Home / МАҚОЛАЛАР / ЎРТА ОСИЁДА САЙЙИДЛАР ХОНАДОНЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ХУСУСИДА (1-қисм)

ЎРТА ОСИЁДА САЙЙИДЛАР ХОНАДОНЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ХУСУСИДА (1-қисм)

“Саййид” дейилганда бугунги кунда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) авлодларига нисбатан қўлланилган фахрий ном тушунилади. Халқ орасида эса улар “оқсуяк” номи билан ҳам маълум. Саййидлар Яқин Шарқ ва Мағриб ўлкаларида кўпроқ содот, ашраф ёки шариф номлари билан машҳур. Дастлаб Пайғамбар алайҳиссаломга қариндошлиги бор шахслар ёки Абдулмутталиб ибн Ҳошим хонадони вакиллари бу тоифага мансуб ҳисобланган. Кейинроқ саййид атамаси Ҳазрат Алининг (р.а.) фарзандлари Ҳазрат Ҳасан (р.а.) ва Ҳазрат Ҳусайн (р.а.) авлодларига нисбатан қўлланилган. Улар умумийлаштирилиб алавий саййидлар, алоҳида ҳасаний ёки ҳусайний саййидлар деб ҳам юритилади.

Бугунги кунда мусулмон жамиятида алоҳида эътироф этилган хонадонлар тарихи қизиқарли мавзулардан бирига айланган. Бу соҳа мутахассисларидан проф. К.Моримотонинг фикрича, йўналишда нафақат алавий саййидлар балки уларга қариндош бўлган ҳошимий, толибий, аббосий каби бошқа хонадонлар ҳам қамраб олиниши зарур [24: 10]. Муаммога Ўрта Осиё нуқтаи назаридан қараганда, тадқиқотларда четлаб ўтиб бўлмайдиган яна бир масала ўртага чиқади. Бу Ўрта Осиёда жамиятида саййидлар каби юқори мақомга ва улар билан жуда яқин қариндошлик алоқаларига эга бўлган хўжа ижтимоий қатламининг мавжудлигидир. Хўжаларнинг минтақадаги шаклланиш тарихи алоҳида мавзу. Тақдим этилаётган мақола алавий саййидларнинг шаклланиши масаласига бағишлангани сабабли асосий эътиборни айни шу мавзуга қаратмоқчимиз.

Саййидларнинг Ҳижоздан Ғарб ва Шарқдаги ўлкаларга кўчишига сабаб бўлган сиёсий ҳамда демографик омиллар хусусида қатор илмий мулоҳазалар билдирилган. Улардан бири алавийларнинг ҳокимият учун олиб борган ҳаракати ҳамда уларга нисбатан Умавийлар (661-749) ва Аббосийлар (750-1258) томонидан бўлган сиёсий босим эди [16: 4; 21: 94]. Эрон ва Хуросон шаҳарларида алавий саййидлар хонадонларининг ортишида маҳаллий ҳукмдорларнинг саййидзодалар билан бўлган никоҳ ришталари ҳамда уларга ижтимоий-итисодий имтиёзларнинг берилиши ҳам муҳим омиллар сифатида кўрилади [15: 44; 18: 318-319]. Ушбу омиллар таъсири қисман Ўрта Осиёдаги саййидлар хонадонларининг шаклланишида ҳам кўзга ташланади. Хонадонларнинг шаклланиш жараёнини эса шартли равишда мўғуллар истилосигача ва ундан кейинги даврга бўлиш мумкин.

Биринчи давр саййидларнинг Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона ва Туркистон заминига кенг кўламдаги кўчиш даври бўлиб, тахминан IX-XIII асрларни ўз ичига олади. Ҳаракатланиш йўли Ироқ, Эрон ва Хуросон ҳудуди орқали кечди. XI асрда ёзилган “Муҳожирони Оли Абу Толиб” асарига қараганда, саййидлар Ўрта Осиёга асосан Куфа, Ҳамадон, Қазвин, Шероз, Балҳ, Ҳирот каби шаҳарларидан келган[1].

Кўчиб келганларнинг асосий қисмини Ҳасан ибн Али ва Ҳусайн ибн Али авлодлари ташкил этган. Масалан, Бухоро, Самарқанд, Туркистон, Илоқ ва Фарғонада жойлашган ҳасаний саййидларнинг аксарияти Зайд ибн Ҳасан ибн Али авлодлари эди. Бу даврда биргина Бухоронинг ўзида йигирмага яқин ҳасаний саййидлар хонадонлари мавжуд бўлган. Улар орасида IX-XI асрларда Эрон, Табаристон ва Хуросонда кенг тарқалган Шажарий ҳамда Бутҳоний нисбасига эга бўлган саййидлар кўпчиликни ташкил қилган. Бу икки оила қариндош бўлиб, халифа Мансур (754-775) даврида Мадинада ноиблик қилган Ҳасан ибн Зайд ибн Ҳасан ибн Али (ваф. 784 й.) авлодларидан келиб чиққан эди.

Ҳусайний саййидлар эса имом Муҳаммад Боқир, имом Жаъфар Содиқ ва имом Мусо Козим хонадонига мансублиги билан танилган. Улар орасида Самарқанд ва Хоразмдаги Аризий нисбасига эга саййидлар машҳур бўлган [2: 118-119, 168, 178, 209, 249 ва бошқ.]. “Аризий” ёки “Ариз” нисбаларига эга бўлган илк шахслардан бири сифатида Жаъфар Содиқнинг ўғли Саййид Али тилга олинади [1: 192; 23: 62]. Бундан Аризий нисбали саййидларнинг келиб чиқиши VIII асрга бориб тақалади деган хулосага келиш мумкин. Эътиборли томони шундаки, Ўрта Осиё ҳудудида бугунги кунгача етиб келган алавий саййидларга тегишли насабномаларнинг деярли барчаси Ҳусайн ибн Али (р.а.) хонадонига тегишли. Улар орасида энг таниқлиси Убайдуллоҳ Аъраж (VIII аср) авлодлари эди. Жумладан, Убайдуллоҳ Аъражнинг (бундан кейин – Аъраж) набираларидан бири Абу Абдуллоҳ Аъраж дастлаб Самарқандга, кейинроқ Балҳга келиб жойлашган. Ҳамза ибн Убайдуллоҳ Аъраж авлодлари эса Фарғона водийсига кўчиб келган [3: 36-40]. Бу икки шахснинг авлодлари кейинчалик Балх, Марв, Термиз, Самарқанд, Ахсикат, Косон, Марғилон каби шаҳарларда кўп тармоқли саййидлар хонадонларига асос солган. Шу билан бирга мазкур шаҳарларда ўша даврдаги муҳим бўлган нақиб мансабини эгаллаб келганлар. Жумладан, Ахсикатда истиқомат қилган Аҳмад ибн Иброҳим мазкур хонадоннинг таниқли вакили бўлган (Аҳмад ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳамза ибн Убайдуллоҳ Аъраж ибн Ҳусайн Асғар ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али). Насабшунос олим Абулҳусайн Муҳаммад 1092-1093 (ҳижрий 485) йил Исфаҳонда Муҳаммад ибн Иброҳим авлодларидан бири билан учрашган ва ушбу оила вакиллари Мовароуннаҳрда, хусусан, Бухорода кўплиги ҳақидаги қайдларни ёзиб олган [2: 118]. Аъражнинг худовандзода фахрий номи билан танилган Термиздаги авлодлари, айниқса, XII-XIV асрларда жуда машҳур бўлди. Ҳатто, аббосий халифа сиёсатидан норози бўлган Хоразмшоҳ султон Муҳаммад (1200-1220) халифа Носирни (1180-1225) тахтдан тушириб ўрнига Абулмаолий Алоулмулк Худовандзодани халифаликка кўтаришни режалаштирган эди. Лекин ўша йили қиш оғир келиши сабаб Бағдодга юриши барбод бўлган.

Иккинчи давр, яъни мўғуллар истилосидан кейинги даврда шаклланган Ўрта Осиёдаги саййидлар хонадонларини қуйидаги уч гуруҳга мансуб. Биринчи гуруҳга XIII аср бошига қадар минтақага кўчиб келган ҳусайний саййидлар хонадонлари вакиллари асос солган маҳал-лий оилалар мансуб. Улар орасида энг таниқлилари ва минтақанинг сиёсий-иқтисодий ҳамда маънавий ҳаё-тида муҳим роль ўйнаган оилалар қуйидагилар эди:

– саййидатойи (асосчиси яссавий шайхи Саййид Аҳмад, ваф. 1310 й.);

– кулолий (асосчиси хожагон шайхи Саййид Амир Кулол, ваф. 1370 й.);

– махдумиаъзамий/даҳбедий (асосчиси нақшбания шайхи Саййид Аҳмад Хожаги Косоний Даҳбедий, ваф. 1542 й.);

– жўйборий (асосчиси нақшбандия шайхи Хожа Ислом, ваф. 1563 й.).

Иккинчи гуруҳга Ўрта Осиё заминига маҳаллий ҳукмдорлар ташаббуси билан кириб келган оилаларни киритиш мумкин. Масалан, Амир Темур томонидан Мавлоно Хожа Мир ва Мавлоно Мир исмли икки саййидзода ҳурмат юзасидан Нисо ва Абиварддан Бухоро яқинидаги Пирмаст қишлоғига кўчириб келтирилган [10: 4 а]. Улардан кейинчалик Пирмастнинг Мирон маҳалласида яшовчи саййидлар тармоғи юзага келган. Шайбоний Убайдуллахоннинг (1533-1539) 1513 йилги Хуросон юриши якунида ҳам бир гуруҳ ҳиротлик саййидзодалар хоннинг таклифи билан Бухоро, Самарқанд ва Шош ҳудудларига кўчиб келган. Улар орасида Амир Абу Сафо, Амир Абулбақо, Мавлоно Носириддин Санужардий кабилар Бухорога жойлашган. Мазкур Носириддин Санужардий (ваф. 1563 й.) оиласидан XVI-XIX асрларда Бухоро маданий-маънавий ҳаётида чуқур из қолдирган мираконий саййидлари хонадони юзага келди [7: 60].

Учинчи гуруҳга шахсий “ташаббус” билан Ўрта Осиёга кўчиб келиб ўз хонадонларига асос солган оилалар мансуб. Жумладан, мирҳайдарий саййидлари хонадони асосчиси бўлиши эҳтимоли бўлган мутасаввиф Шамсиддин Ҳайдар Кабир Насафий (ваф. 1300 й.) ва Мир Саййид Бараканинг (ваф. 1403 й.) Арабистондан Қашқадарё воҳасига келиб жойлашгани айтилади. Амир Темур ҳукмронлиги сўнгида Мовароуннаҳрга келган ҳусайний саййидзода Шоҳ Неъматуллоҳ Валий (1330-1430) соҳибқирон илтифотига сазовор бўла олмади. У гарчи Эронга қайтиб кетган бўлса-да, авлодлари ўз фаолиятини Самарқандда жойлашган хонақоҳда давом эттирди. Бу хонадон вакиллари кейинроқ Самарқанд, Тошкент ва Ўратепага тарқалиб, ҳусайний саййидларнинг гули-сўрх тармоғини ташкил қилди. Яна бир ҳусайний саййидзода Абдуллоҳ Маданий Андижоний 1391 йилда Мадинадан Фарғона водийсига, Андижонга кўчиб келган. “Ҳайрон Валий” лақаби билан танилган мазкур шахс Фарғона водийсида тарқалган аксарият саййидлар хонадонларининг умумий аждоди саналади [20]. Тахминан XV асрда Маккадан Хазораспга келган ҳусайний Муъизиддин Араб Шакарлаб эса Саййид Ота (Саййид Аҳмад) хонадонидан бўлган қизга уйланиб, Хоразм ва Бухорода тарқалган карвак саййидлари хонадонига асос солган [8]. Бу хонадондан кейинчалик машҳур мутасаввиф Саййид Одина Муҳаммад Хазораспий (1728-1801) етишиб чиқди. Cаййидлар ёки таниқли мутасаввифлар авлодларининг Марказий Осиёга келиб жойлашиши XVII-XIX асрда ҳам давом этди. Масалан, Абдулқодир Ғилоний (1077-1166) авлоди, нақшбандий шайхи Валихон эшон (ваф. 1916 й.) бобосининг “Қанда-ҳорий”, катта боболарининг “Басрий”, “Бағдодий” нисбалари билан тилга олинишидан уларнинг Самарқандга кириб келиш вақти ва йўналишини тахмин қилиш мумкин [13].

Шу ўринда саййидлар хонадонлари шаклланишида биринчи ва иккинчи даврларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталсак. Биринчи даврда саййидлар хонадонларининг шаклланиши сиёсий босим остида ёки ихтиёрий равишда кўчиб келиш натижасида юз берди. Биринчи давр Ўрта Осиё ҳудудига келиб жойлашган саййидларнинг асл ватанларидаги қардошлари билан никоҳ ришталари ва ўзаро “борди-келди” алоқасининг яхши сақланиб қолиши билан ажралиб туради. Бу ҳолатни Батхоний, Шажарий, Аризий ва Аъраж авлодлари мисолида яққол кўриш мумкин. Биргина мисол, асли Куфадан бўлган Ҳамза ибн Убайдуллоҳ Аъражнинг авлодлари Мовароуннаҳрдан ташқари, Табаристон, Балх, Мисрда ҳам мавжуд бўлиб, улар ўртасидаги ўзаро алоқалар яхши йўлга қўйилган эди. Алавий саййидларнинг Ўрта Осиёга келиб жойлашувида мазҳаб масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга барча алавийлар ҳам шиа бўлмаганини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Масалан, Бутҳоний саййидларнинг Табаристон ва Хуросондаги айрим вакиллари сунний бўлган. Улар орасидан ҳанафий ва шофеий олимлари ҳам етишиб чиққан (16: 9, 43).

Давоми бор…

Ўктамбек СУЛТОНОВ,
тарих фанлари доктори

[1] Мақолада асарнинг XV асрда Муҳаммад Ризо Атойи томонидан амалга оширилган форсча таржимасидан фойдаланилди (С.Ў.).

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …