Home / МАҚОЛАЛАР / УСУЛУЛ ФИҚҲ ВА УНГА ОИД КИТОБЛАР

УСУЛУЛ ФИҚҲ ВА УНГА ОИД КИТОБЛАР

Усулул фиқҳ муҳим исломий илмлардан биридир. У орқали шариат ҳукмларини чиқариб олиш қонун-қоидалари қай тариқада бўлганлиги билиб олинади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида юзага келган ҳар бир масала у зот орқали ечим топар эди. Саҳоба ва тобеъийнлар даврида ҳам улуғ олимлар томонидан Қуръон ва суннат асосида муаммолар осонгина ҳал этилар эди. Ислом кенгая бошлагач янги-янги муаммо ва масалалар юзага кела бошлади. Шундай шароитда уларга ечим топиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш лозим бўлиб қолди. Натижада, ҳижрий II асрда, мазҳаббоши имомлар даврида “Усулул фиқҳ” илмига асос солинди.

“Усулул фиқҳ” – шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариб олиш учун восита бўлувчи қоидалардан баҳс қилувчи илмдир.

Шаръий далиллар – Китоб, суннат, ижмоъ ва қиёсдир.

Усулул фиқҳ илмида ўрганилувчи мавзу – шаръий далиллар бўлиб, улар амалий ҳукмларга олиб бориши жиҳатидан ўрганилади.

Манбаларда айтилишича, ушбу илмнинг асосий қоидаларини биринчи бўлиб Имом Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Абу Юсуф ишлаб чиқиб, бир рисола ёзган. Аммо у бизгача етиб келмаган.

“Усулул фиқҳ” бўйича биринчи бўлиб китоб ёзган олим Имом Шофеъийнинг “Рисола” номли китоби бизгача етиб келган. Шу сабабли Имом Шофеъий “Усулул фиқҳ” илмининг асосчиси сифатида эътироф этилади.

Усулул фиқҳ борасида дунё уламолари томонидан кўплаб китоблар ёзилган. Шулар каби юртимиздан етишиб чиққан фақиҳ олимлар ҳам кўплаб усулул фиқҳ китобларини тасниф этганлар. Имом Мотуридий, Абу Зайд Дабусий, Фахрул Ислом Баздавий, Абулбаракот Насафий, Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий каби алломалар шулар жумласидандир.

Қуйида фақиҳ алломаларимизнинг усулул фиқҳ борасида ёзган баъзи китоблари ҳақида маълумотлар берамиз:

  1. Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридийнинг “Маъхаз аш-шараъи фи-л-фиқҳ” ва “Ал-жад фий усул ал-фиқҳ” каби асарлари усулул фиқҳга оиддир.

Алломанинг фақиҳ сифатида китоблар таълиф этганлигини Абул Муин Насафий ўзининг “Табсират ал-адилла” асарида келтириб, қуйидаги асарларни санаб ўтган: “Китоб ал-жадал фий усул ал-фиқҳ” (Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар), “Маъхаз аш-шариъа фил фиқҳ” (Фиқҳ илмида шаръий манбалар). Аммо ушбу китоблар бизгача етиб келмаган.

  1. Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Қози Дабусийнинг “Тақвимул адилла” асари. Ушбу китоб уламолар эътирофига сазовар бўлган.

Манбаларда унинг ушбу асари бу соҳада Мовароуннаҳрда яратилган ва бизгача етиб келган энг қадимий асар эканлиги айтилади. Шу сабабли Абу Зайд Дабусийни ислом қонуншунослиги ва ҳуқуқ назарияси (усулул фиқҳ) фанининг Мовароуннаҳрдаги асосчиси дейиш мумкин. Ушбу асарни Фахрулислом Баздавий шарҳлаган.

“Тақвиму-л-адилла” китобида қиёс методининг имкониятлари, унга тегишли барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидалари изоҳлаб берилган. Ибн Халдун олимнинг хизматларини бундай таърифлаган: “Ҳанафий имомларидан Абу Зайд Дабусий қиёс бўйича барчадан кўра кенг кўламли асарлар ёзди, қиёсга тегишли бўлган барча баҳс- мунозараларга якун ясади. Шу йўсинда усулул фиқҳ илми мукаммал даражасига кўтарилиб, унга тегишли масалалар ўз ечимини топди, қоидалари тартибга келтирилди”.

Алломанинг кўплаб асарлари айнан фиқҳга оиддир. О.Қориев ўз китобида тарихчи Фуад Сезгин алломанинг фиқҳга оид етти асари борлиги ҳақида айтганлигини келтириб ўтган[1].

  1. Имом Али ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Фахрул Ислом Баздавийнинг “Усулул Баздавий” асари. Фахрул Ислом Баздавий (Паздавий) ерик олимлардан бири ҳисобланади. Унинг фиқҳга оид нодир китоблари ва ҳанафий мазҳаби асосчиларининг асарларига битган шарҳлари мавжуд. Унинг “Мабсут”, “Шарҳи ал-жомиъ ал-кабир”, “Шарҳи ал-жомиъ ас-сағир” номли асарлари машҳур.

Али ибн Муҳаммад Баздавий илмий-маънавий меросида “Усулу-л-Баздавий” асари алоҳида ўрин эгаллаб, тўлиғича “Канзу-л-вусул ила маърифати-л-усул” номи билан аталади. Асарда фиқҳий масалалар батафсил ҳолатда шарҳланганлиги боис ўз даврида бу асар жуда кўпчилик фақиҳлар томонидан бир дастурий қўлланма сифатида юксак баҳоланган.

“Кашфуз-зунун” китоби муаллифининг ёзишича, “Усулул Баздавий” ўзида нодир масалаларни тўплаган аҳамиятли китоблардан биридир[2].

Фиқҳ илмида мислсиз аҳамиятга молик бўлган бу асарга бағишланиб кўплаб шарҳлар ҳам битилган. Улардан Солим ибн Аҳмад Санадий, Ҳусайн ибн Али Самъоний, Муҳаммад ибн Маҳмуд Бобиртий, Садру-ш-шариа Маҳбубий, Бадруддин Муҳаммад ибн Шамсиддин, Амир Котиб ибн Амир Умар Форобий, Жавонфурий, Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий каби олимлар ёзган шарҳлар машҳурдир. Ушбу шарҳлардан, шубҳасиз, Алоуддин Бухорийнинг “Кашфу-л-асрор” номли шарҳи энг қимматлиси ҳисобланади. Шу боис ҳам, мазкур шарҳ кейинги йилларда Байрутда тўрт йирик жилдда икки марта (1994-1997 йй.) нашр этилган[3].

  1. Абулбаракот Насафийнинг “Манор” асари. Унинг тўлиқ номи “Манору-л-анвор фи усулил-фиқҳ” (“Усул ал-фиқҳда ёруғликмаёқ”)дир. У усулул фиқҳваунинг қонун-қоидалари ҳақида ёзилганбўлиб, унда Қуръон ва ҳадис асосида ҳукмолиш, ижмоъ ва қиёсни қўллаш услубларикаби масалалар баён этилган. У олимлартомонидан усулул фиқҳ соҳасидагиқисқа, лекин жуда фойдали асарлардан дебтан олинган.

Ушбу асарга кўплаб шарҳлар битилган. Абулбаракот Насафийнинг ўзи ҳам ушбу асарни шарҳлаган ва унга “Кашфул-асрор” (“Сирларни очиш”) деб ном қўйган.

Бундай шарҳлар қаторига яна Аҳмад ибн Абу Саид Ҳанафийнинг “Нуру-л-анвор фи шарҳи-л-манор”, Саъдуддин Абулфазоил Деҳлавийнинг (ваф. 1486-1487 йй.) “Ифодату-л-анвор фи изои усул-л-манор”, шайх Шижоаддин Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистонийнинг (ваф. 1332-1333 йй.) “Табассуроту-л-асрор фи шарҳи-л-манор”, Қивомиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Туркистонийнинг (ваф. 1348-1349 йй.) “Жомиъу-л-асрор” каби асарларни қўшиш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Усулул фиқҳ” илми ислом шариатида асосий илмлардан бири ҳисобланади. У шаръий манбалардан амалий ҳукмларни чиқариб олиш илмидир. Ушбу илмнинг ривожига юртимиздан етишиб чиққан фақиҳ алломаларимиз ўзларининг нодир асарлари билан ниҳоятта катта ҳисса қўшганлар ва ўша асарлар дунё олимлари томонидан эътироф этилиб, ўқитиш жараёнида дастурул амал бўлиб фойдаланиб келинган.

Равшан ЭЛМУРОДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
________________________________________________________________
[1] О.А. Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. Т:.“Фан”, 2009. –Б.28.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий юналишглар ва китоблар. ‒Т.: SHARQ нашриёти, 2011. ‒Б.128-29.
[3] Ўрта аср шарқ алломалари Энциклопедияси. ‒ Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази ‒ 2016. ‒Б.289.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …