Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази хорижий мамлакатлардаги нуфузли илм-фан муассасаларининг таниқли олимлари билан онлайн семинарлар туркумини изчил давом эттирмоқда.
“Мовароуннаҳр адибларининг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзуига бағишланган навбатдаги анжуман Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Марказ тадқиқотчилари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олимлари иштирок этди.
Семинарда туркиялик адабиётшунос олим – Анқара Йилдирим Боязид университети доценти Ўғузхон Айдиннинг мазкур мавзудаги маърузаси тингланди.
Олим Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан машҳур мутафаккир ижодкорлар, уларнинг машҳур асарлари, ўтмишда ва замонамизда адибларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритди. Ислом цивилизацияси равнақида уларнинг ижоди ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлганини, ҳали-ҳануз ўзининг маънавий-маърифий қимматини сақлаб келаётганини алоҳида қайд этди.
Ўғузхон Айдин Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”идан парчалар ўқиб, халқчил услубда битилган бу мисраларнинг ўзи исломнинг асл моҳияти тинчлик, эзгулик ва тараққиёт эканидан далолат беришини, мовароуннаҳрлик барча ижодкорлар асарларида бу жиҳатлар ёрқин акс этишини таъкидлади.
– Бутун ер юзида қуёш фалакдан нур сочади, Мовароуннаҳр диёрида эса, нур ердан фалакка қараб сочилади. Зеро, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби ислом илми устунларининг киндик қони шу тупроққа тўкилган. Самарқанднинг “Рўйи замин сайқали”, уч қуббатул исломнинг бири бўлган Бухоронинг “Рўйи замин қуввати” деб эъзозланишида, аввало, мумтоз адибларнинг хизмати катта бўлган эса, ажабмас. Чунки, олимлар ҳам, ҳукмдорлар ҳам дастлаб адабиёт орқали илҳомланган, адабиёт туфайли камолотга етишган. Исломнинг етти пири ҳам мана шу диёрда таваллуд топган. Буларнинг барчаси муқаддас динимизнинг Маккада пайдо бўлиб, Мовароуннаҳрда тараққий топгани тўғрисидаги фикрларни яққол тасдиқлайди, – деди туркиялик олим.
Ўғузхон Айдин адабиёт сўзининг ўзаги “адаб”дан олинганини, айни пайтда исломда ҳам адаб, поклик, ҳаё каби фазилатлар устувор ўрин тутишини, шу боис ҳам буюк мутафаккирларимиз бадиий ижодиётга алоҳида меҳр билан ёндашганини таъкидлади. Дарҳақиқат, бугунги кунда жаҳон афкор оммаси адиб эмас, олим санайдиган Форобий, Ибн Сино, Беруний каби алломалар ҳам ўз илмий асарлари ҳошиясига рубоийлар, байтлар битган. Туркиялик олим Соҳибқирон Амир Темурнинг буюк давлат арбоби ва етук саркарда бўлиб етишишида ҳам айнан адибларнинг таъсири муҳим ўрин тутганини алоҳида қайд этди.
– Илм ва адабиёт бамисоли бир қушнинг икки қаноти, бир отанинг икки фарзанди, бир олманинг икки бўлагидир. Уларни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Мовароуннаҳр адиблари ўз ижод маҳсуллари билан бу ҳақиқатни мудод тасдиқлаб келган, – деди Ўғуз Айдин.
Семинар сўнгида туркиялик олим тадқиқотчиларни қизиқтирган саволларга Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайни”, Лутфийнинг “Наврўзи”, Румийнинг “Маснавийси”, Бобурнинг “Бобурномаси”, Шошийнинг “Баҳристони” каби асарлар асосидаги намуналар билан атрофлича жавоб қайтарди.