Хотиралари, заковатлари ва илмларининг кенглиги
Муҳаммад ибн Аҳмад Ғунжор “Тарихи Бухоро” китобида айтганлар: «Мен Абу Амр Аҳмад ибн Муҳаммад Муқрийдан эшитдим. У киши Маҳийб ибн Сулаймдан, у киши Кармана имоми Жаъфар ибн Муҳаммад Қаттондан Муҳаммад ибн Исмоилнинг: “Минг ва ундан кўпроқ шайхдан ҳадис ёздим. Уларнинг ҳар биридан ўн минг ва ундан кўпроқ ҳадис ёзиб олганман. Ҳар бир ҳадисни санади билан ёд биламан”, деганларини эшитганлар».
Ғунжор айтганлар: «Бизга Муҳаммад ибн Имрон Журжоний шайх Абдураҳмон ибн Муҳаммад Бухорийдан эшитганларини айтдилар. У киши Муҳаммад ибн Исмоилнинг: “Ҳижоз, Ироқ, Шом ва Миср аҳлининг мингдан зиёд ҳадис ровийси билан юзма-юз бўлдим. Улар билан бир неча бор учрашдим. Шом, Миср ва Жазирага икки марта, Басрага тўрт марта борганман, Ҳижозда олти йил яшаганман. Маккий ибн Иброҳим, Яҳё ибн Яҳё, Ибн Шақиқ, Қутайба, Шиҳоб ибн Маъмар каби Хуросон муҳаддислари билан Куфа ва Бағдодга неча марта борганимнинг ҳисобини билмайман. Шомда Фирёбий, Абу Мусҳир, Абул Муғийра, Абул Ямон ва бошқа ровийлар билан учрашганман. Улардан бирортасининг: “Дин – сўз ва амалдан иборат. Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир”, деган сўзга хилоф қилганларини кўрмадим”, деганларини эшитганлар».
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтганлар: «Ҳошид ибн Исмоил ва яна бир кишининг: “Абу Абдуллоҳ Бухорий йигитлик чоғлари биз билан бирга Басра шайхларининг дарсларига қатнардилар. Бир неча кун ўтса-да, бирор нарса ёзмадилар. У кишидан: “Сен биз билан қатнайсану, лекин ҳеч нарса ёзмайсан, нима қиласан ўзи?” деб сўрардик. Орадан ўн олти кун ўтгач, бизга: “Сизлар бу саволни менга бир неча марта бердингизлар. Нима қилишим ҳақида кўп сўрадингизлар. Ёзганларингизни менга кўрсатингизлар-чи”, дедилар. Биз ёзганларимизни у кишига узатдик. Ёзган ҳадисларимиз ўн беш мингдан ортиқ бўлган экан. У киши шунча ҳадисни ёддан айтиб бердилар. Ҳатто биз у кишидан хатоларимизни тузатиб олдик. Сўнгра: “Сизлар мени вақтини бекорга ўтказиб, бориб-келяпти деб ўйлаяпсизларми?!” дедилар. Ўшанда у кишига ҳеч ким тенглаша олмаслигини билганмиз”, деганларини эшитдим».
Ҳофиз Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Адий айтганлар: «Бир қанча шайхлардан эшитишимча, ҳадис илмининг пешволари Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг Бағдодга келганларини эшитиб, у кишининг ҳузурларига йиғилишибди. Улар имом Бухорийни синаш учун юзта ҳадисни ўн кишига матн ва санадларини алмаштириб, бир санадни бошқа матнга, матнни эса бошқа санадга қўйиб ёдлатишган эканлар. Барча тўплангач, улардан бири туриб, ўнталикдан битта ҳадисни Бухорийдан сўради. У киши: “Буни билмайман”, дедилар. Иккинчисини сўради. “Буни ҳам билмайман”, дедилар. Ҳатто ўнта ҳадисни сўради. “Буни билмайман” деган жавобни такрорлайвердилар. Олимлар бир-бирларига қараб: “Бу одам билиб турибди”, дейишди. Бу илмлардан хабарсизлар эса, Бухорийни ожиз экан, ҳадисларни билмас экан, деб ўйлашди. Сўнгра иккинчи одам ўрнидан турди. Аввалгиси каби ҳадисларни чалкаштириб айта бошлади. Бухорий: “Буни билмайман”, дердилар. Сўнгра учинчиси турди. Ўн киши шу тарзда юзта ҳадисни айтиб чиқди. У киши эса “Бунақасини билмайман”дан бошқа гапни айтмасдилар. Уларнинг саволлари тамом бўлганини билгач, ҳадис айтишни бошлаганга юзланиб: “Биринчи ҳадисинг бундай, иккинчиси бундай, учинчиси бундай,… ўнинчиси бундай”, деб ҳар бир матнни ўз санадига қўйиб айтавердилар. Кейингиларини ҳам худди шу тарзда тузатиб айтдилар. Йиғилганлар тасаннолар айтиб, у кишининг ўткир қуввайи ҳофиза соҳиби эканликларига иқрор бўлишди».
Фирабрий айтганлар: «Абу Абдуллоҳнинг: “Али ибн Мадинийдан бошқа ҳеч кимнинг олдида ўзимни паст санамаганман (ҳеч кимга тан бермаганман). Мен ҳам у кишини ажаблантирган бўлсам керак”, деганларини эшитдим».
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Ҳофиз Ражо имом Бухорийнинг ҳузурларига келиб: “Менинг келишимнинг хабари сизга етса-да тайёргарлик кўрмабсиз. Нима ҳақда мунозара қиласиз?” деб сўрадилар. Бухорий: “Ҳеч нарсани такрорлаганим йўқ, ҳеч қандай тайёргарлик ҳам қилганим йўқ. Агар сиз мендан бирор нарсани сўрамоқчи бўлсангиз, сўрайверинг”, дедилар. Кейин икковлари мунозарани бошладилар. Ражо ҳайратдан қаерда эканликларини унутиб қўйдилар. Имом Бухорий: “Яна саволингиз борми?” деб сўрадилар. Ражо уялган ва тортинган ҳолатда: “Ҳа, бор”, дедилар. Бухорий: “Ундай бўлса, сўранг”, дедилар. Ражо ўн учта Аюб исмли ровийнинг номини зикр қилдилар. Бухорий бироз жим турдилар-да сўнгра: “Кўп нарсани жам қилибсиз”, дедилар. Ражо бу кишини бир бобда бўлса ҳам қойил қолдирдим, деб ўйлаб Бухорийга: “Эй Абу Абдуллоҳ, кўп илмдан маҳрум бўлибсиз”, дедилар. Имом Бухорий Аюбдан ривоят қилинган олтмишдан ортиқ ровийни айтиб бериб, Ражо санаган ўн учта ровийнинг етти-саккизтасини заифга чиқардилар. Ражо: “Қора салла ҳақида қанча ҳадис ривоят қилгансиз?” деб сўрадилар. Бухорий: “Сиз қанча ривоят қилганингизни айтинг”, дедилар… Ўшанда Бухорий: “Мен қирқтага яқин ҳадис ривоят қилганман”, дедилар. Ражо хижолат тортиб, тиллари гапга келмади».
Ибн Адий айтганлар: «Менга Муҳаммад ибн Аҳмад Қумийсий айтиб бердилар. У киши Муҳаммад ибн Хамиравайҳдан эшитганлар. У киши Бухорийнинг: “Юз минг саҳиҳ, икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёддан биламан”, деганларини эшитганлар».
Абу Бакр Калвазоний айтганлар: “Мен Муҳаммад ибн Исмоилга тенглашадиган олимни кўрмаганман. Олимлардан китоб олардилар. Бир марта унга қараб, ҳаммасини ёдлаб олардилар”.
Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий айтганлар: «Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқдан эшитишимча, (Бу Ибн Халаф Шерозийнинг ривоятлари эмас, бошқа ривоят.) у киши “Шамоили Абу Абдуллоҳ” китобларининг ҳошиясида: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: “Неча ҳадис мажлисида қатнашган бўлсам, унинг заифию саҳиҳини билиб олдим. Фиқҳ китобларининг ҳаммасини ўқиб чиқдим. Басрага беш марта кириб-чиқдим. У ерда мен эшитмай қолгани бўлмаса, деярли барча саҳиҳ ҳадисларни ёзиб олдим”, деганларини эшитдим”, деб ёзганлар».
Ғунжор “Тарих” китобларида ёзганлар. У кишига Абу Амр Аҳмад ибн Муҳаммад Муқрий, у кишига Абу Бакр Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Юсуф Пайкандий, у кишига Али ибн Ҳусайн ибн Осим Пайкандий айтганлар: «Муҳаммад ибн Исмоил келганларида ҳузурларида тўпландик. Кимдир: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг: “Китобимдан етмиш минг ҳадисни ёд биламан”, деганларини эшитдим”, деди. Бухорий: “Шундан ажабланаяпсанми?! Бу замонда ўз китобидан икки юз минг ҳадисни ёддан биладиган киши ҳам бор”, дедилар ўзларини назарда тутиб».
давоми бор…