоҳ: “Онанг!” дедилар. У: “Яна ким?” деб сўради. Расулуллоҳ: “Яна онанг!” дедилар. У: “Яна ким?” деди. Расулуллоҳ: “Яна онанг!” дедилар. У: “Яна ким?” деб сўради. Расулуллоҳ : “Сўнг отанг!” дедилар.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу жавоблари ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматида бўлишнинг савоби улуғроқ эканлигига далилдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам онага яхшилик қилишни олдинга қўйдилар.

Уламоларимиз ушбу ҳадисга биноан “Онанинг ҳаққи отага нисбатан уч бора кўп”, деган. Чунки, она фарзанд учун жонини тикиб, тўққиз ой давомида барча машаққатларга сабр-бардош билан чидаб, уни қорнида кўтариб юради. Туғруқ чоғида эса ўлимни бўйнига олиб, барча азобларга тайёр бўлади. Кунни кун, тунни тун демай, фарзандини ювиб-тараб, чиройли тарбия бериб, катта қилади.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор “онангга” деганларидан сўнг, тўртинчи мартасида “отангга” дедилар.

Инсон зиммасида онанинг қандай ҳаққи бўлса, отанинг ҳам шундай ҳаққи бор. Отанинг оиладаги ўрни ва фарзанд олдидаги хизматини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Чунки, ота нафақат оиланинг қалқони, балки фарзандлар комил инсон бўлиб вояга етиш учун барча зарур маънавий ва моддий таъминотни бўйнига олган зотдир. Унинг йиллар давомидаги жидду жаҳди ва холисона саъй-ҳаракатлари сабабли фарзандлар бадастир ўсиб-улғайиб, муайян касб ва билимларни эгаллайди ва жамиятда ўз ўрнини топади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши бир қария билан келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Фалончи! Сен билан бирга келган бу киши ким?” дедилар. У: “Отам”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг олдидан юрма, ундан олдин ўтирма, исмини айтиб чақирма ва уни ҳеч ҳам ҳақорат қилма”, дедилар.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз ота-онага ҳар доим алоҳида эътибор билан қараб, ҳатто юриш ва ўтириб туришда ҳам уларга дилхиралик етказмасликка даъват қилганлар.

Ота аждодларга хос бой маънавият, қадрият ва диёнатни кейинги авлодга сингдирувчи, уларга ибрат намунаси бўлувчи устоз ва мураббий, асосий тарбиячидир. “Қобуснома”да ота ҳақида бундай дейилган: “Фарзандинг вужудга келганидек ҳаёт кечирсин. Сен унга жисму руҳи тетик, феъл-атвори етук, яхшилик ва ёмонликни фарқлаш туйғусига эга бўлиб камол топиши учун одоб, ҳунар ва билимни ўзингдан мерос қилиб қолдиргинки, келажакда комил инсон бўлиб етишсин”. Бу иш, албатта, уни соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқ эгаси бўлишига асос бўлади, чунки, фарзанд инсон сифатида вужудга келган кунидан бошлаб аҳлоқи, одати унга ҳамроҳ бўлади. Бу эса унга ота-онасининг ҳаёт тажрибасидан ўтади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Киши дунё ва охират ишларига оид саволларни аҳли илмдан сўрамоғи лозим.

Онанинг фарзанд зиммасидаги ҳаққи отага нисбатан уч баробар ортиқдир.

Отанинг фарзанд зиммасидаги ҳаққи буюкдир.

Доимо ота-онага яхшилик қилишга интилиб яшаш ҳам ибодат саналади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Check Also

Камсуқумлик ва камтарликнинг дурдона ибратлари

Аҳли ислом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши билади ва у зотнинг барча фазилатлари билан …