Home / МАҚОЛАЛАР / Диний қадриятларимизга эътибор

Диний қадриятларимизга эътибор

Юртимиз мустақиллиги шарофати билан миллий ва диний қадриятларимизнинг тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган аждодларимизнинг ҳаётлари ва сермазмун илмий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Шу билан бирга айтиш жоизки, шу даврда ислом динининг энг муҳим, энг нозик ҳисобланган эътиқодий масалалар билан шуғулланган бир қатор олимлар ҳам етишиб чиқдики, улар ислом каломшунос номи билан юритилади. Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган буюк мутакаллимларнинг ҳаёти ва асарларини ўрганиш борасида бир талай илмий изланишлар амалга оширилганлиги ҳам барчага маълум.

Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий-маънавий, диний меросида барча диний ва дунёвий билимларга оид намуналарни кузатиш мумкин.

Эътиборлиси, улар орасида калом – ақида илмига бағишланган асарлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинаси ҳисобланган мазкур асарларни илмий таҳлил ва тадқиқ этган ҳолда таржима қилиш, улардан кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларни хабардор қилиш ҳозирги давр учун энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Термизга ташрифи давомида айтган: “Насафий алломалар ҳаёти ва илмий меросини тўлиқ ўрганиб, жойларда кенг тарғиб этишимиз лозим бўлади. Ёшларимизга биз қандай улуғ боболаримиз ўтганлигини етказиб берсак, уларнинг маънавий бойлиги ошади. Шунингдек, улуғ олим ва мутафаккир боболаримиз маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгига синдирсак, уларга муносиб бўлиб ва улардан ўрнак олиб яшашига жуда катта ижобий таъсирини кўрсатади”[1], сўзлаpини келтиришимиз ўринлидир.

Кўриниб турганидек, ташқи таҳдидларга қарши курашишнинг энг мақбул ва маъқул йўлларидан бири аждодларимизнинг асрлар оша исботини топган меросига таянган ҳолда олиб борилган ташкилий-амалий ҳаракатлардир.

Халқимизнинг илмий-маънавий мероси, ислом ва унинг ғоялари, диний, миллий-маънавий қадриятларимиз, юртимиздан етишиб чиқиб, бутун дунёда машҳур бўлган буюк алломаларнинг ҳаёти ва калом илмига бағишланган илмий меросларига асосланган ҳолдагина ислом дини ғояларини бузиб талқин қилишга уринаётган оқимларнинг асл мақсадларини фош қилиш мумкин бўлади.

Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланишида буюк мутакаллим имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлган бўлса-да, Абул Муин Насафий, Нажмиддин Умар Насафий ҳамда Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафийнинг ҳам хизмати беқиёсдир.

Бинобарин, диний ва эътиқодий масалаларни илмий асосда чуқур ўрганиш ҳозирги давр учун ҳам илмий ва амалий аҳамиятга эга эканлиги ушбу мавзунинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. Бу ўринда биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ислом динининг маънавий қадриятлари ва анъаналари жаҳон миқёсида ислом дини қолдирган жуда улкан маънавий мерос нафақат минтақамизнинг тарихий ривожланишига кўп жиҳатдан қўшилган ҳиссаси, балки унинг ҳозир шаклланиб бораётган сифат жиҳатидан янги қиёфасини ҳам белгилаб бермоқда”[2], – деб айтган сўзлаpини келтиришимиз ўринлидир.

Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланиши ҳамда мотуридия таълимотида буюк ватандошимиз имом Абу Мансур Мотуридий ва у зотнинг давомчилари Макҳул Насафий ва Абу Умар Насафийдан бошлаб кейинчалик Абул Муин каби мутакаллим олимларнинг бу борадаги хизматлари беқиёсдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[3].

Албатта, ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Мазкур оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.

Шунингдек, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний илмлар бўйича ҳам том маънодаги ўзгаришлар содир бўлди. Юртимиздан етишиб чиққан буюк сиймолар – етук алломаларнинг ибратли ҳаёт йўллари ўрганилиб, қолдирган бой илмий-маънавий, диний мерослари илмий асосда тадқиқ этилган ҳолда ўрганила бошланди.

Улар абадий қўним топган жойлар халқимизнинг табаррук қадамжоларига айлантирилди.

Шундай эҳтиромга сазовор бўлган улуғ сиймолар қаторида Имом Буҳорий, Имом Термизий, Баҳонуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний, Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий, Нажмиддин Умар Насафий ва Абул Муин Насафий каби кўпдан-кўп алломаларни чуқур ҳурмат билан кўрсатиш мумкин. Бинобарин, уларнинг ҳаётларига бағишланган асарлар таълиф этилди, асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, халқимиз эътиборига ҳавола этилди, улар ҳақида радиотелевидения орқали турли чиқишлар ташкил этилди, газета ва журналларда илмий, илмий-оммабоп мақолалар эълон қилинди.

Имом Ғаззолий фикрича, калом илмидан кўзланган мақсад салафи солиҳлар томонидан нақл қилинган аҳли сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилишдир[4].

Каломшунослик шўъбаси раҳбари
А.Муҳиддинов

 

[1] Мирзиёев Ш.М. 2016 йил, октябрь. Сурхондарё вилояти,  Имом Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат.

[2] Каримов И. А. Ўзбекистон ХХI аср бусағасида: Хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари  // Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари. – Т.: Ўзбекистон,1998. – Б. 446.

[3] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят.  – Б. 45.

[4] Қаранг: Ғаззолий Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад. Иҳёу улуми-д-дии. Биринчи китоб. –Т.: Мовароуннаҳр, 2003. – Б. 99.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …