Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хатти-ҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир, у адолатпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатиши, барча одамларга эзгулик билан муомалада бўлиши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши, бошқаларни ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталигига ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик ва фасод ишлар саналади. Ҳеч қандай айби бўлмаган одамни жазолаш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Қуръони каримда мўмин бандаларни шундай огоҳлантирилади: “Кимки бирор жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”. (Моида-32)
Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Мутлақо, бугунги кунда равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир. Ислом таълимотидан тарих хабар берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас.
Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ер юзининг турли бурчакларида бегуноҳ одамларни оммавий ўлдириш, террор ва генотсид ҳолатларнинг санаб саноғига етиб бўлмай қолди. Сунъий равишда пайдо қилинган тўқнашувлар бир мамлакат ёки миллат ичида қонли тўқнашувларга олиб келяпти, одамларнинг қони ва кўз ёши беҳисоб тўкиляпти. Кўриниб турибдики, барча кулфат ҳамда кўнгилсизликларнинг замирида том маънода Худодан қўрқишнинг ва соф иймон-эътиқоднинг йўқлиги ётибди, чунки бу қилинаётган ваҳшийликлар у ёки бу диннинг номидан амалга оширилаётган бўлишига қарамай, чин эътиқод ва иймонни – қон тўкилишига, аёлларни хўрлаб, қул қилиб сотилишига, болалар ва кексаларни хор-зор ҳамда шаҳарларни вайрон қилинишига асло алоқаси йўқ. Эътиқодсизликда ёки бузуқ эътиқодда улғайган жамият Роббисининг жазолашидан қўрқмайди, Унинг ҳисоб-китоб кунида ҳар бир киши дунё ҳаётида қилган амаллари учун жавоб беришига ва ҳар бир киши амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонмайди. Ўз динларининг асл моҳиятидан бехабарлар ҳар қандай шафқатсизлик ва золимлик, бузғунчилик ва ёвузликдан қайтмайдилар. Ҳақиқий иймонли киши инсониятга зарар етказувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга кўз юмолмайди. Парвардигорининг ҳақлигини инкор этувчи ёки унинг оятларини нотўғри талқин қилувчи кимса эса жоҳиллиги ва нодонлиги сабаб ўзининг жазосиз қолишига ҳамда дастининг узунлигига ишонади ва асли пуч ғояларини баҳона қилиб, ўз хоҳишига кўра ҳар қандай ёвузликдан қайтмайди.
Минг афсуслар бўлсинки, гурунч курмаксиз бўлмагани каби бугун юртимиздан ҳам ҳар-хил баҳоналарни сабаб қилиб, чет давлатларга ишлаш учун бориб, фикри ҳамда ғояси бузуқ ва қорнидан бошқа ғами йўқ инсонларни алдовига тушиб, юртига, Ватанига хиёнат қилаётган инсонлар, айниқса ёшлар учраб турибди. Шунинг учун қалбимиз райҳонлари бўлмиш фарзандларимизга эътиборли бўлмоғимиз, уларни теран фикрли ҳамда мустаҳкам эътиқодли етук инсон бўлиб вояга етиши учун ота-оналар ва ҳар биримиз масъулмиз!
Бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлган, террорчилик ва жаҳолатга қарши кураш йўлида зудлик билан қўйилиши керак бўлган биринчи қадам – бу, жамиятда маърифат, маънавий ва диний тарбияни жорий этиш, инсонлар айниқса бугунги кунда ёшлар, яъни фарзандларимизни онгида иймон ва динга бўлган муносабатларини тўғри йўл ва тўғри эътиқодга йўналтириш, оиласига ғамхўр, жамиятига манфаатли, Ватанига меҳр ва муҳаббат туйғуси билан тарбиялашга интилайлик!