Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФДА УВАЙСИЙЛИК ЙЎЛИ

ТАСАВВУФДА УВАЙСИЙЛИК ЙЎЛИ

Увайсийлик – бир кишининг ўзи зоҳиран кўрмаган шахс ёки бир гуруҳ шахслардан маънавий боғланиш орқали илм олиши ва бунинг натижасида пайдо бўлган йўналишни англатувчи тасаввуф истилоҳи, тариқатларда сайру сулук бир шайх раҳбарлигида амалага оширилади. Шу билан бирга истисно ҳолларда шайхсиз ҳам Ҳаққа эришиш мумкин. Бу йўлга увайсийлик дейилади[1: 72].

Пайғамбар (а.с.) бир замонда Яман диёрида яшаб, мусулмон бўлган, лекин у зот билан бевосита кўриша олмаган Увайс Қараний маънавий боғлиқлик туфайли Пайғамбар (а.с.)дан таълим олган ҳисобланади. Шунга ўхшаш ҳолатларни ҳис қилган шахсларга Увайсий, мазкур йўналишга эса увайсийлик номи берилган. Баъзи манбаларда увайсийлик исломдан аввал ҳам мавжуд бўлгани қайд этилади. Мусо (а.с.) замонида Бурҳ (Бурҳи Асвад) исмли мутавозеъ бир киши яшагани, унинг Аллоҳ ҳузурида улуғ мартаба қозонгани, унга эргашган кишилар бир-бирларини қалбан англагани, бундай кишиларни бурҳиён деб аташгани, исломдан кейин эса уларга увайсий номи берилгани таъкидланади[2: 400-401].

Тасаввуф манбаларида беш хил суфийлар учун увайсий атамаси қўлланган. Булар:

  1. Пайғамбар (а.с.) ёки бошқа пайғамбарлар руҳониятидан насиба олганлар.
  2. Увайс Қараний руҳониятидан иршод олганлар.
  3. Чоҳорёрларнинг бири билан боғлиқлик ҳис қилиб файз олганлар.
  4. Бирор солиҳ шайх ёки қутблар руҳониятидан иршод олганлар.
  5. Хизр (а.с.)дан ёки бирор муршиддан руҳоний йўл билан таълим олган кишилардир[3: 95].

Увайс Қараний ҳақида тасаввуфий манбаларда кўплаб маълумотларни учратиш мумкин. Жумладан, машҳур суфий Ҳаким Термизий (ваф. 932 й.) “Наводир ал-усул” асаридаги анбиё ва авлиё мартабаларидаги тафовут ҳақидаги бобда Увайс Қаранийни юқори мартабаларга эга валий зот сирасида зикр этади[4]. Шунингдек асарнинг “руҳлар мулоқоти” ҳақидаги бобида ҳам Ҳарам ибн Ҳайённинг Увайс Қараний билан учрашувидаги машҳур суҳбатни ҳам келтириб ўтади[4]. Бухоролик Абу Бакр Калободий эса (ваф. 990 й.) “Таарруф” китобининг иккинчи бўлимида Увайс Қаранийни “суфийлар илмидан сўз очган, уларнинг шавкатларини ифода этган, мақомларини ёйган, саҳобийлардан кейин уларнинг ҳолатларини сўзлари ва амаллари билан васф этган шахслар” дея таърифлаган 40 га яқин суфийлар сирасида зикр этган[5: 10-11].  Фаридуддин Аттор эса (ваф. 1230 й.) “Тазкиратул авлиё” асарида Увайс Қаранийга бағишланган алоҳида бўлим ажратган. Аттор ушбу асарида у увайсийликка қуйидаги таърифни беради: “Билгилки, бир тоифа одамлар бўлади, уларни Увайсий, дейдилар. Улар Увайс топганидек ҳеч бир ҳожат ва воситасиз Пайғамбар (а.с.) руҳониятидан тарбия топадилар. Алар шунчаки зоҳирда бир-бирини кўрмадилар, аммо ботиндан файз-футуҳ топдилар. Бу олий мақомдир, у давлат ҳар кишисига муяссар бўлмас. Аллоҳнинг шундай сўзи бор: Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир” [6: 39].

Бундан аввал ёзилган асарларда увайсийлик алоҳида бир тасаввуф мактаби ёки йўналиши сифатида қайд этилмаган эди. Кейинги асрларда ёзилган бир қатор асарларда увайсийлик мавзуси қаламга олинган, увайсий нисбати берилган баъзи суфийлар ҳақида алоҳида китоблар ҳам таълиф этилган. Хожа Муҳаммад Порсо “Рисола-и Қудсийя” асарида: “Авлиёлардан бир қавм бўлади, уларга машойихи тариқат ва кубаройи ҳақиқат Увайсийлар, дейилади. Зоҳирда улар пиру муршидга беэҳтиёж. Зеро уларга Ҳазрат Набий алайҳиссалом, ўз иноят бағридан ўзганинг воситасисиз парвариш (тарбият) қилади”, деб таъкидлаган. Яъни зоҳирда пирга эҳтиёж сезмай, Ҳазрати Муҳаммад (а.с.)дан илҳом олган авлиёларга увайсий дейилади[7: 94].

Тасаввуф манбаларида увайсийлик нисбат берилган илк суфий Иброҳим ибн Адҳам (ваф. 778 й.) ҳисобланади. Унинг Хизр ёки Увайс Қараний руҳониятидан файз олгани нақл қилинади. Яна илк давр суфийларидан Боязид Бистомий Жаъфар Содиқдан, Абул Ҳасан Ҳарақоний эса Боязид Бистомийдан увайсийлик йўли билан маънавий таълим олгани манбаларда қайд этилади. Шунингдек, Баҳоуддин Нақшбанд Ҳаким Термизий ва Абдулхолиқ Ғиждувонийдан, Абу Бакр Зайнуддин Тоябодий Аҳмади Номакий Жомийдан, Аҳмад Фақиҳ эса Увайс Қаранийдан шу йўл билан иршод олгани манбаларда қайд этилади.

Нақшбандийликни Анатолияга олиб келган илк нақшбандий шайхлардан Абдуллоҳ Илоҳий “увайсийлик сара инсонларнинг йўли бўлиб, ҳаммага ҳам насиб қилавермаслиги”ни таъкидлаган. Унинг фикрига кўра, Увайс Қараний руҳониятидан файз олган кишиларда узлат, риёзат ва дунёдан кўнгил узиш ҳолати намоён бўлади. Бинобарин, Ҳаким Термизий ва Ибн Арабийга юзланган инсонларга эса ғайб сирлари очилади, Ҳарақоний ва Боязид Бистомийга йўналганларда фано, ғайб ва ўзидан кечишлик, Садруддин Кўнявийнинг маънавий муридларида эса ҳақиқат илмлари ила ҳожатсизлик руҳияти намоён бўлади, деган[2].

Шу ўринда комил ишонч билан қайд этиш лозимки, Мовароуннаҳрда Ҳаким Термизийни (ваф. 932 й.) илк увайсий суфийлардан бўлган. Зеро, манбаларда Ҳаким Термизийнинг сулук бўйича муайян устозлари қайд этилмайди. Термизийнинг ҳаёт йўли, асарлари тадқиқи ҳам унинг увайсий суфийлардан бўлганини тасдиқлайди. Манбаларга кўра, Ҳаким Термизийда 27-28 ёшларида Маккани зиёрат қилиш истаги туғилади. Ҳаж зиёратини адо этиб, юртга қайтиш асносида Ҳаким Термизийнинг ҳаёт тарзи, дунёқараши ва одамлар билан ўзаро муносабатида батамом бурилиш содир бўлди. У атрофидаги ҳаётга тамомила бошқача кўз билан қарай бошлайди. Унда хилват жойларда бўлиш, одамлардан холи қолиш, узлатда бўлиш каби ҳис-туйғулар пайдо бўлади. У, қабристон ва шаҳар атрофидаги вайроналарда айланиб юради. Ана шу даврда у ўзига руҳан мадад берадиган ва сулук йўлига бошлайдиган пир муршид излайди. Аммо бунга муяссар бўла олмайди. Термизийнинг руҳий кечинмалари тасвирланган автобиографик асари «Будувв аш-ша’н»да маълум бўладики, Ҳаким Термизий рўбарў бўлган маънавий тушкунлик даврида, қўлига Аҳмад ибн Осим Антокий[8: 137-140] нинг китоби тушиб қолади. Ҳаким Термизийни сулук йўлига элтувчи, унинг кўнгли излаб, руҳи таскин топган ва барча саволларига жавоб олган ана шу китоб унга пирлик вазифасини ўтади. Ана шу китоб орқали у Аллоҳга яқинлашиш учун зарур бўлган маърифатни тамомила эгаллади.

Баъзи ривоятларда Хизр (а.с.) Ҳаким Термизийга таълим бергани ҳақида айтилади. Жумладан, форс шоири Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ал-авлиё» асарида бу ҳақда ривоятлар келтирилган. Шунингдек, Термизийнинг шогирди Абу Бакр Варроқ Термизийнинг қуйидаги гапи ҳам қайд этилган: «Ҳар якшанба куни ҳазрати Хизр (а.с.) ул зотнинг олдига келар, турли воқеаларни (тушларни ва маънавий ҳолларни) бир-бирларидан сўрар эдилар»[9: 47]. Шунингдек, балхлик машҳур қомусий олим Маҳмуд ибн Вали (XVII аср) эса, Пайғамбар Зулкифл дафн этилган Термиз яқинидаги Пайғамбар орол Ҳаким Термизий ва Хизр (а.с.)ларнинг учрашув жойи бўлганини қайд этган[10: 34].

Ҳаким Термизийнинг «Наводир ал-усул» асарининг 290-усулида Хизр (а.с.) ҳақида узун ҳикоя берилган[11: 660-666]. Шунингдек, «Хатм ал-авлиё» асарида Ҳаким Термизий авлиёларнинг зоҳирий етти аломатларини зикр этиб, шулардан еттинчиси «Хизр (а.с.) билан суҳбат қуриш» эканига алоҳида эътиборни қаратади[12: 361]. Жаҳон тасаввуф тарихида муҳим ўрин тутувчи Ҳаким Термизийнинг увайсий йўли давомчилари сифатида нақшбандия тариқати шайхлари намоён бўлдилар.

Америкалик тасаввуфшунос олим Девин Девис “Темурийлар давридаги Мовароуннаҳрда увайсий суфийлар” номли тадқиқотида Ўрта Осиёдаги увайсийликни минтақадаги суфий жамоаларни тўрт гуруҳга бўлиш орқали кўриб чиқади. Жумладан, у шундай ёзади: “Мўғул босқини ва темурийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврида турли тамойиллар асосида минтақада шаклланган суфий гуруҳларни кўриш мумкин. XVI асрга келиб, бу турфахиллик барҳам топиб, уларнинг ўрнига силсилага асосланган тариқатлар устуворликка эришди. XIV асрда эса, минтақа суфий жамоалари асосан қуйида зикр этилган тўрт тамойил асосида ташкил этилганини кўриш мумкин. Биринчиси – эътироф этилган силсилага таянган “классик” тариқатлар. Иккинчиси – XIV- XV асрлар учун хос бўлган тариқатлар бўлиб, уларнинг номланиши тариқат асосчисини эмас, балки жамоа руҳий тарбия учун қўллайдиган услубларни ифода этади. Булар – хилватия, ишқия, шуттория каби тариқатлардир. Мана шу иккинчи турга увайсийликни ҳам киритиш мумкин. Зеро, зикр этилган уч тариқат номи ҳам уларнинг фаолиятига далолат қилади (хилват, мистик (ирфоний) ишқ-муҳаббатга урғу бериш, руҳий тарбия машқларида ғоятда тезкорлик (шуттор (араб.) – чаққон)). Учинчиси –аҳоли орасида шуҳрат қозонган харизматик шайхлар атрофида шаклланган суфий жамоалар. Булар сирасида Тошкентда – Шайх Хованд Тоҳур, Хивада – Паҳлавон Маҳмуд, Самарқандда – Нуриддин Басир каби шайхларни қайд этиш мумкин. Тўртинчиси – тариқат шайхлиги наслдан наслга мерос бўлиб ўтадиган суфий шайхлар атрофида шаклланган тариқатлардир”[13: 1-36]. Кейинчалик юқорида қайд этилган турли тамойиллар асосида шаклланган суфий жамоа турлари ичида биринчи тур устуворлик қилди. Девин Девис бу тадқиқотида илк ўрта асрларда Мовароуннаҳрдаги увайсийлик йўли орқали суфий жамоалар тасавввуфда кейинчалик шаклланган шакл ва қолиплардан қанчалик йироқ бўлгани ҳақида хулосалар чиқаради.

Манбаларда Увайс Қаранийдан келган силсилалар борасида ҳам маълумотлар учрайди. Ривоятларга кўра, Увайс Қараний Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Алилар қўлида ҳирқа кийган, ўзи ҳам Абу Умар Мусо ибн Язид Роийга, у эса Иброҳим ибн Адҳамга хирқа кийдириб, ижоза берган. Манбаларда увайсийлик йўли билан ижоза олишга доир ҳолатлар ҳам учрайди. Масалан, Аҳмад ибн Абдураҳмоннинг Имом Ғаззолийни маънан кўриб, ундан асарларини ўқитиш хусусида ижоза олгани, Абу Бакр ибн Солим Алавийнинг ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг руҳониятидан “Ҳизбул барр” номли авродни олгани зикр қилинади. Чиштийя тариқатида увайсийликка катта аҳамият қаратилган, шайхдан узоқда бўлган соликнинг увайсия ғусли нияти билан ювиниб, Увайс Қараний руҳига фотиҳа ўқиган ҳолда сайрисулукка киришиши мумкинлиги қайд этилган. Шунингдек, ражаб ойида Увайс Қараний намози номли бир тур нафл намознинг адо қилиниши ушбу тариқат анъаналаридан саналади.

Бугунги кунда ҳам увайсийлик анъаналарини давом эттираётган тариқатлар мавжуд. Покистондаги нақшбандий-увайсий тариқати ҳамда кўпроқ Европа ва Америкада фаолият кўрсатувчи эронлик Увайсий Шоҳ Мақсудий тариқати шулардан саналади. Увайсий Шоҳ Мақсудий тариқати Лондонда қароргоҳи жойлашган бўлиб, унинг Германия ва Канадада шўъбалари мавжуд[14]. Шунингдек, Қодирия тариқатининг тармоғи сифатида Шайх Умар Увайс Баравий томонидан асос солинган Увайсия тариқати шарқий Африкада фаолият юритади, жумладан Занзибар, Танзания, Кения ва шарқий Конгода. Тариқатда авлиёлар зиёрати, тавассул мавзуларига катта эътибор қаратилади. Шу туфайли бошқа динийг жамоалар томонидан эътирозларга учрайди. Шайх Увайснинг ўзи 1999 йил суиқасд натижасида ўлдирилган[15: 329-330].

Вафот этиб кетган валийларнинг руҳониятидан увайсийлик йўли билан файз олган суфийларнинг аксар қисми ўз давридаги бирор муршидга ҳам қўл бергани маълум. Баъзи суфийлар наздида бу ишончлироқ йўл саналган. Зеро, тушида бир валий зотни кўриб, ундан турли хабарларни олган киши бунинг содиқ рўёми ёки алдамчи бир тушми эканини англаш борасида мушкул ҳолда қолади. Шу сабабдан баъзи суфийлар ўз даврида яшаб турган бир муршиддан таълим олишга кўпроқ эътибор қаратганлар[2].

Увайсийлик адабиёт соҳасига катта таъсир кўрсатди. Адабиёт увайсийлик туфайли янги мавзулар махзанига эга бўлди. Чунончи, Ўрта Осиё минтақасида увайсийлик йўлини тутган суфийлар ҳаётига қизиқиш доимо юқори бўлиб келгани туфайли, уларнинг ҳаёт йўллари мустақил асарлар – маноқибларда ёритиб келинган. Жумладан, Носир ибн Қоим Туркистоний Фарғоний исмли муаллиф увайсий суфий Саййид Аҳмад Баширий (ваф. 1464 й.) ҳақида “Ҳадоиқул жинон”, Муҳаммад Содиқ Залилийнинг (XVIII аср) “Тазкира-и Хожа Муҳаммад Шариф Бузруквор”, Аҳмад ибн Саъдиддин Ўзгандий Намангонийнинг “Тазкира-и Буғрохон” (XVII аср), номаълум муаллиф томонидан битилган “Тазкира-и Султон Абу Саид Қўчқор ота” (XVIII аср), муаллифи номаълум “Тазкира-и Сут Биби Подшоҳ”, Миртолиб ибн Мирсодиқ Мажинийнинг “Тазкира-и Абу Наср Сомоний таржимаси”[16: 15-21] каби маноқибларни қайд этиш мумкин. Наср ибн Қосим Туркистоний Фарғоний томонидан XV аср иккинчи ярмида битилгани тахмин қилинувчи “Ҳадоиқул жинон” номли форсча асар айни асрда Мовароуннаҳрда яшаган Саййид Аҳмад Баширий исмли увайсий шайхнинг маноқибидан сўз юритади. Асарда Саййид Аҳмад Хожа Аҳмад Яссавийнинг издошлари бўлган Яссавия тариқати шайхларидан, айниқса, Саййид Атодан увайсийлик йўли билан файз ва ижоза олгани қайд этилади. Мазкур китобнинг Тошкент ва Исломободда қўлёзма нусхалари мавжуд. Мавзуга доир иккинчи асар Муҳаммад Шариф исмли увайсий шайхнинг маноқибидан ҳикоя қилувчи “Тазкираи Хожа Муҳаммад Шариф Бузруквор”дир. Муҳаммад Шариф Аҳмад Яссавий ҳамда Сотуқ Буғрохоннинг руҳониятидан файз олган увайсий шайх бўлиб, 1556 ёки 1566 йилда Ёркентда вафот этган. Шарқий Туркистон ҳудудида туркий тилда ёзилган ушбу асарнинг назмий ва насрий шакллари бор. Назмий шаклини Муҳаммад Сиддиқ Залилий 1742-1744 йилларда ёзиб тамомлаган. Муаллифи номаълум бўлган насрий шаклнинг Санкт-Петербург ва Лунд шаҳарларида қўлёзма нусхалари сақланади. Асар Масами Ҳамада тарафидан Киото шаҳрида нашр қилинган. Учинчи асар Аҳмад ибн Саъдуддин Ўзгандий Намангоний томонидан тахминан XVII асрда форс тилида ёзилиб, XVIII асрда Муҳаммад Гадо ибн Муҳаммад тарафидан туркий тилга таржима қилинган “Тазкираи Буғро Хоний” (Тазкираи Увайсий) номи билан танилган асардир.

Увайс Қараний номи билан боғлиқ увайсийлик феномени тасаввуфда ўзгача бир маънавий юксалиш усулини ўзида мужассам этди. Увайсийлик адабиёт, мусиқа, ахлоқий масалалар, халқ фольклори учун улкан манба бўлиб хизмат қилди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Турар У. Тасаввуф тарихи. – Т.: Истиқлол, 1999.
  2. Necdet Tosun. Üveysîlýk / Islam Ansiklopedisi, – Ankara, 2012. T.42.
  3. Nehmet Emin Bars. Veysel Karanî ile ilgile Menkibeler ve romanlar. – Erzurum, 2013.
  4. Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Дор ар-Райён, 1984. Т.1.
  5. Абу Бакр Калободий. Таарруф. – Қоҳира: Хоначи, 1994.
  6. Фаридуддин Аттор. Тазкиратул авлиё / А.Мадраимов тарж. –Т.: Ғ.Ғулом, 2013.
  7. Nehmet Emin Bars. Veysel Karanî ile ilgile Menkibeler ve romanlar. – Erzurum, 2013.
  8. Аҳмад ибн Осим ал-Антокий – Ҳорис ал-Муҳосибий (тахм. 781-857) билан замондош бўлган. Антокий ҳақида батафсил маълумот учун қаранг: Абу Абдураҳмон ас-Суламий. Тобақот ас-суфиййа.
  9. Фаридуддин Аттор Нишопурий. Тазкират ал-авли”: Ҳазрати Шайх Муҳаммад б. Али Ҳаким ат-Термизий зикри // Сино. – Т.: 2001. – № 3.
  10. Маҳмуд б.Валий. Бахр ал-асрор (Море тайн)
  11. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. Т. II.
  12. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Хатм ал-авлийо’.
  13. Deweese, Devin. An “Uvaysi” Sufi in Timurid Mawarannahr: Notes on Hagiography and the Taxonomy of Sanctity in the Religious History of Central Asia,. 1993. – In: Deweese, Studies on Sufism in Central Asia Pt. IV
  14. https://www.almarjie-paris.com/6561
  15. John L. Esposito. The Oxford Dictionary of Islam. Oxford: Oxford University press, 2003.
  16. Necdet Tosun. Tasavvufda Uveysiylik va Uveysi sufilere dair manakibnameler / International symposium on uways al-Qarani and our moral cultural heritage 2011 yil. 20-21 Mayis.
Иброҳим УСМОНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, т.ф.н.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …