Мен деярли чет елда 10 йил яшадим. Чет элда ишлаб яшаш чет элга чиқмаган ёки у ерда қисқа муддат бўлган инсонлар учун қизиқарлидир. Аммо бирор мамлакатда йиллаб қолиб кетсангиз бунинг ижобий ва салбий томонларининг таъсирини жуда яхши сезасиз. Чет мамлакатлардаги яшаш, ишлаш ва ҳаёт қийинчиликлари сизни инсон сифатида чиниқтиради, ривожлантиради янги кўникмалар янги қобилиятлар ва ҳаётнинг ўзгача қирраларини очиб беради. Боболаримизнинг “мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан” деган мақолни бекорга айтишмаганига бот бот амин бўласиз. Аммо кейинчалик бу нарсаларни соғиниб бутун ҳаётингиз давомида эслаб юришингиз ҳам аниқ. Баъзан шундай бўладики, Сиз ўша яшаган мамлакатингизда жуда яхши обрў эътибор топишингиз ҳам мумкин. Сизга барча ҳавас қилади ҳатто ҳасаддан очиқ келиб юзингизга айтиб кетадиганлар ҳам бўлади. Бу менинг бошимдан ўтган. Чет элда яшаш сизни ҳам ичдан ҳам ташқи тарафдан ўзгартириб юборади. Ўзгармайдиган битта нарса бор Ватан, тупроқ ва оила соғинчи. Истайсизми, йўқми, Сиз у ёқда экан ватанингиздаги жамият ҳам бирга бирга ўзгараётган бўлади. Яқин қариндошларингиз ҳаётидаги ўзгаришлар, уларнинг янги ҳаёт қураётгани, уйлар қуриб, тўйлар қилаётгани ва сиз бу нарсаларга иштироксиз қолаётганингиз ташвишга солади. Энг ёмони яқин кишиларингиздан кимларнидир йўқотиш (бу энг азоб берадигани) кабилар сизни “Нега мен ўз Ватанимда эмасман?” деган хулосага келтиради. Сиз бундай пайтларда на у ёқлик на бу ёқлик эканингизни ҳис қила бошлайсиз.
Бунақа вазиятларда косангизни тилладан қилиб беришса ҳам у ерда қолгингиз келмайди. Қанот чиқариб учиб кетгингиз келади. Ана шундай ҳолатлар кўп такрорланавиргач, истар истамас сизда нималаргадир нафрат ҳисси уйғонади. Буни англаш бироз қийин бундай пайтларда сизни бу дипрессиядан чиқариб кетадиган ягона нарса самолёт билети ва аэропорт бўлади. Ана шундай пайтларда жиддий қарор қиласиз “Нима бўлсам Ватанимда бўлай, майли, бир парча нонимни ҳалоллаб топиб, оилам ва яқинларимнинг олдида бўлай” деган хулоса қиласиз.
Масалан, чет элда тинимсиз ишлайсиз ва ёки ўқийсиз ақлингизга келган биринчи фикр шу бўлади. “Агар мен мамлакатимда ҳам шундай ишлаб, шундай ўқисам яхши топиб, яхши яшайман-ку” деган. Аммо сизнинг фикрингизга тўғри тушмайдиган битта жойи – иккала томондаги меҳнат бозорининг фарқлилиги. Шунинг учун ҳам қайтиб келганларнинг кўпи яна қайтиб кетиш азобига йўлиқади. Шундайларни кўрсам яна сиқиламан. Яна бир мисол, чет элдан ҳам кучга ҳам янги режалар ва ғояларга тўлиб тошиб келдингиз. Бу ўйлаган ишларингизни мамлакатингизда амалга оширмоқчисиз. Аммо Сиз, бу ердаги янги шароит ва кўникмаларга ўргангунча маблағингизнинг қанчасинидир йўқотган ёки Сизнинг фикрлаш тарзингиз бу ерга умуман тўғри келмаётган бўлади. Иш ва яшаш учун шароит яратиш, яқин қариндошлар ва ҳаттоки ўз оилангиз билан ҳам муносабатларни қайтадан тиклашингизга бир мунча вақт кетади. Бундай ҳолатларни бошига тушганлар албатта яхши билади. Масалан, сиз қайтиб келганингизда фарзандларингиз билан қайта тил топишиб олгунча ҳам анча овора бўласиз. Бу эса сизнинг ўз мамлакатингизнинг шарт шароитларидан чиқиб кетиб, бошқача фикрлаб ўрганиб қолганингиз сабаб бўлади. Сизни осон алдашлари мумкин негаки, мусофирчилик кўнгилни бўш қилиб қўяди. Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, агар Сиз чет мамлакатда катта натижага эришган бўлсангиз ҳам Ватан соғинчи Сизни тортаверади. Сиз ўзингизни муаллақ сезаверасиз ва охирги келадиган хулосангиз шу бўладики – Ватанимдан айирмасин. Шахсий фикрим эса шундай, яқин ўтган йиллар ичида миллатимизининг жуда кўп инсонлари бу ташвишларни бошдан кечиришди. Юқорида мен айтган ҳолатлар уларга жуда ҳам таниш бундай инсонлар эса ватанимизнинг қадрига етадиган инсонлардир. Шахсан мен чет элда ишлаётганларни уч тоифага бўламан. Биринчи тоифа: уларга ҳеч нимани фарқи йўқ пул топса бўлди. Иккинчи тоифа: ҳам пул топади ҳам тажриба тўплайди. Учинчи тоифага эса пулнинг унчалик аҳамияти йўқ, уларни кўпроқ ватанга қайтиш қийнади.
Мана бир йилдан ошди Ватанимдаман. Тўғриси, бу ердаги шарт шароитга мослашиш учун қаттиқ сабр қилдим бир неча марта депрессия ва асабийликларни бошдан кечирдим. Неча марта яна қайтиб кетиб қолгим келди. Аммо чет элга кетсам яна шу ҳолга тушаман. Буни билганим учун ўз мамлакатимда қолишим керак. Шу ҳақда ўйлаяпман менда ортиқ чет эл тажрибаси бор бу тажрибамдан фойдаланиб, ўз Ватанимга фойда бера олишим мумкин. Ўзимнинг қайсидир қобилиятим билан ватанимиз равнақига ҳисса қўша оламан. Чет элда олган тажрибаларимни бу ерда амалда қўллаб, фойдам тегиши мумкин. Негаки, Ўзбекистан четдан қараганингизда анча салоҳиятли давлат. Энг асосийси, бу ерда ўз ўрингизни топа олишингизда. Камчиликларимиз жуда кўп лекин булар билан курашиш керак. Кетиб қолаверсак у давлатлар биздан катта фойда кўради бу эса биз учун катта йўқотиш. Мен эса Ватанимда қолишни истаяпман. Аэропортга эса ўз оилам ёки яқинларим билан фақат саёҳат ёки бизнес ишларим билан чиқишни истайман.
Фазлиддин Мадиев