Home / МАҚОЛАЛАР / СЎНГГИ ЎРТА АСРЛАРДА САМАРҚАНДДА ШАҲАР МАДАНИЯТИ

СЎНГГИ ЎРТА АСРЛАРДА САМАРҚАНДДА ШАҲАР МАДАНИЯТИ

Шаҳарлар қадим даврлардан жаҳон тарихида жамият ва давлат тараққиётида асосий омил сифатида муҳим аҳамият касб этиб келган. Шу жумладан, Ўзбек давлатчилиги тарихида ҳам шаҳарлар тараққиёти ва ундаги шаҳар маданияти халқлар ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Чунончи, Самарқанд тарихида шаҳар маданияти ривожи қадим қадимдан гуркираб ривожланганлиги тарихда етарли далиллар асосида ўз исботни топган. Ана шундай тарихий далиллар асосида Самарқанд шаҳрининг ёши 2750 йилдан кўп деб белгиланганлиги ҳам бежиз эмас, албатта.

Маълумки, 1370 йилда Самарқандда Амир Темур ва темурийлар давлати ҳукмронлиги ўрнатилди. Темурийлар даврида Самарқанд нафақат марказий пойтахт шаҳар сифатида балки, иқтисодий, маданий, сиёсий марказ сифатида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шаҳар инфраструктураси бутун Шарқ оламидаги энг обод шаҳарлардан бирига айланди. Шаҳарнинг гўзаллиги ва ободлиги тўғрисида ўз даврининг етук олимлари ва сайёҳларининг асарлари ва эсталикларидан ўқиб билиб олиш мумкин. Амир Темур ғарб ва шарқ мамлакатларининг машҳур шаҳарларига қиёслаб Самарқанд атрофида боғлар ва қишлоқлар барпо этди. Париж (Фориш), Шероз, Бағдод кабилар шулар жумласидандир. Шунингдек, Самарқандда Темурий ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг 40 йиллик ҳукмронлиги даврида ҳам шаҳарда тинчлик осойишталик ва фаровон ҳаёт ўрнатилган эди. Аммо буюк олим ҳамда етук давлат арбоби 1449 йилда фитначилар томонидан ўлдирилди. Натижада темурийлар салтанатида сиёсий парокандалик ҳамда тожу тахт учун ўзаро кураш авжига чиқди. Бу ўз ўрнида энг аввал, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётига ўз таъсирини кўрсатди. Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида бунёд этилган тинч осойишта ва маърифатга лимолим шаҳар ҳаёти эндиликда бундай нотинчликлар сабаб ўз чокидан ситилиб кета бошлади. Оқибат, 1500 йилда Самарқанд Дашт Қипчоқдан келган Шайбонийлар қўлига ўтди. Орада сўнгги темурий ҳукмдор Андижон ҳокими Бобур ўзининг кичик қўшини билан Самарқандга яширинча кириб Шайбоний лашкарларини қириб ташлайди ва Самарқанд тахтини эгаллайди. Аммо Самарқандда аҳвол жуда оғир эди. Боз устига шаҳар 1501 йилда Шайбонихон томонидан қамал қилинади. Бу ҳақда Бобур “Элга бисёр танқислик бўлди, анға еттиким, фақир ва мискин ит этини, эшак этини йия киришдилар” [5: 83] деб ёзган эди. Натижада Бобур шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бобур икки маротаба Самарқандни эгаллаб, шайбонийларга анча зарба беган эди. Бироқ Бобур қанча ҳаракат қилмасин, ҳеч қаердан ёрдам ололмади [12: 107]. Сўнги юришида 1511 йилда сафавийлар сулоласи ҳукмдори шоҳ Исмоил кўмагида Самарқанд тахтини эгаллаган эди, аммо унинг қизилбошлилар билан тузган бу иттифоқини маҳаллий халқ қўллаб қуватламади. Ғайридин билан иттифоқликда Бобур қораланди. Натижада Бобур нафақат Самарқандни балким, Мовароуннаҳрни ҳам тарк этишга мажбур бўлди. Шу тариқа сўнгги темурий шаҳзода Самарқанд тахтидан олиб ташланди ва темурийлар давлати тугатилди.

Самарқанд XVI аср биринчи ярмида Шайбонийлар ва кўчманчи ўзбеклар қўлига ўтди. Шайбоний ҳукмдорлар Убайдулло султон, Кўчкинжихон (1530-1533) ва унинг ўғли Абдусаид ҳукмронлиги йилларида Самарқанадда эътиборга молик ишлар амалга оширилмади. Тахтга Убайдуллахоннинг (1533-1539) келиши эса мамлакатда сиёсий-иқтисодий ҳаётида марказлашув сиёсатини кучайтирди. У мамлакатда кучли сиёсат олиб борди. Айнан унинг даврида пойтахт Самарқанддан Бухорога кўчирилди. Унинг вафотидан кейин эса Самарқанд ва Бухорода қўшҳокимиятчилик вужудга келди. Бухорода Убайдуллахонинг ўғли Абдулазиз ва Самарқандда эса Кўчкинжихон ўғли Абдулатиф тахтга ўтирдилар [11: 9]. Шайбонийлар орсида вужудга келган бундай парокандаликка барҳам бериб кучли марказлашган ҳокимиятни тиклашга уриниш Абдуллахон (1557-1598) даврига тўғри келади. У ўзининг сиёсий мақсадини марказлашган кучли давлат барпо қилишга қаратади ва натижада шайбонийлар давлатини қайта тиклашга муваффақ бўлади. Шайбонийлар даврида гарчан ички зиддиятлар бўлиб турган бўлсада, Шайбоний ҳукмдорлар Шайбонихон, Убайдуллохон ва Абдуллахон ҳукмроликлари даврида мамлакатда тинчлик ўрнатилиб, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаёт яхшиланди. Пойтахт Бухорога кўчирилгунга қадар Самарқандда кўплаб қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳарда кўплаб ҳашаматли бинолар, янги маҳаллалар, боғлар барпо этилди. Чунончи Самарқандда янги маҳалла (Нав) пайдо бўлиб, бу ерда зодагонларининг боғлари жойлашган эди. Улар орсида Дили Афрўз боғи жуда ҳам гўзал ва хушманзаралиги билан машҳур эди. Шунингдек, 1502 йилда қурилган Зарафшон сувини асосий ўзан Қорадарё ва Оқдарёга тақсимлаб берган Зарафшон сув тақсимлагичи ўз даврининг йирик муҳандислик қурилишларидан бири эди. Булардан ташқари Шайбонихон ва унинг ўғли Темур Муҳаммад Султон даврида Олияи хония мадрасаси қурилиши бошланган. Уларнинг вафотидан сўнг Темур Муҳаммад Султоннинг рафиқаси Меҳр Султонхоним фармони билан қурилиш тугатилади ва унинг шимолидан шунга ўхшаш Хония мадрасаси қурилади. Бу икки мадраса ўз даврининг жуда ҳашаматли иморатларидан бўлган афсуски бизнинг давримизгача етиб келмаган.

Тарихчи ва шоирлар XVI асрдаги Самарқандни одамлар гавжум бозорлари, карвонсаройлар, савдо расталари ва ҳунармандчилик устахоналари кўп обод шаҳар сифатида тасвирлайдилар [3: 33]. Бу даврда Регистонда ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Халқ осуда ва тинч ҳаёт кечирган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, пойтахт Бухорога кўчирилгандан сўнг Самарқандда бундай қурилиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш сусая бошланади. Бинолар секин аста нураб тўкила бошланади хуллас, эътибор бермай қўйилади. Самарқандда қурилиш ишлари XVII асрда хокимият Аштархонийлар қўлига ўтганидан сўнг яна жонлана бошланади. Бу даврда Имомқулихон Нодир девонбеги ташаббуси билан Самарқандда Намозгоҳ масжиди, Хожа Аҳрор мозори ёнида мадраса қурилади. Самарқанд жанубида Абди Берун мақбараси қурилиши ҳам Аштархонийлар даврига тўғри келади. Шунингдек, бугунги Регистон майдонидаги Шердор (1619-1636) ва Тиллокори (1647-1660) мадрасалари ҳам аштархонийлар даврининг ноёб архитектуравий ёдгорликлари ҳисобланади. Бу икки мадраса Самарқанд ҳокими Баҳодир Ялангтўш томонидан қурилган.

XVII аср охиридан бошлаб малакатда парокандалик, урушлар, низо-жанжаллар яна кучая бошланади. Бу эса, албатта шаҳар ва қишлоқлар ҳаётида ўзининг салбий таъсирини етказади. Бундан ташқари бошқа юрт босқинчилари Самарқандга ўзларининг босқинчилик юришларини амалга оширар, талар, ҳамда вайрон этар эдилар. Жумладан, Самарқанд шаҳри 1723-1730 йилларда қозоқлар босқинидан катта талофат кўрди. Бундан ташқари шаҳар 1740-1747 йилларда Эрон ҳукмдори Нодиршоҳга тобе бўлди [10: 459]. У ўзининг ишончли вакили манғитлардан бўлган Муҳаммад Ҳакимбийни Бухорога қолдириб кетган. Натижада Бухоро тахти манғитлар сулоласи қўлига ўтади.

Бир пайтлар фирдавсмонанд азим шаҳар бўлган Самарқанд эндиликдан сувсиз чўл ва харобазор маконга айланган эди. Бухоро амири Муҳаммад Раҳимхон 1752 йилда шаҳарни сув таъминотини – Работи Хожабандийни тузатган бўлсада, шаҳарни обод эта олмади. Чунки, шаҳар ахолиси ўз уйларини тарк этиб кетишган эди. Фақатгина XVIII аср 70-йилларининг охирида яъни, Бухоро амири Шоҳмурод бошқаруви даврида (1785-1800) шаҳардаги вазият яхши томонга ўзгара бошланди. Шаҳарга Ўратепа, Ҳовас, Зомин ва бошқа ерлардан аҳолини кўчириб келинди. У 24 та янги мавзега асос солди [1: 13]. Жумладан шаҳарнинг Тошкандий, Хужантий, Ургути, Зомини, Шаҳрисабзи, Кашкари қисмлари номлари бугунги кунга қадар шу ном билан аталади. Меъморий обидалар таъмирланди, ҳамда Самарқандда иқтисодий ва маданий ҳаёт қайта жонлана борди. Шундай қилиб, асрлар давомида Ўрта Осиёнинг муҳим маданий, илмий ва савдо, ҳунармандчилик маркази бўлиб келган Самарқанд шаҳри Бухоро хонлигида пойтахт шаҳардан кейинги иккинчи катта шаҳар бўлади. Шаҳар атрофи эса, боғлар билан ўралган қайрағоч, тут ва мевали дарахтлар билан қопланган эди [6: 109].

Амирликдаги тартибсизликлага қарамай Самарқандда азалий савдо-сотиқ ишлари шаҳардаги ҳунармандлар устахоналари ўз фаолиятларини тўхтовсиз равишда амалга ошириб келишмоқда эди. Самарқанд бу даврда ҳам савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ишлаб чиқариш маркази бўлиб қолаверди. Самарқандда тўқимачилик, зардўзлик, заргарлик, қоғозгарлик нонвойлик ва бошқа шу каби ҳунармандлар мамлакат иқтисодий аҳволини тартибга солиб келганлар. Бир хил маҳсулот тайёрлайдиган ҳунармандлар цехларга бирлашганлар. Цех аъзолари, одатда, шаҳарнинг бир маҳалласида яшар эди. Самарқандда ана шундай ҳунармандлар яшайдиган Заргарон, Сўзангарон, Чармгарон, Харротон, Кулолон, Зингарон, Шарбатдарон маҳалла номлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган [8: 285] Бундай маҳаллалар сони XIX асрда 102 тани ташкил қилган [9: 7].

 Бу даврда Самарқанд бозорларига Россия, Хитой, Ҳиндистондан турли хил моллар олиб келинар ва маҳаллалий ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бошқа юртларга олиб бориб сотиларди. Бу эса ўз навбатида шаҳарда ички ва ташқи савдо яхши йўлга қўйилганлигидан далолат берарди. Хуллас, Самарқанд XIX асрнинг ўрталарида Бухоро хонлигининг иккинчи энг муҳим савдо ва ҳунармандчилик маркази ҳисобланарди. Бу шаҳарда 30 минга яқин аҳоли яшар эди [8: 285].

Сўнгги ўрта асрларда Самарқанд шаҳри 4 га Қаландархона, Сўзангарон, Хайработ ва Хожа Аҳрор қитъаларига (қисмларига) бўлинган. Шунингдек, XIX аср ўрталарида шаҳарнинг 6 та Бухоро, Хожа Аҳрор, Сўзангарон, Қаландархона, Ҳазрати Шоҳизинда, Ҳайработ каби дарвозаси бўлган. Шаҳар баланд лой девор билан ўралган бўлиб унда жами 96 та гузарлар бўлган [4: 6-7]. Н.Ханыковнинг ёзишича, шаҳар деворининг айланаси 13 чақирим, майдон юзаси 2 280 000 қадам ёки 2533,31 танап га тенг бўлган [9: 6]. Шаҳарнинг деворлари тўғри тўртбурчак шаклида қурилган бўлиб, девор бўйлаб, туйнук ва буржлар ўрнатилган. Шимолий ва шарқий қисмлари кенгроқ ва жуда мустаҳкам қурилган бўлиб, 1500 йилларда Фируза дарвозасидан Шоҳизинда дарвозасигача чўзилган девор устида бемалол отда юриш мумкин бўлган. Шаҳарнинг ҳимоя девори Чор Россияси босқини даврида вайрон қилинган ва унинг айрим қолдиқлари бугунги шаҳарнинг Сўзангарон қисми остида қолиб кетган.

Самарқанд шаҳрининг маъмурий маркази – Арк қисми эса шаҳарнинг ғарбида жойлашган. У ташқи томондан 3,2 км узунликдаги иккита дарвозага эга бўлган девор билан ўралган. Аркда Самарқанд хукмдорларнинг ананавий курсиси ҳисобланмиш Кўктош ҳам жойлашган. Бухоро амирлигида тайинланган ҳар бир янги амир ушбу курсида ўтирилиши тантанали тарзда нишонланган. Шаҳарнинг иқтисодий-сиёсий маркази Регистон майдони ҳисобланиб, унинг атрофида бозорлар ва кўнгил очар намойишлар бўлиб турган. Шаҳарнинг марказида махсус бош кийимлари савдоси билан шуғулланадиган Чорсу ёки телпак фурушон бозори ҳам мавжуд бўлган. Амир Шоҳмурод даврида бу бозорда олти ёқли пирамида шаклидаги тим қурилган.(Бу тим бугунги кунгача яхши сақланган.) Чорсу бозоридан шаҳар ичкариси бўйлаб кўчалар тарқалган. Шаҳарнинг асосий кўчаларида чойхоналар, дўконлар, сартарошхоналар жойлашган бўлган. Таъкидлаш жоизки, ўрта асрларда шаҳар шимолдан жануб томонга 1868 йил рус босқинидан кейинги йиллардан ғарбдан шимолий ғарб томонга кенгайиб ривожланиб борган.

 Бундан ташқари Самарқандда ҳаммомлар ўзига хос услубда қурилган. В.В. Бартольднинг ёзишича, Самарқандда ҳамомлар Улуғбек давридан бошлаб қурила бошланган. Самарқанддаги ҳаммомлар нафақат ювиниш тозаланиш жойи балки, аҳолининг дам оладиган оромгоҳи ҳам саналган. XIX асрнинг 60 йилларида Самарқанддаги ана шундай ҳаммомлар сони 7 тани ташкил этган. Шунингдек, ҳар бир маҳалланинг ўз масжити ва асосий ичимлик суви манбаи-ҳовузи мавжуд бўлган. Ҳовуз суви ниҳоятда тоза сақланган. Ҳовуз атрофида дарахлар экилиб ободонлаштирилган.

Бухоро амирлиги шаҳарлари орасида Самарқанд ўзининг нафақат савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик соҳасида етакчи шаҳар эди балки, илм-фан борасида ҳам юқори ўринга эга эди. Самарқанд шаҳри ва унинг теварак атрофида жами 155 та масжид, ва 22 та мадраса мавжуд бўлган [7: 34]. Жумладан, Оҳанин дарвозаси қаршисида Афросиёб тепалигидаги Ҳазрати Хизр, Регистон майдони яқинидаги Масжити Кабут ёки Умар, Чокардиза қабристонидаги Абу Мансур ал-Мотуридий, шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисми Пай Кабак дарвозаси яқинидаги Хожа Абдул Фазла Бағдодий, Ал-Мотуридий масжиди яқинидаги Дари Занжир ва шаҳарнинг шимолий қисмидаги Шоҳ дарвозаси яқинидаги Темур Кўрагон масжидлари шаҳарнинг йирик масжидлари ҳисобланган [1: 23-24].

Самарқанд шаҳрида сўнгги ўрта асрларда аҳоли миллий таркиби ҳам хилма-хил бўлиб, асосан ўзбеклар, тожиклар, араблар, маҳаллий лўлилар, эронлилар, ҳиндлар, хитойлар, яҳудийлар ва бошқа миллат вакиллари яшаган [2: 114]. Ҳар бир миллатнинг ўз маҳалласи бўлган ва маҳалла ахолиси азалдан қўни қўшничилик удумларига асосланган ҳолда аҳил яшаб келишган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Самарқанд шаҳри сўнгги ўрта асрларда ҳам гарчан марказий пойтахт шаҳар бўлмаган бўлсада, Бухоро амирлигидаги етук мавқейга эга шаҳар сифатида муҳим ўрин эгаллаган. Чунки, бунда энг аввало шаҳарнинг қулай географик минтақада жойлашгани бўлса, иккинчидан шаҳарнинг қадимий аннанавий тарздаги ҳунурмадчилик ва савдо сотиқ соҳасининг узвий тарзда авлоддан авлодга ўтиб келиши бўлган. Шунингдек, шаҳарга кўчириб келинган бошқа юрт вакилларининг ҳам маҳаллий халқ вакиллари билан тез бирикиб кетиши ва аҳоли сонининг ортиб бориши натижасижа шаҳар ўзининг аввалги мавқейини йил сайин тиклаб борган.

Мастура СИДИҚОВА,
СамДУ докторанти
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Тоҳирхожа Мерос. Самария. – Т., 1991.
  2. Алескеров Ю.Н. Самарканд. – Т., 1967.
  3. Алимова Д.А., Буряков Ю.Ф., Раҳматуллаев Ш.М. Самарқанд тарихи (қадимги даврлардан бугунги кунгача). – Т., 2009.
  4. Гузары Самарканда М. Абрамов. – Т., 1989.
  5. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнома. – Т.: Юлдузча, 1989.
  6. Зияева Д. Ўзбекистон шаҳарлари XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларида. – Т., 2013.
  7. Саидқулов Т.С. Самарканд во второй половине XIX начале XX веков. – С., 1970.
  8. Самарқанд тарихи. Т. 1. – Т., 1971.
  9. Файзиев А.Ф. История Самарканда первой половина XIX века. – С., 1992.
  10. Ўзбекистон Милли Энциклопедияси. Т. 7. – Т.: Давлат илмий нашриёти, 2004.
  11. Ғозиев С., Ўташева Ш. XVI асрда Мовароуннаҳрда ижтимоий-маънавий ҳаёт. – Т.: Алишер Навоий, 2014.
  12. Зиёев Ҳ. Буюк Амир Темур салтанати ва унинг тақдири. Маънавият, 2008.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …