Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАР

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАР

Бутун Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги манба деб тан олинган “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ҳадис тўплами Имом Бухорийнинг узоқ йиллик меҳнатининг самараси бўлиб, саҳиҳ ҳадислар билан биргаликда шариатдаги нафис дурдоналарни ҳам ўз ичига қамраб олган. Шулардан бири, Имом Бухорийнинг ушбу асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан фиқҳий ҳукмларни чиқариб олишда кўпгина фойдаларни ўзида мужассам этган. Имом Бухорий бу фойдаларни кўпроқ “Саҳиҳул Бухорий”нинг боблари учун тузилган сарлавҳаларда жойлаштирди. Бундан маълум бўладики, у киши фиқҳ илмида ҳам теран билим эгаси бўлган. Булар Имом Бухорийнинг фиқҳ илмида ва ҳукмларни чиқариб олишда мустақил ҳолатда ижтиҳод қилганига далил бўлади.

Албатта бу борада Имом Бухорий ўзидан олдин яшаб ўтган Имом Молик, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Суфён Саврий ва Авзоъий каби мужтаҳид имомларнинг фиқҳий йўналишдаги қилган ижтиҳодларидан фойдаланган. Бу борада юқоридаги ва бошқа мужтаҳид имомларнинг қилган ижтиҳодларини ҳам ўрганган. Ўзидан кейинги уламолардан Яъқуб ибн Иброҳим Давроқий Имом Бухорийнинг шариат қонунларидаги ўрнини билдириб шундай деган: “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир”. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ: “Эй ҳадис илми жамоаси! Бу ўспирин йигитга эътибор бериб, ундан ҳадис ёзиб олинглар. Чунки у киши Ҳасан Басрий замонларида бўлганида эди, албатта унинг ҳадис ва фиқҳдаги илмига одамларнинг эҳтиёжи тушар эди”, деб Имом Бухорийни олқишлаган.

Имом Бухорийнинг ҳадисни фиқҳга боғлаш услубларини ўрганишимиздан шу нарса маълум бўладики, Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асарида санади саҳиҳ бўлган ҳадисларни шарҳлаш билан бирга фиқҳий фойдаларни чиқариб олишни ҳам лозим тутди. Бунга Рўза китобидаги “Рамазон рўзасининг фарз бўлиши ва Аллоҳ таолонинг: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби[1] сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз»[2] деган боби”ни мисол қилиш мумкин. Имом Бухорий Рамазон рўзасининг[3] ҳукмини баён қилиш учун алоҳида боб тузиб, Рамазон рўзасининг фарзлигига оят билан ишора қилган. Сўнгра унинг кетидан бошқа тутиладиган рўзалар ичида фақатгина Рамазон ойининг рўзаси фарзлигига далолат қиладиган учта ҳадисни келтирди.

Биринчиси, Талҳа ибн Убайдуллоҳ (р.а.)дан: “Бир аробий[4] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига сочи ҳурпайган ҳолда келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга Аллоҳ таоло намоздан нимани фарз қилгани ҳақида хабар беринг, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Беш вақт намоз ва ўз хоҳишинг билан ўқийдиган нафл намозлар. Сахровий яна айтди: Аллоҳ таолонинг рўзадан нимани менга фарз қилгани ҳақида хабар беринг. У киши: Рамазон рўзаси ва ўз ихтиёринг билан тутадиган рўзадир, деб жавоб бердилар…”

Иккинчиси, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутар эдилар ва бошқаларни ҳам шу куни рўза тутишга буюрар эдилар. Рамазон ойининг рўзаси фарз қилингандан сўнг Муҳаррам ойида тутадиган рўзани тарк этдилар”.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўзлари ҳам Рамазонда рўза тутиш фарз қилингандан кейин Муҳаррам ойида рўза тутишни тарк этди. Аммо, нафл рўза Муҳаррамнинг ўнинчи кунига тўғри келса, тутар эдилар[5].

Учинчиси, Оиша (р.а.) айтади: “Жоҳилия даврида (яъни, исломдан аввал) Қурайш қавми Муҳаррамнинг ўнинчи куни рўза тутар эди. Сўнг (яъни, ислом дини келгандан сўнг), Жаноб Расулуллоҳ рамазонда рўза тутишни буюриб: “Хоҳлаган киши Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутсин, хоҳламаган киши тутмасин”, дедилар”.

