Home / МАҚОЛАЛАР / УЛУҒ ХАЛҚНИНГ ЗАҲМАТКАШ МУРАББИЙИ

УЛУҒ ХАЛҚНИНГ ЗАҲМАТКАШ МУРАББИЙИ

Маълумки, ҳақиқий маънавият ўзликни англаш орқали бўлади. Бунинг омиллари ва асослари эса муқаддас динимиз бўлган исломда мавжуддир. Яқин ўтмишимизда халқимиз бошига оғир кунлар тушди ва юртимиз мустамлакачилик сиёсати остида қолди. Натижада миллий-маънавий таназзул ҳолатлари юз кўрсатди. Аммо умидли жиҳати шу эдики, тарихий Мовароуннаҳр ўлкаси ўзининг шон-шавкатли ўтмишига эга бўлиб, айнан мана жиҳат унинг ўзлигининг тикланиши ва асл қадриятларига қайтиши учун магистрал йўл вазифасини ўтайди. Юртимизнинг мустақилликка эришиши эса халқимизга мана шу бебаҳо имкониятни тақдим этгани билан қимматлидир.

Имконият ўз номи билан фақат имкониятдир. Аммо ундан фойдаланиш алоҳида мавзу бўлиб, кишидан пок ният, жасорат, илму ҳикмат, ақлу заковат ва кучу ғайрат каби кўплаб хислатларни талаб этади. Энг асосийси, ўз ҳаракатини ва салоҳиятини берилган имкониятдан олдин бошлаган ва юксалтирган шахсларгина имкониятдан унумли фойдаланишга муваффақ бўлишади.

Устоз домламиз фаолиятининг аҳамияти ҳам келтириб ўтилган мана шу чизгилар саҳнида ёрқин намоён бўлади. Шогирдлик бахти туфайли юзага келган имконият орқали Устознинг суҳбатларидан баҳра олиш ва бу орқали нафақат илму ирфондан, балки имкон бўлди дегунча у кишининг фаолиятларидан ҳам чуқурроқ хабардор бўлиш ҳаракатида бўлганман. Зеро, ҳақиқат шундаки, ўз ҳаётини илму ирфонга бағишлаган шахсларнинг ҳаётини ўрганиш ҳам ибрат нуқтаи назаридан айни илму ирфон бўлади. Қуйида ана шу суҳбатлар тафсилотларидан чиқарган хулосаларимнинг айримларини баён этмоқчиман.   

Дастлабки ва асосий хулосалардан бири шуки, таъбир жоиз бўлса, Устоз собиқ иттифоқ даврида миллий қадриятларимиз хизматчиси бўлишдек виждоний ташаббус билан зиммага олинган мураккаб вазифада фаолият кўрсатди. Ҳали ўтган асрнинг 60 йиллариданоқ Миср Араб Республикасидаги қурилиш ишларидаги таржимонлик фаолиятини айнан мана шу хизмат билан уйғунлаштирди ва у ердан юртимизнинг машҳур олими бўлган Саййид Маҳмуд Тарозий Олтинхон тўра раҳматуллоҳи алайҳнинг қўлларидан Ибн Арабшоҳнинг Амир Темур ҳақидаги асарини қабул қилиб олди. Албатта, миллат йўлини ёритувчи машъалани ўчиб қолишдан сақлаб, кўтариб юрувчи инсонлар бўладики, ушбу ҳодисани ҳам шундай инсонлардан бирининг эстафета таёқчасини иккинчисига топширишига қиёсланса, не ажаб… Ушбу асарнинг топширилиши бежиз бўлмаганлиги эса Устознинг айнан Амир Темур ҳаёти ва фаолияти юзасидан собиқ иттифоқ даврида номзодлик ишларини ҳимоя қилиши орқали намоён бўлди.

Устоз хизмат юзасидан чет элларда, хусусан, араб диёрларида бўлар экан, у кишини таъсирлантирган асосий нарса юртимиз олимлари шуҳратининг осмон қадар эканлиги бўлади. Хусусан, Ироқ диёрида хизмат ўтар экан, унинг пойтахти бўлган Бағдоднинг энг йирик кўчаларидан бирининг номи Замахшарий номига қўйилгани Устознинг ўз елкасига навбатдаги масъулиятни олишига сабаб бўлган. Натижада, 1992 йилда Имом Замахшарийнинг “Навабиғ ал-калим” асари “Нозик иборалар” номи билан 100 000 (юз минг) нусхада “Камалак” нашриёти орқали дунё юзини кўрди.

Устознинг 1988 йилларданоқ Имом Термизий ҳадисларидан намуналарни араб тилидан ўзбек тилига ўгиришлари ва “Шарқ юлдузи”, “Тошкент оқшоми” каби газета ва журналларда чоп эттирганлари ҳам алоҳида диққатга сазовор. Натижада, 1990 йилда Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини ўтказишнинг асосий ташаббускорларидан бири ҳам Устоз бўлди. Ўзларининг таъбирлари билан айтганда, динимиз уламолари ҳаёти ва фаолиятини ўрганишни айнан Имом Термизий ҳазратларидан бошлаш насиб этган. 

Мустақиллик эса Устозга эркин парвоз учун қанот бахш этди, десак муболаға бўлмас. Энди чет эл сафарларининг ҳар бири Устоз учун аждодларимиз мероси билан танишиш ва улар билан халқимизни таништириш йўлидаги бир қадамга айланди. Ўрта мактабнинг 6-7 синфларида ўқиб юрган вақтларимиз – ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ойнаи жаҳондан Устознинг чет эл сафарларидан олиб келган навбатдаги асарини қўлларида тутганча, у ҳақда тўлқинланиб, айни вақтда жиддийлик ва чуқур мулоҳаза билан сўзлаб туришлари ҳамон кўз ўнгимизда.

Устоз давлатнинг энг муҳим хизмат ўринларида меҳнат қилиб турганларида ҳам тадқиқот ва илму маърифат билан ҳамнафасликда қолиш бахтига мушарраф бўлди. Бунинг натижасида халқимиз ўзининг асл фарзандларини бирин-кетин таниш ва уларнинг ютуқларини англаш шарафига муяссар бўла бошлади. Таъкидлаш лозимки, Устознинг Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Абулмуъин Насафий каби алломалар борасидаги ишларида икки хусусият жам бўлди. Уларнинг биринчиси масалани илмий таҳлил этиш ва хулосалаш бўлса, кейингиси манбалардан фойдаланиш кўргазмаси эди. Бу икки масалада Устоз барча тадқиқотчилар учун намуна кўрсатди, натижада алломаларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш учун асос ва услуб пайдо бўлиб, ушбу йўналиш тадқиқотчилар учун муҳим дастуруламал бўлди. Шунинг учун бугунги кунда алломаларимиз илмий меросини ўрганувчилар ҳақли тарзда у кишини ўзларига Устоз санайдилар.

Масалан, биз яшаётган Термизда халқ орасида энг машҳур шахс Муҳаммад Ҳаким Термизийдир. Ҳали 1-синфда ўқиган кезларимиздаёқ уйимиздан 8 км. масофада жойлашган ушбу аллома зиёратгоҳига яқинларимиз билан пиёда борар эдик. Шундай вақтларда бу аллома биз учун бир сирли дунё ҳисобланар, унинг кимлигини билишга, нафақат билишга, балки чуқур англаб етишга бетоқатлик даражасидаги кучли шавқ пайдо бўларди. У зот ҳақидаги яккам-дуккам маълумотлар эса чанқоқни умуман қондирмас, балки янада оширарди. Улар фақат алломанинг ҳаётидаги айрим лавҳаларга оид бўлиб, у зотнинг асл илмий-маънавий дунёси қоронғулик ичра эди. Мактабни битириш асносида Ҳаким Термизий зиёратгоҳига бўлган зиёратларнинг бирида Устознинг 2001 йилда нашр этилган ва “Маънавият” нашриётидан чиққан “Ал-Ҳаким ат-Термизий” (ҳаёти ва мероси)” номли рисоласи у ерда сотилаётганини кўрдик. Университет имтиҳонларига тайёрланиш энг авж палласида бўлгани боис ушбу рисолага жиддий назар ташлаш бир оз кейинга сурилдики, бунинг ҳам ҳикмати бор экан.  

Чунки мактабни битириб, Термиз давлат университети Тарих факультетига ўқишга киргач, ўқиш жараёнида динимизнинг тарихимизда тутган ўрни ва аждодларимиз мероси масаласига жиддий қизиқиш пайдо бўлди. Ҳали тил билмасак-да, таржима адабиётлар ва манбалар билан жиддий шуғуллана бошладик. Хусусан, Ҳаким Термизий меросига қизиқиш ҳам тобора кучайиб борди. Аммо бу илму ҳикмат дунёси эшигини очиб кириш учун калит йўқ эди. Шундай кунларнинг бирида Ҳаким Термизийнинг “Манозил ал-ибод минал ибода” асари Абдуқаҳҳор Шоший таржимасида нашр этилди ва уни катта қизиқиш билан ўқидик. Ушбу асарга Устоз битган тақриз эса аллома ижоди ҳақида муҳим қайдларни ўз ичига олган ва Ҳаким Термизий оддий одамлар тугул, ҳатто илм аҳлига ҳам нотаниш эканлиги таассуф билан қайд этилган эди. Шундан кейин Устознинг 2001 йилда чиққан тегишли рисоласини ўқиб, битирув-малакавий ишни ушбу аллома ҳақида ёзиш фикри қатъий тус олди. Синчиклаб ўрганиш жараёнида эса ушбу рисолада Ҳаким Термизий ижоди теран таҳлил этилиб, ўта муҳим хулосалар баён этилгани маълум бўлди. Ҳаким Термизийдек алломанинг денгиз мисол улкан илмий-маънавий дунёсига кириш калити юртимиз тадқиқотчилари учун айнан мана шу рисола бўлди. Ушбу рисола ҳақида битирув-малакавий ишда бугун бир оз соддароқ туюлса-да, шундай сўзларни битган эдик: “…яқин йиллар ичида алломанинг илмий мероси ва йўналишини аниқ тарзда ёритган ягона рисола – юртимизнинг машҳур шарқшунос олими Убайдулла Уватовнинг “Ал-Ҳаким ат-Термизий” рисоласидир. Китоб мўъжаз бўлса-да икки устунликка эга: 1. Масаланинг умумий хулосалари лўнда қилиб жамланган. 2. Аллома асарларини ўрганган ва нашр этган араб дунёси олимлари асарларидан фойдаланилган. Шунинг учун ушбу тадқиқотни қилиш фикри шу рисолани мутолааси туфайли юз берган бўлса, тадқиқотнинг ўзининг ёзилиши учун маълумотларнинг фикр, асосларнинг ярмини берди… Ҳа, китоб ҳажмига қарамайди, буни кўплаб бошқа муҳтарам олимларимиз ҳам кўпроқ ҳисобга олишса, ижобий ҳол бўларди”.

Бу ҳақда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг юртимизда Ҳаким Термизий меросининг ўрганилиши борасидаги битган қуйидаги эътирофи кифоя: “Бу борада юртимизда қилинган ишлар ҳақида маълумот олишга уриниб кўриш жараёнида асосан Ҳаким Термизийнинг ҳаётлари ва илмий фаолиятлари ҳақида бир неча илмий ишлар, мақолалар борлигига гувоҳ бўлдим. Уларнинг баъзилари билан танишиб ҳам чиқдим. Мазкур маълумотлар ичида Убайдуллоҳ Уватов жанобларининг ёзганлари муфассалроқ эканига амин бўлдим ва Ҳаким Термизийнинг ҳаётлари, илмий фаолиятлари борасида ёзилган мавжуд нарсалар ҳозирча етарли экан, деган хулосага келдим”.       

Битирув-малакавий ишимиз ниҳоясига етгач, у одатдан ташқари тарзда жуда қизғин муҳокама бўлди ва барча бир овоздан бу соҳада айнан Устозга шогирд тушиш кераклиги ҳақида тавсиялар бера бошлади. Буни раҳматли падари бузрукворимиз ҳам маъқуллагач, дастлаб у киши, кейин иккаламиз Устоз билан учрашдик ва шу тарзда илмий ҳамкорлик ишлари бошланиб кетди. Дастлабки учрашувдаёқ Устоз Ҳаким Термизий ва Имом Термизий ҳақидаги “Икки буюк донишманд” (Тошкент: “Шарқ”, 2005) китобини улкан мувафаққиятлар тилаган эсдалик дастхати билан совға қилди.

Шу тарзда бу алоқалар ибратли ва манфаатли бўлди. Аввало, Устознинг маррани юқори қўйишлари эътиборга сазовор эди. Араб тилини мукаммал эгаллаш ва ўзи қизиққан олим асарини таржима қилиб, қизиққан мавзусининг ич-ичига кириб боришдек зарурий ва шарафли вазифа Устознинг барча шогирдлари олдига қўйиган. Устознинг жиддийлиги ва ҳайбати, айни вақтда чуқур самимияти кишини бу мураккаб вазифани уддалашга уриниш учун муҳим туртки бўлган.

Устоз умрининг охирги йиллари ахборотлашган асрга тўғри келди. Бу даврда турли йўналишдаги олимларнинг бир шахс томонидан ўрганилиши кам кузатиладиган ноёб ҳодиса эди. Бундай улкан масъулият ва вазифа давр талаби бўлиб, Устоз зиммасига тушди. Шунинг учун Устоз Имом Бухорий, Имом Термизий, Абулмуъин Насафий, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа алломалар борасида бир ўзи бошлаб берган йўналишни бугунги кунда у кишининг шогирдлари кўпчилик бўлиб давом эттиришмоқда. Айтиш мумкинки, юртимизда кўзга кўринган икки асосий марказ: Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари Устознинг узоқ йиллик илмий тажрибаси ва бошқарув маҳорати эвазига оёққа турди.  

Яна бир жиҳатни алоҳида қайд этиш лозимки, Устоз ўз илмий изланиш самараларини қўл меҳнати ва саъй-ҳаракат ёрдамида йиғилган бўлиб бу омил у кишининг ижодига кўзга ташланиб турувчи файзу барака бахш этди. Бу билан Устоз уларнинг ҳаёти ва ижодини ёритишга умрларини бағишлаб келаётган улуғ алломаларимиз йўлини давом эттиргандек гўё. Зеро, Абу Бакр Варроқ Термизий айтганидек, ҳамма баракаларнинг калити сабрдадир

Ж.Чўтматов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …