6 август куни кечки соат 21:00 да Мадина шаҳри амири Файсал ибн Салмон томонидан Саудия Арабистони Подшоҳлигига дунёнинг турли давлатларидан келган Ҳаж делегациялари раҳбарлари учун қабул маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистондан Ҳаж-2018 йил мавсуми ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Н.Абулҳасан ҳам иштирок этди. Қабул маросими давомида Нуриймон Абулҳасан ва Файсал ибн Салмон ўртасида ўзаро мулоқот ташкил этилиб, Шаҳзода ўзбекистонликларни энг тартибли хожилар, деб эътироф этди.
Шахзода Файсал ибн Салмон ўз сўзида Ўзбекистон Республикасини қадим тарихга эга давлат сифатида кўришини таъкидлаб, бу юртда етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Ҳаким Термизий каби буюк алломаларнинг илмий мероси ҳозирги вақтда ҳам жаҳон илм дунёсида маёқ бўлиб нур таратаётганини алоҳида эътироф этди.
Тадбир давомида Н.Абулҳасан Мадина минтақаси амири Файсал ибн Салмонга кўрсатилган ҳурмат-эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари Ҳаж ва Умра ишлари вазири Солиҳ Бинтин билан ҳам ўтказилган учрашувда Ўзбекистоннинг Ҳаж ва Умра тадбирлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда намунали ташкил этилаётгани эътироф этилди ва миннатдорлик билдирилди. Келгуси йилларда Ҳаж ва Умра тадбирларида зиёратчиларимиз учун Мадина шаҳрида яратилаётган шароитларни такомиллаштириш, хизматлар даражасини янада юқори савияга кўтариш мақсадида Масжид ун-Набавийга янада яқин ва қулайроқ ҳарамдан 100 метр масофада жойлашган “Мадина миллениум”, “Zam-zam pullman” ва “Мисбаҳ таййиба” меҳмонхоналарига жойлаштириш масаласи ўрганилди ва уларнинг шароитлари билан танишиб чиқилди.
Манба: muslim.uz