Демак, Рамазон рўзасининг фарзлигига келган далиллар Ашуро куни фарз қилинган рўза каби ўзидан олдинги фарз қилинган рўзаларни амалдан қолишини тақозо қилади. Салаф уламолари, мусулмонларга Рамазон рўзасидан олдин ҳам рўза фарз қилинганми ёки йўқми?, деган масалада ихтилоф қилишган.

Жумҳур уламолари ва Имом Шофеъий: Рамазон рўзасидан олдин ҳеч қандай рўза фарз қилинмаган, деб, Муовия (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисни далил қилганлар: “Муовия ибн Абу Суфён ҳаж қилган йиллари Ашуро куни минбарга чиқиб: “Эй Мадина аҳли, уламоларингиз эшитиб қўйсинлар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ашуро куни рўза тутиш фарз қилинмаган бўлса ҳам, мен рўзадорман, аммо сизларга бу ихтиёрийдир”, деб айтганларини эшитганман”, деди”[6].

Ҳанафий уламолари айтади: Биринчи Ашуро рўзаси фарз қилинган. Сўнгра оят нозил бўлгач, Ашуро рўзасининг фарзлиги ҳукмдан қолди. Ўзларининг сўзларига Салама ибн Акваъ (р.а.)нинг: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аслам қабиласидан бир кишига: “Кимки бугун овқат еган бўлса, куннинг қолган қисмида рўза тутсин, кимки овқат емаган бўлса, саҳаргача овқат емасин, чунки бу кун Ашуро кунидир!” – деб эълон қилишни буюрдилар”[7].

Ҳофиз ибн Ҳажар Имом Бухорийнинг бу бобдаги тузган сарлавҳаси билан фарз рўзасининг бошланишига ишора қилганини билгач, шундай деди: Гўёки Имом Бухорийда шартига биноан бирор ҳадис собит бўлмагач, мақсадга йўналтирилган нарсани келтирди. У юқорида зикр қилинган учта ҳадис бўлиб, Талҳа (р.а.)нинг ҳадиси Рамазон рўзасидан бошқа рўза фарз эмаслигини, Ибн Умар ва Оиша (р.а.)ларнинг ҳадислари эса Ашуро куни рўза тутишга бўлган тарғибни ўз ичига олади. Худди Имом Бухорий иккаласининг ривоят қилган ҳадисидаги Ашуро куни рўза тутишга бўлган буйруқ, одамларга фарз қилинган рўзани Рамазон ойига хослаш далили келгани сабабли мустаҳабликка[8] ҳамл қилинишига ишора қилгандек. Буни оятнинг зоҳиридан билса ҳам бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: “сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди…”, деб, сўнгра ўша рўзани баён қилиб, кейинги оятда: “Рамазон ойи…”, деди[9].

Демак, Имом Бухорийнинг бу бобни тузишидаги мақсади Абу Ҳанифа мазҳабига мос келиб, Рамазон ойининг рўзаси фарз эканлигини баён қилиш ва Ашуро рўзаси ундан олдин фарз бўлиб, оят нозил бўлгач бу ҳукм амалдан қолганини билдиришдир. Шу билан бирга у киши ўзининг чуқур фаҳми билан ҳадисларнинг матнларидан кўп маъноларни ва фиқҳга боғлиқ бўлган турли-туман ҳукмларни намоён қилди. Зеро, Имом Бухорийнинг бу иши ҳимматининг энг буюги ва мақсадининг энг улуғидир.

Отабек БАХРИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, оятдаги ўхшатиш Рамазон рўзасининг аслида фарз бўлганигадир, кунларининг адади тўғрисида эмас, деганлар. Баъзилар айтади: Бу ўхшатиш барчасини, яъни, аслида фарзлигини, ададини ва вақтини ўз ичига олади. Аммо аввалги қавмлардан кунларининг ададини зиёда қилиб олганлар ҳам бўлган.
[2] Бақара, 183.
[3] Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йили, Шаъбон ойида фарз қилинган
[4] Саҳровий одам, у Зимам ибн Саълаба бўлиб, Бани Саъд ибн Бакр қабиласидан элчи бўлиб келган эди.
[5] Саҳиҳул Бухорий, 1892 – ҳадис.
[6] Саҳиҳул Бухорий, 2003 – ҳадис.
[7] Саҳиҳул Бухорий, 2007 – ҳадис.
[8] Қилса савоб, қилмаса гуноҳкор бўлмайдиган амал.
[9] Ал фатҳ 4/103.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …