Home / МАҚОЛАЛАР / Расулуллоҳ қайтарган уч амал

Расулуллоҳ қайтарган уч амал

Бизга Муҳаммад ибн Салом ҳадис айтди. У: Бизга Жарир Абдулмалик ибн Умайрдан, у Муғира ибн Шуъба (р.а.)нинг котиби Варроддан хабар берди, – деди. Варрод айтди: “Мовия Муғийрага “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларингдан ёзиб юбор”, деб хат ёзди. Варрод айтади: Бас, (Муғира) менга имло қилди (айтиб турди) ва мен қўлим билан ёздим: “Албатта, мен У зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўп савол сўрашдан, молни зое қилишдан ва деди-дедидан қайтарганларини эшитдим”, – деди”.

Муғира ибн Шуъба–Абу Абдуллоҳ ас-Сақафий Мадиналик саҳобий, форс мамлакати фатҳидан авввал унинг подшоси Рустами достон билан музокара олиб борган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Муғира ибн Шуъба: “Албатта, мен У зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўп савол сўрашдан,

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига келган рисолатни ва унда бажаришга буюрилган ҳамда ман қилинган амалларни умматига босқичма-босқич етказиб бердилар. Ана шундай амаллардан бири кўп савол сўраш ҳисобланади. Расулуллоҳ бу сўзлари билан мутлақ савол беришни ман қилмадилар, балки ортиқча – жамият ва ўзи учун кераксиз бўлган саволларни беришдан қайтардилар. Саҳобалар иймон-эътиқод, шариат масалаларига жуда ҳарис эдилар. Айнан шариатда ҳаром ёки ҳалоллиги баён қилинмаган нарса ҳақидаги саҳобанинг саволи сабабидан ўша наросани ҳаром қилинишига олиб келиши эҳтимоли бўлган. Ҳадиснинг замирида (бошқа ҳадисларда келганидек) Қуръонда ҳаром деб келтирилмаган нарсалар ҳақида “бу ҳалолми, бу ҳаромми” деб сўраш ҳам ётади. Шу сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятга мувофиқ саҳобаларни кўп савол беришдан қайтарганлар.

Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар! Агар ошкор бўлса, сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!»[1] – деб марҳамат қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур оятни: «Бунинг маъноси: Кутиб туринглар! Қуръон нозил бўлганда сўраётган нарсаларингиз баёнини топасизлар,» – деб шарҳлаганлар.

Баъзи уламолар кўп савол сўрашдан мурод, бирор эҳтиёж бўлмай туриб тиланчилик қилиш ёки ҳаётда учрамайдиган воқеа ва масалаларни сўраш ёхуд киши ўзига ёхуд динига фойдаси бўлмаган беҳуда хабарларни суриштириб юриш кабилардир, деб таъриф беришганлар.

Шунингдек савол уч қисмга бўлинади:

  1. Сўралиши шарт бўлган савол.
  2. Сўралиши мумкин бўлмаган савол.
  3. Суралиши ихтиёрий бўлган савол.

Саволни берувчи сўрамоқчи бўлган саволи қайси тоифага киришини аниқламоғи лозим бўлади.

молни зое қилишдан

Аллоҳ таоло бандаларини бу дунёга имтиҳон қилиш учун келтирди. Кимнидир мусибат билан, кимнидир дард билан синайди. Аллоҳ таоло томонидан бандасини имтиҳон қилинишининг турлари кўп, ана шу синовлардан бири бандасини молу давлат билан неъматланишидир. Ислом динида молу давлат билан неъматланган банда ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, бойлигини яхшиликка сарфлаши ҳам ибодат ҳисобланади. Аммо молни зое қилиш эса, уни ноўрин, дунё ва охират учун ҳам фойдаси тегмайдиган жойларга сарфлаш исрофдир, исроф эса муқаддас динимизда гуноҳ хисобланади.

 “ва деди-дедидан қайтарганларини эшитдим”, – деди”.

Одамлардан эшитганини рост-ёлғонлиги аниқ бўлмасдан ва оқибатини ўйлаб кўрмасдан бошқаларга етказиш, асоси йўқ гапларни ташиш жамият иттифоқлигига, одамлар орасига раҳна солувчи энг оғир гуноҳлардан бири саналади. Чунки, баъзи катта гуноҳларнинг таъсири фақат ўз эгасига бўлса, бу каби гуноҳларнинг таъсири бутун жамиятга бўлади. Бу қабиҳ амалнинг таъсирида ҳатто ака-ука, опа-сингиллар, қавму қариндошлар бир-бирларидан юз ўгирадилар. Шунинг учун баъзи гуноҳлар бажарилиб бўлиши билан унинг зарари тугалланган ҳисобланса, етказилган бир асоссиз сўз ёки туҳмат гап ташишнинг зарари ва ўз эгасига гуноҳ ёзилиши йиллар ўтсада тўхтамайди.

Ахборот тарқалиши тезкор бўлган ҳозирги вақтда халқимиз тинчлигини бузиш мақсадида ўз манфаати учун ёлғон хабар тарқатувчи оммавий ахборот воситалари кўпайганини ҳамда дунёнинг турли давлатларида содир бўлаётган ҳар қандай хунрезликларнинг бошланиши замирида ҳам аслида ана шундай ёлғон хабарлар ётганлигини ҳаргиз ёддан чиқармаслик лозим. Мўмин-мусулмон киши ўзига келган ҳар қандай хабарни, хоссатан дин-диёнатга, ақидага боғлиқ бўлганларини таҳлил қилмоғи, унинг замиридаги асл ҳақиқатни ва бу каби хабарларни тарқатувчисининг асл мақсади нима эканлигини англаб етишга ҳаракат қилиши бугунги даврнинг долзарб талабларидандир.  

Бу борада Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 6-оятида “Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” деб мўминларни ҳар хил хабарларга алданиб қолмасликка, келаётган ҳар қандай хабарни текшириб кўришга буюради.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Дунё ва охиратга фойдаси бўлмаган нарсаларни сўрамаслик.
  2. Киши ўзи ва жамияти учун фойдаси бўлмаган илмлардан ўзини сақлаш.
  3. Молу давлатни беҳудага сарфламаслик.
  4. Асоссиз сўз ва хабарларга ишонмаслик.
  5. Асоси йўқ ва фойдасиз хабарларни жамият орасида тарқатиш ва тарқалишидан сақланиш.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қобилов Нодир

[1] Моида, 101.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …