Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда терроризмга муносабат

Исломда терроризмга муносабат

Бир неча ўн йиллардан бери терроризм муаммоси сиёсат, ОАВ, хавфсизлик доираларида кенг муҳокама этиладиган мавзулардан бири бўлиб қолди. Кўплаб тадқиқотчилар, олимлар бу хатарни янада яхшироқ ўрганиш, сабаблари, мақсадлари, оқибатларини билиш ва қарши курашиш чораларини топиш мақсадида ушбу мавзуда кузатувлар, тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Ушбу мақолада терроризм тушунчаси, унинг тарихий илдизлари, ҳозирги ҳолати тўғрисида сўз юритмоқчимиз.

“Терроризм” тушунчаси дастлаб Европада ОАВ, сиёсат ва қонунчилик соҳаларида машҳур бўлган. У билан бирга экстремизм, фундаментализм каби атамалар ҳам кенг тарқалди. Сўнгра секин-аста ислом оламига кўчди ва кенг тарқалди.

Терроризмга таъриф беришдан олдин унинг жамиятдаги тарихига бир назар ташлаш ўринлидир. Бу тушунча кишилик жамиятида пайдо бўлди ва ривожланди. Терроризм ижтимоий ҳодиса бўлиб, уни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Балки жамият хавфсизлигини таъминлаш учун баъзи чоралар билан унинг тарқалишининг олдини олиш мумкин. Жаҳолат, адоват терроризмнинг руҳий-психологик сабабларидандир. Булар шахслар ва жамиятларга, ҳатто баъзан миллатларга ҳам тегадиган касаллик бўлиб, уларни қон тўкиш, ҳуқуқларни поймол қилишга етаклайди.

Жамият ривожланиши билан терроризм ҳам ривожланиб борди. Ҳозирга келиб, жамият каби мақсадлари ва воситалари турлича бир кўринишга келди. У саратон каби жамиятлар жисмини емирмоқда, террористик гуруҳлар баъзи давлатларга билвосита таъсир ўтказмоқда, уларнинг сиёсатини ўз мақсадларига мос йўналишга ўзгартиришга мажбур қиляпти.

Кўпчилик тадқиқотчилар “терроризм” тушунчасининг француз инқилобидан сўнг шакллана бошлаганини таъкидлайди. Ўшанда инқилоб душманларини йўқотиш ва келажакда инқилобга қарши ҳаракат қилиши мумкин бўлган шахсларни қўрқитиш учун қатағон чоралари қўлланган. Тарихда биринчи марта “террорчилар” деб ном олган ташкилий ҳаракат – ўша инқилоб натижасида юзага келган қатағончи давлат тарафдорлари бўлган “янги яковчилар” ҳаракати эди.

Террористик гуруҳларнинг мақсадлари сиёсий бўлиб, мустабид ҳукуматга қарши ёки ички мустақилликка эришиш учун бўлиши мумкин. Бунга Ирландия республикаси қўшини, Испаниядаги Баск ҳаракатини мисол қилиш мумкин. Ёки ғоявий (идеологик) бўлиб, ташқи ғоя ва унинг тарафдорларига қарши бўлиши  ёки диний адоват юзасидан бўлиши мумкин. Яҳудий ва ҳинду экстремистик гуруҳларининг мусулмонларга қарши ҳаракатлари, қадимда мусулмон жамиятидаги ботинийларнинг қилган ишларини бунга мисол қилиш мумкин. Баъзи тадқиқотчилар баъзан террористик ҳаракатлар иқтисодий мақсадларда ҳам амалга оширилиши мумкинлигини айтадилар. Ҳатто хатарли иқтисодий ўзгаришларга қарши ҳам амалга оширилиши мумкин.

Воситаларга келсак, уларга самолётларни олиб қочиш, хусусий ёки жамоат транспортларини портлатиш, раҳбарларга суиқасд уюуштириш, дипломатлар каби муҳим шахсларни ўғирлаш, аҳамиятга молик иншоотлар, тижорий, ҳукуматга қарашли ёки дипломатик биноларни портлатиш, давлатларда тўнтаришларни режалаштириш, тартибот ходимларини ўлдириш, савдо объектларини эгаллаб олиш ёки уларни очиқдан-очиқ талаш кабилар киради.

Халқаро ҳуқуқда терроризмга аниқ ва ҳамма учун умумий бир таърифнинг йўқлиги терроризм билан сифатланадиган ёки сифатланмайдиган ташкилотлар бўйича халқаро хилофларни келтириб чиқармоқда. Шубҳасиз, бу хилоф бутун дунёдаги тинчлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.

Ислом олами робитаси қошидаги Ислом фиқҳи академияси терроризмга шундай таъриф беради: “Терроризм бу – шахслар ёки гуруҳлар ёки давлатларнинг инсоннинг дини, жони, ақли, мол-мулки ва номусига қарши амалга оширган тажовуздир. У қўрқитиш, азият етказиш, таҳдид, ноҳақ ўлдириш, қароқчилик ва йўлтўсарликнинг барча кўринишларини, бир шахс ёки гуруҳнинг одамларни қўрқитиш ёки уларга азият бериш ёки ҳаётлари, ҳурриятлари, хавфсизликлари ёки бошқа ҳолатларини хатарга қўйиш билан даҳшатга солишни қамраб олади. Унинг турларига атроф-муҳитга, жамоат ёки хусусий мулкларга, миллий ёки табиий бойликларга зарар етказиш ҳам киради. Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло бандаларини қайтарган Ер юзида бузғунчилик қилишнинг турларига киради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас, 77)”.

Айтилганлдардан маълум бўладики, терроризмнинг моҳияти зўравонлик ҳаракатлари ёки улар билан таҳдид қилиш оқибатида қалбларга қўрқув солиш маъноси атрофида айланади.

Исломнинг баъзи душманлари ҳанузгача бу дин ўз таълимотларида ислоҳ қилишда куч ишлатиш, ўз душманларини йўқотиш ва ўзига бўйсундириш учун террорчилик услубларини қўллашни ёқлайди, ўз даъватини шундай ёяди, деган буҳтонларни ёғдириб келади. Улар бу даъволарига жиҳод, мусулмонларнинг мушриклар билан муносабати тўғрисида келган баъзи ояти карималар ва ҳадиси шарифларни далил қилиб кўрсатадилар. Лекин улар ушбу оятлар ва ҳадисларни тўғри тушунмайдилар, балки ўз ғояларига мослаб тушунадилар. Шунингдек, баъзида айрим исломни ниқоб қилган гуруҳларнинг ўз ғоясини тарқатиш ва ҳимоя қилишда тутган зўравонликларини ҳам далил қиладилар. Улар исломнинг ҳақиқатини фақат шундай кўрсатишга интиладилар.

Шубҳасиз, ўша бўҳтончилар ҳақиқатни умуман билмайдилар ва адаштирувчи ОАВнинг ислом ва мусулмонларни қоралаб кўрсатувчи хабарлари таъсирида иш кўрадилар. Уларнинг бундай муносабатдан қайтишлари уларга бу фикрларнинг хатолигини билдирадиган маълумотларнинг тақдим этилишига боғлиқ.

Ҳар бир мусулмоннинг террорчи бўлиши ақлга сиғадими?! Бунга фақат исломдан хабари йўқ, унинг ҳақиқатини янглиш тушунган киши ёки унга адоватда бўлган кишигина ишониши мумкин. Ахир, терроризм энг кўп азият чекаётганлар мусулмонларнинг ўзлари-ку! Ахир мусулмон киши қон тўкиш, мол-мулкларни талон-тарож қилиш, бировнинг шаънига қарши иш қилишни ҳаром деб эътиқод қилади-ку! Мусулмон бундай ҳаром ишларни қилган кишининг уқубатга мустаҳиқ бўлишини билади.

Шу билан бирга биз мусулмонлар орасида тўғри ақидадан адашиб, қон тўкадиган, мол-мулкларни талон-тарож қиладиган кимсаларнинг бўлишини инкор қилмаймиз.

Ислом Аллоҳнинг барча бандаларига шафқатли бўлишни, уларнинг барчасини ҳаққа бошлашга рағбат қилишга, уларни яхшиликда, дунё ва охиратда улар учун фойдали ишларда бирлаштиришга ўргатган. Ҳеч кимга адоват қилишга, ажратишга, ўргатмаган.

Аллоҳ таоло Ўз Китобида инсон ҳаётини алоҳида улуғлаган. Бу тўғрида қуйидаги оятларни туширган: “Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”” (Моида, 32).

Терроризм Исломда энг оғир жиноятлардан саналади. Терроризмнинг баъзи кўринишлари “ҳироба” (босқинчилик), одамларга ноҳақ тажовуз қилишга мувофиқ келади. Терроризм доим ҳам босқинчилик билан бир хил эмас. Чунки терроризм ўз мақсадларида босқинчиликдан фарқ қилади. Терроризмнинг мақсадлари кўп ҳолларда сиёсий бўлади. Шунга кўра, террорчилик амалиётларидан кўзланган мақсад ўша амалиётлар қурбонлари бўлмайди. Балки улардан мақсад жамоатчиликка етказиб қўйиш, шу билан қарши томонни ўз истакларини бажаришга мажбур қилиш бўлади.

Маълумки, террорчилар ўз ишлари билан қурбонларни мақсад қилмайдилар, балки давлатни қасд қиладилар. Демак, террор қурбонлари одатда тўғридан тўғри мақсад қилинмаган бўладилар. Босқинчиликда эса одатда нишон қурбонларнинг ўзлари бўлади.

Шунга қарамай, Аллоҳ таоло бу жиноятни қилганларга уқубатни оғир қилган. Демак, террорчининг жинояти босқинчининг жиноятидан кам эмас. Чунки унинг иши ер юзида бузғунчилик қилиш бўлиб, Аллоҳ таолонинг “Яна (улар) Ер юзида фасод (ишларни қилиш)га ҳаракат қиладилар” (Моида, 64) ояти мазмунига кирадилар.

Босқинчилик – жамоат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатадиган жиноят. Чунки у одамларда қўрқув-хавф уйғотади. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мусулмонлар бошлиқларининг вазифаси бўлиб, фақиҳлар уларни Аллоҳнинг ҳуқуқлари деб ифодалашади. Бу Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг қиладиган…”, “Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсалар…” (Аҳзоб, 57) оятларидан олинган. Чунки бу ерда жамоат хавфсизлигига қарши жиноят Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг, деб эътироф этилган.

Шунга кўра, терроризм ва босқинчиликка каби жиноятларга қарши курашиш давлат бошлиқларининг вазифалари ҳисобланиб, барча мусулмонлар ҳам буни амалга оширишда унга кўмакчи бўлишлари лозим.

Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Агар муҳориблар (босқинчи-талончилар) йўлтўсарлик қилсалар, давлат бошлиғи уларга қарши курашиши лозим. Мусулмонларга эса, ушбу курашда унга ёрдам беришлари вожиб”[1].

Қуръоншунослик шуъбаси раҳбари
Ҳ.Расулов

[1] Ал-жомеъ ли аҳкомил Қуръон, 6/155-156.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …