Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҲИДОЯТ ИМОМИ АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ

ҲИДОЯТ ИМОМИ АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ

Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат диёри, цивилизациялар кесишган чорраҳа, тараққиёт ўчоғи бўлиб келган. Мен, “Ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёт йўли” китоби муаллифи сифатида айтишим мумкинки, аниқ тарихий ва илмий фактлар Ўзбекистон диёри тарихан юксак илмий салоҳиятга эга бўлганини кўрсатади.

Бухоро ва Самарқанд Сомонийлар давлатидаги асосий илм-фан марказларидан эди. Айниқса, Бу­хоро маданий тараққиёт жиҳатидан давлатнинг энг муҳим шаҳри саналган. Бухоро васфида бухоролик машҳур олимлардан бири, “Ятимат-уд даҳр” китоби муаллифи Абу Мансур Саолабий қуйидагиларни ёзади: “У улуғворлик юрти, салтанат қибласи, замон улуғлари йиғилган макон, ер аҳли адиблари юлдузларининг чиқар жойи ва за­мон фозиллари тўпланган ердир”. Шунинг учун ҳам Бухородан кўра, аҳолиси илм аҳлига эҳтиромлироқ бирор шаҳар кўрилмаган. Сомонийлар даврида Бухоро шаҳридаги илмий юксалиш кўплаб илмий муассасалар фаолиятида намоён бўлган. Олимлар мунозара учун илмий муассасаларда тўпланишар, бундай машваратлар баъзи ҳолларда амирнинг қароргоҳида ҳам ўтказиларди. Ривоят қилинишича, амир Исмоил ибн Аҳмад олимларни ўзига яқин тутар, мунозараларини диққат билан тинглар эди.

Самарқанд шаҳри ҳам улкан илмий тараққиётнинг гувоҳи бўлган кўҳна заминдир. Самарқандда юксалган илмлар ва бу заминдан етишиб чиққан Абу Мансур Мотуридий, Ломиший Самарқандий, Алоуддин Самарқандий, Алоуддин Усмандий Самарқандий, Бадруддин Самарқандий, Саъдиддин Тафтазоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи сингари дунёга машҳур алломалар Самарқандни ҳам Бухоро каби толиби илмлар учун қиблага айлантирганидан далолат қилади.

Мовароуннаҳр минтақаси ислом умматининг кўзга кўринган кўплаб уламоларини етиштирди. Уларнинг турли фанлар бўйича ёзган асарлари бу диёрдаги улкан илмий муҳитнинг самараси эди. Хусусан, олтита ишончли ҳадис тўплами ичидан учтасининг соҳиблари Мовароуннаҳрда туғилгани ва шу ерда яшаб ижод қилгани фикримизнинг яққол исботидир.

Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган ана шундай улуғ мақомни сақлаб қолишга, юксак тараққиёт чўққисини қайта забт этишга интилмоқда. Мен биринчи бор Ўзбекистонга 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун келган эдим.

Бу ерда давлат томонидан илмий-маърифий соҳага берилаётган эътиборни кўриб ҳайратландим. Ушбу анжумандан кейин Ўзбекистон Президенти қарорига асосан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилаётгани ҳақида хабардор бўлдим ва илмий фаолиятимни юртингизда давом эттиришга қарор қилдим. Таъкидлашим зарурки, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиши оламшумул воқеа бўлиб, бу янгиликни дунё афкор оммаси, таниқли уламолар катта мамнуният билан қарши олди. Чунки бугунги кунда Имом Мотуридийнинг илмий меросини ўрганишга бутун дунёда катта қизиқиш билдирилмоқда.

Мотуридийлик таълимоти суннийлик йўналишидаги икки йирик мактабнинг бири бўлиб, у ўз мўътадиллиги билан ажралиб туради. Бунинг асосий сабаби шуки, Имом Мотуридий ўз таълимотини даврнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда яратган. Шунинг учун мотуридийлик таълимотини ўрганишга қизиқиш катта. Бу таълимот дунёнинг кўплаб йирик таълим муассасаларида, хусусан, ал-Азҳар университетида ҳам ўқитилади. Бугунги кунга қадар ал-Азҳар университетида мотуридийлик таълимоти бўйича 150 дан зиёд илмий иш чоп этилган бўлиб, айни пайтда бажарилаётган илмий изланишлар сони бундан бир неча баробар зиёддир. Қайд этиш керакки, Буюк Британиянинг нуфузли Оксфорд университети ҳам мотуридийлик таълимотининг бугунги аҳамияти жуда катта эканини алоҳида эътироф этган.

Ўзбекистондаги Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, маърифий жиҳатларини илмий асосда ўрганадиган ва тадқиқотлар олиб борадиган, тадқиқот натижаларини халқаро жамоатчиликка етказадиган нуфузли халқаро муассасалардан бири бўлишига ишонаман. Шунингдек, ҳозирги вақтда ислом олами Имом Мотуридийнинг илмий мероси, мотуридийлик таълимоти ва унинг эзгу ғояларини тарғиб қиладиган ана шундай илмий марказга катта эҳтиёж сезмоқда. Ўзбекистон бу соҳада тажрибага эга. Чунки Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат маркази бўлган, ишончим комилки, бундан кейин ҳам ана шу юксак мақомни сақлаб қолади.

Биз Имом Мотуридий таълимотини кейинги авлодларга соф ҳолда етказишимиз зарур. Мотуридийлик ақида ва калом илми борасида дунёдаги энг кучли мактаблардан бири бўлган. Бу мактабнинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, мотуридийлик таълимоти ислом тарихидаги забардаст олим Абу Ҳанифадан ўтиб келаётган улкан мерос ҳисобланади. Ҳозир мотуридийлик мактаби илмий меросини тиклаш вақти келди. Чунки бу мактаб таълимотидан узоқлашиш натижасида турли ғаразли кучлар ва экстремистик оқимлар фаолияти кучая бошлади. Дунё миқёсида диний ихтилофлар мураккаблашиб, мутаассиб оқимлар фаолияти тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай мафкуравий кураш жараёнида ёшларни исломнинг анъанавий таълимотига зид бўлган ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, хусусан, илгари сурилаётган нотўғри ақида ва тушунчаларни мотуридийлик таълимоти асосида тузатиш долзарб аҳамиятга эга. Имом Мотуридийнинг “Китаб ат-тавҳид”, “Таъвилот аҳл ас-сунна” асарларини таржима қилиш, ўрганиш ва ёшларга етказиш орқали уларни турли ғаразли кучларнинг ёт ғоялари хуружидан сақлаб қолиш мумкин.

Ҳозирги вақтда дунё мусулмонларининг тахминан 40 фоизи ушбу таълимот вакиллари саналади. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб қилишда ниҳоятда катта имкониятга эга. Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати мазкур халқаро марказ фаолияти учун барча имкониятларни яратиб берган. Менинг истагим — дунёдаги барча мусулмон уммати фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмларини Ўзбекистондаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти орқали ўрганишлари керак. Бу менинг орзуим, ушбу орзуим амалга ошишини истайман ва бунга ишонаман.

Бу марказ нафақат Ўзбекистонда, балки бутун ислом оламида улкан илмий тараққиёт пойдевори сифатида хизмат қиладиган даргоҳ бўлиб қолишига тилакдошман.

Аҳмад ДАМАНҲУРИ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими,
Миср Араб Республикасининг ал-Азҳар университети доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 27 май, № 106 (362)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …