Home / МАҚОЛАЛАР / МУЖТАҲИД ИМОМЛАР ДАВРИ

МУЖТАҲИД ИМОМЛАР ДАВРИ

VIII аср охирида аббосийлар ҳокимият тепасига келиши билан илмий-маданий ҳаётда бир қанча ўзгаришлар рўй берди. Ислом маданияти, илм-фани ривожининг энг юқори чўққиси аббосийлар даврига тўғри келади. Давлат тузуми ва идорасими, урф-одатлар ва турмуш тарзими, маданият ёки меъморчилик бўладими, барча соҳаларда халифаликнинг шарқий вилоятлари, Эрон ва Мовароуннаҳрдан кўпроқ ибрат олинганлигини ва бу минтақалардан етишиб чиққан арбобларга суянилганини кўрамиз.

Бу даврда Бағдод шаҳри илм-фан марказига айланди ва бу ерда ташкил этилган “Байт ал-ҳикма” ўз даврининг машҳур олимларини жамлаган илмий марказ мақомини олди. Бу илмий марказга йиғилган турли дин ва миллат вакиллари шунингдек, бошқа эътиқодга мансуб бўлган олимлар ҳамкорликда ўша давр илмларининг деярли барчаси билан шуғулланиб, қатор соҳаларда йирик кашфиётлар қилиб, янги асарлар ёздилар ҳамда ўз ижодлари билан Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирдилар. Бундан ташқари, бу даврда бошқа шаҳарлардан ҳам кўпгина уламолар етишиб чиққан.

Шулар қаторида фиқҳ илми ҳам буюк имомлар билан кўзга кўринди. Мужтаҳид имомларнинг даври 132/749 йилдан 350/961 йилгача давом этган.

Мана шу даврда фиқҳ пишиб мукаммал бўлди. Мазҳабларга асос солинди, мужтаҳид имомлар етишиб чиқди. Улар орасида машҳур мазҳаббошилари бўлган тўрт имом ҳам бор эди. Шунингдек бу даврда ҳадис ва фиқҳ ёзилди ҳамда фиқҳ асослари илми пайдо бўлди. Баъзи шарқшунослар: “Ислом фақат мана шу даврга келиб тўлиқ ва мукаммал бўлган”, деган мантиқсиз фикрни илгари сурган. Венгриялик шарқшунос Игнац Голдциер: “Ислом тафаккури ривожланиши, амалий шаклларни қўйиш ва тизимларга асос солиш, кейинги олимларнинг амали натижасида бўлган эди. Буларнинг барчаси ички курашсиз ва муваффақиятларсиз тўлиқ бўлмаган. Шунингдек, ислом ҳар бир алоқадорликда комил йўл билан оламга келган деб айтилмайди. Балки акси бўлган. Ислом ва Қуръон ҳар бир нарсани тўлдирмаган, камолотга етиши кейинги авлодларнинг қилган амаллари натижаси бўлган”,[1] деган. Бу сўзи билан у Ислом ва Қуръонга нисбатан айб қўйиб жиноят қилган. Аллоҳ таоло бу динни комил қилганини бундай деб баён қилган: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим[2], “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик[3].

Фақиҳларнинг ишлари Қуръон ва суннат матнларини тушунишга ижтиҳод қилиш ҳамда ҳодиса ва воқеаларнинг икки матнга боғлаш бўлган. Бу барча шариат ва қонунчиликларда мавжуд бўлган ишдир. Инсонлар томонидан жорий қилинган қонунларда эса бундай қисмлар ва тафсилотлар назарда тутилмайди. Аксинча, бундай ишлар қозилар ва дастурий моддаларни тушуниш ҳамда амалга ошириш бўйича иш юритадиган масъул шахсларга топширилади.

 Бу даврда Ислом фиқҳнинг ривожланганига олти сабабни кўрсатиш мумкин:

Биринчи сабаб, Аббосий халифаларнинг фиқҳ ва фақиҳларга бўлган эътиборларидир. Улар фақиҳларга моддий кўмак бериб, қўллаб-қувватлаган. Халифа Мансур ҳаттоки Молик ибн Анаснинг “Ал-Маватто” асари ҳақида “бу китобингни Каъбага илиб қўйиб, уни турли жойларга тарқатишни хоҳлайман, низоларни ҳал қилиш учун одамларни унга амал қилишига буюраман” деганида, Имом Молик ундай қилмаслигини сўраган.

Иккинчи сабаб, масжид ва илм ҳалқаларида уламолар ўртасида ихтилоф ва мунозараларнинг кенг тарқалишидир. Айрим асарлар мана шу мунозаралар туфайли бойиган. Илмий масалада ҳақиқатни намоён қилиш учун уламолар ўртасида ихтилофларни келтириб чиқарган.

Бироқ кейингилар, бу ихтилофларни ўз мазҳабларини ривожлантириш ва ўз томонларига қаратишга ишлатишди. Шунинг учун улар айрим ихтилофли масалаларни олдинга қўйишган. Аслида эса, ихтилофлар ҳақиқатга яқинлашишга хизмат қилган.

Учинчи сабаб, тафсир, суннат ва фиқҳ илмлари учун ёзиш ҳаракатининг пайдо бўлиши. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумларнинг тафсирлари ёзила бошланган. Шунингдек саҳобаларнинг фатволари, хулафои рошидинларнинг ҳукмлари ва тобеъинлар ҳамда улардан кейинларнинг фатволари ёзилган. Бу даврда илмлар пишиб етилган ва мустақил махсус дастурлари бўлган.

Биринчи бўлиб Имом Молик ибн Анас “Ал-Муватто” асарини ёзган. Ҳожи Халифа: “Бу (“Ал-Муватто”) Ислом шариатидаги биринчи таълиф этилган китобдир”[4], деган.  Имом Моликнинг асрида Маккада Абдулмалик ибн Журайж, Шомда Авзоъий, Куфада Суфён Саврий, Басрада Ҳаммод ибн Салама, Яманда Маъмар, Хуросонда Абдуллоҳ ибн Муборак, Райда Жарир ибн Абдулҳамид Ислом илмларини китобга муҳрлаган. 

Имом Абу Ҳанифанинг ақида илмига тегишли “Ал-Фиқҳул акбар” асари ҳам биринчи ёзилган китоблар қаторига киради.

Имом Шофиъий фиқҳ асослари илми ҳақида биринчи бўлиб ёзиб, ҳукм олиш дастурини ишлаб чиққан. Фиқҳ булоқларини баён қилган ва унинг хусусиятларига ойдинлик киритган. Бу Имом Шофиъийдан олдин фиқҳ асослари йўқ бўлган дегани эмас. Фиқҳ асослари илми Набавий шариатдан бери мавжуд бўлган, фақат китобат қилиб ёзилмаган.

Тўртинчи сабаб, қоғознинг кашф этилиши ва унинг умумий ислом шариат илмларига, хоссатан фиқҳ илмига таъсири бўлди.

Уламолар илмни қалбларига ёзишга ўргангандилар. Ёдлаб олардилар лекин ёзиб қўймасдилар.  Аллоҳ таоло оми умматга Муҳаммад алайҳис саломни жўнатганини: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар)* орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар[5], деб баён қилган.

Улар қалбларида сақлаб қолишга ишонар эдилар. Ёзиш усуллари қийин эди. Ёзишни истасалар тери, дарахт пўстлари, суяк ва тошларга ёзишган. Табиийки, бу машаққат келтиради. Уларга ёзганда ҳам кўтариш, бошқа жойга олиб бориш қийин бўлган.

Аллоҳ таоло халифа Маъмун даврида қоғозни Фазл ибн Яҳё Бармакий томонидан кашф этди. Биринчи халифа номалари ва расмий хатлар ёзила бошланган. Қоғоз ишлаб чиқариш кўпайганидан сўнг уламолар ҳам ёза бошлаган. Шундай қилиб китоблар ёзилиб, тарқала бошлади. Илм ўрганиш енгиллашди.

Бешинчи сабаб, фиқҳга оид масалаларнинг кўпайиши. Хулафои рошидинлар даврида Ислом фатҳлари бошланганидан кейин фиқҳга тегишли масалалар кўпайди. Ислом турли халқлар ичига кириб бориб кенгайди. Ироқ, форс шаҳарлари, Шом ва Мисрга етиб борди. Бу ўлкалар фатҳдан сўнг Ислом давлатига янги вилоятлар бўлиб қўшилди. Табиийки, улар билан мусулмонлар  ўртасида муомала, тижорат, турмуш қуриш ва бошқа масалалар келиб чиқди. Бу ишларнинг барчаси юзага келган масалаларни ечишда уламоларнинг ижтиҳод қилишига олиб келган.

Олтинчи сабаб, мужтаҳид имомлар ва мазҳаббошиларининг келиб чиқиши. Улар ўн учта имомлардир; Ҳасан ибн Абулҳасан Басрий, Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит, Абдурраҳмон ибн Умар Авзоъий, Суфён ибн Саид Саврий, Лайс ибн Саъд, Молик ибн Анас ибн Молик Асбаҳий, Суфён ибн Уяйна, Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий, Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Роҳавайҳ, Абу Савр Иброҳим ибн Холид Калбий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Довуд ибн Али Зоҳирий, Муҳаммад ибн Жарир Табарий.

Бу имомларнинг етишиб чиқиши илмнинг тарқалишига катта таъсир кўрсатган. Уларнинг фиқҳга оид ижтиҳодлари фиқҳ илмини бойитган.    

Юқорида келган сабабларга кўра бошқа илмлар қатори фиқҳ илми олимлари ҳам ривожланиб, Ислом умматига юксак даражадаги мактаб бўлди.  

[1] Игнац Голдциер. Ал-Ақида ваш шариъа фил ислом. –Байрут. Дорур роидил арабий, 1946. –Б.36.
[2] Моида сураси, 3-оят мазмуни.
[3] Наҳл сураси, 89-оят мазмуни.
[4] Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Ж.2. Дорут табоатил мисрия, 1857 – Б. 370.
[5] Жума сураси, 2-оят мазмуни.
 Қ. МАҲМУДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …