Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ХОРИЖДА ЎРГАНИЛИШИ

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ХОРИЖДА ЎРГАНИЛИШИ

Илм-фаннинг турли соҳаларидаги ислоҳотлар туфайли Марказий Осиёда яшаб ижод қилган олимларнинг бебаҳо ёзма меросини ҳар томонлама жиддий тадқиқ этиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти И.А. Каримов: “Бугун, орадан деярли минг йил ўтганидан кейин ҳам биз ўрта асрларда яшаб ижод қилган, жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг дахоси, илм-фаннинг турли йўналишларидаги изланишлари ва қомусий билимлари олдида ҳайратга тушамиз” [1] – деган эди. Дарҳақиқат, бундан бир неча асрлар олдин яшаб ижод этган алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш бугунги кун илмий ва маънавий ҳаёти учун ҳам аҳамиятлидир. Чунки, бу заминнинг қомусий олимлари ўз асарлари ва таълимотлари билан бутун дунё илм-фанига улкан ҳисса қўшганлар. Марказий Осиёнинг энг қадимги шаҳарларидан бири Термиз дунё тамаддунида бебаҳо из қолдирган 20 дан ортиқ алломалари билан илм фан тарихида ўчмас из қолдирган. Минтақада яшаб ижод қилган алломалардан бири – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизийдир [3]. Унинг яшаган йиллари тахминан 132-142/750-760 йиллардан 255/869 йилгача бўлган давр кўрсатилган. У 80 дан (баъзи адабиётларда 400дан) ортиқ илмий асарлар муаллифи ва Шарқ тасаввуфшунослигининг машҳур намояндаси ҳисобланади. Ҳаким Термизий чуқур илм ва кенг дунёқарашга эга бўлгани учун “Ал-ҳаким” (доно) деган тахаллусни олган. Унинг илмий мероси ўтган асрлар давомида Шарқда кўп маротаба таржима қилиниб, бир қанча тадқиқот марказлари томонидан ўрганилган. Шу билан бирга унинг илмий меросини ўрганиш мусулмон бўлмаган халқлар ёки уларга тегишли минтақаларда тадқиқот олиб борган олимлар томонидан ҳам амалга оширилган. Хусусан, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ каби дунёнинг ривожланган давлатларида алломанинг илмий меросини ўрганиш асосида кўп томли асарлар, диссертациялар, илмий мақолалар ва бошқа тадқиқотлар натижалари эълон қилинган бўлса-да, юртимизда уларни тизимлаштириш, холисона таҳлил этиш масаласида қилиниши лозим ишлар талайгина. Шу сабабли термизлик алломалар меросини ўрганиш, уларни юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилди [2]. Ушбу мақола хорижда Ҳаким Термизийга бағишланган илмий асарларни тарихшунослик асосида кўриб чиқиш, истиқболда қилиниши керак бўлган вазифаларни белгилашга оид дастлабки уринишлардан биридир.

Мавзуга оид айрим Ғарб тилларидаги адабиётлар таҳлилига кўра, Ҳаким Термизий илмий меросига бўлган қизиқиш Ғарбда ХХ асрнинг 30-40 йилларида янги босқичга кўтарилган.

Қуръони каримни инглиз тилига илк марта таржима қилган англиялик шарқшунос Артур Жон Арберри [8: 315-327] “Notes on a Tirmidhî’s manuscript” (Термизий қўлёзмаларига шарҳлар – К.Н.) мақоласи орқали мазкур алломанинг асарларига оид фикр ва мулоҳазалар билдирган. Мақола 1940 йил Италияда  “Rivista degli Studi Orientali” деб номланган Шарқшунослик журналида эълон қилинган бўлиб, муаллиф унда Ҳаким Термизийнинг илмий мероси, асарларининг қўлёзма нусхалари сони, жойлашган ўрни ва исломшуносликдаги аҳамияти каби масалаларни таҳлил қилган.

1959 йилда яна бир инглиз исломшуноси Николас Ҳеер [12: 121-134] Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва ижоди ҳамда асарларининг библиографиясини тузган. Алломанинг ҳаёт тарзи, устоз ва шогирдлари ҳақида айрим маълумотларни тўплаб, уларни бир тизимга келтирган.

2015 йил Лондон университетининг СОАС[1] бўлимида Ҳаким Термизийга бағишланган янги тадқиқотлардан бири амалга оширилди. Тадқиқот “Ibn ʿArabī’s Conception of Ijtihād: Its Origins and Later Reception” (Ибн Арабнинг ижтиҳод ғояси: унинг келиб чиқиши ва кейинчалик қабул қилиниши – К.Н.) деб номланди. Унинг муаллифи Самер Дажони мазкур тадқиқот асосида номзодлик (Ph.D) даражасини ҳимоя қилди. Ушбу диссертациянинг биринчи бобини Дажоний Ҳаким Термизийнинг ҳуқуқий масаладаги қарашларига бағишлаб, алломанинг ҳаёт тарзи, насл-насабига биринчи бўлимда қисқача тўхталиб ўтган, иккинчи бўлимда эса, валийликнинг аломатлари масаласи Ҳаким Термизий мероси асосида очиб берилган.  Валийликка эришиш шартлари борасидаги фикрлар эса бобнинг сўнгги қисмидан жой олган. Илмий тадқиқотнинг иккинчи боби Ҳаким Термизийнинг ҳуқуқий масалаларга ёндашиш усулларига бағишланган. Бобнинг биринчи банди “Термизий давридаги энг йирик фиқҳшунослик мактаблари” деб номланиб, ушбу қисм VIII – IX асрларда вужудга кела бошлаган ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларининг вужудга келиш сабабларини очиб беради. “Ат-Термизий ва сўфийлик” тадқиқотнинг навбатдаги банди ҳисобланиб, Термизийнинг сўфийлик ҳамда инсоннинг комиллик сари интилиши борасидаги фикрлари ва мулоҳазалари мазкур қисмда акс этган. С.Дажони ўз тадқиқотида Абдуллоҳ Умар [4], Вожиҳ Аҳмад [25], Барака Абдулфаттоҳ [9] ва бошқа исломшунос олимларнинг илмий ишларидан унумли фойдаланиб, Ҳаким Термизий ва Ибн Арабнинг исломий масалалардаги қарашларига муносабат билдирди.

Француз шарқшуноси ва исломшуноси Геневиеве Гобиллот [10: 25-44] ўзининг асосий тадқиқотларини Ҳаким Термизийнинг илмий меросини ўрганиш ва сўфийлик таълимотини Термизий асарлари воситасида очиб беришга бағишлаган. Муаллифнинг  “Un penseur de l’Amour (Hubb) le mystique khurāsānien al-Hakīm al-Tirmidhi” (хуросонлик сирли Ҳаким Термизий – муҳаббат мутаффакири – К.Н.) деб номланган илмий тадқиқот иши 1991 йил Studia Islamica журналида эълон қилинади. Унда алломанинг “муҳаббат”  тушунчасига берган таърифи, Аллоҳга бўлган сирли яқинликка изоҳлар келтириб ўтган. Геневиеве Гобиллот 1998 ва 2006 йилларда Ҳаким Термизийнинг илмий меросидан бир неча асарлар таржимасини амалга оширган [5: 306; 6: 570].  Мазкур илмий тадқиқот мактабига француз олими Йвес Марқует [13: 263-306: 14: 151-181] “Al-Ḥakīm al-Tirmiḏī et le néoplatonisme de son temps” (Ҳаким Термизий ўз даврининг нео-Платони – К.Н.) деб номланган илмий изланишлари орқали асос солган эди. 

Исломшунос олим Паул Нвиа [15: 741-765] ва Абдураҳмон Алийлар [7] Ҳаким Термизий илмий меросининг турли йўналишларига оид тадқиқотларини илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиб, тасаввуф ва сўфийлик тушунчаларига алломанинг қарашларини таҳлил қилганлар.

Сара Свирининг [23: 583-613] Ҳаким Термизийга бағишланган илмий тадқиқот ишлари алломанинг меросини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга. У 1993 йил  “Ḥakīm Tirmidhī and the Malāmatī Movement in Early Sufism” (“Ҳаким Термизий ва дастлабки сўфийликда Маломатийлик ҳаракати” – К.Н.) номи билан мақола эълон қилиб, унда сўфийлик таълимоти асосларига Термизийнинг муносабатини атрофлича очиб берган. Исломшунос тадқиқотчи 2002 йил “Jerusalem Studies in Arabic and Islam” журналида Ҳаким Термизий асарларида сўз ишлатиш услуби масалаларига бағишланган тадқиқотини эълон қилган [24].

Немис шарқшуноси Бернд Радтке Ҳаким Термизий меросини ўрганишга ўзининг 30 йилдан кўпроқ умрини бағишлаган. 1980 йилда ўзининг “ Al-Ḥakīm at-Tirmiḏi. Ein islamischer Theosoph [20]” (Ҳаким Термизий. Ислом мутафаккири – К.Н.) деб номланган номзодлик ишини ҳимоя қилган. Шу йилнинг ўзидаёқ Бернд Радтке Ҳаким Термизий асарларида тасаввуф масаласига бағишланган мақоласини чоп эттирган [17: 237-245].  1989 йил “Journal of the Ibn Arabi Society”нинг 8-сонида мазкур муаллифнинг  “A Forerunner of Ibn al-Arabi: Hakim Tirmidhi on Sainthood” номли мақоласи нашрдан чиққан. Ушбу мақолада Ҳаким Термизийнинг авлиёлик масаласидаги фикрлари Ибн ал-Арабийнинг мулоҳазалари билан қиёсланиб, уларнинг кўпчилигини илк бор Термизий томонидан фойдаланганлиги асослаб берилган. 1992 йил мазкур тадқиқотчи Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги учта асарини “Drei Schriften des Theosophen von Tirmiḏ [21]” номи билан таржима қилиб, 1996 йилда ушбу матнларни шарҳлаган ҳолда чоп эттирди. Бернд Радтке томонидан 2000 йил француз тилида “Ҳаким Термизий мўжизалари” номи остида аллома илмий меросининг энг қизиқ жиҳатлари баён қилинди [18: 287-299]. Муаллифнинг сўнгги илмий тадқиқотларидан бири 2006 йил “Some recent research on al-Ḥakīm al-Tirmidhī” (Ҳаким Термизий ҳақида сўнгги изланишлар – К.Н.) номи билан илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди [19: 39-89].

Бернд Радтке ва Жон ОъКане ҳаммуаллифликда яратган “The concept of sainthood in early Islamic mysticism: two works by al-Ḥakīm al-Tirmidhī”( Дастлабки ислом тасаввуфида авлиёлик ғояси: Ҳаким Термизийнинг икки асари асосида – К.Н.) илмий тадқиқоти алломанинг меросини чуқур таҳлил қилинган тадқиқотлардан бири бўлди [22: 148]. Тадқиқотда алломанинг “Бадъу шаани Абу Абдуллоҳ” номли автобиографик асари ва “Китаб сияр ал-авлиё” (“Авлиёлар сийратлари ҳақида китоб”) деб номланган иккита асарининг шарҳлари ва аҳамияти баён қилинган. “Бадъу шаани Абу Абдуллоҳ” номли автобиографик асар алломанинг ҳаёти, насл-насаби, феъл-атвори ва бошқа жиҳатларини қамраб олганлиги сабабли ислом оламида бизгача етиб келган энг мукаммал манба ҳисобланади. “Китоб сияр ал-авлиё” (“Авлиёлар сийратлари ҳақида китоб”) асарида эса алломанинг авлиёлик масаласидаги қарашлари баён қилинган. Муаллифлар ҳар иккала асарнинг илмий қиймати, уларнинг сақланиш жойи ва тарихшунослигини таҳлил қилиб, исломшуносликдаги аҳамиятини очиб беришган.

Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганишга бағишланган илмий тадқиқотлардан яна бири 2015 йил АҚШда Аюб Палмер томонидан амалга оширилган [16].  Унинг мавзуси “Исломда авлиёликнинг ижтимоий ва назарий ўлчамлари: Термизийнинг гнесологияси ва ижтимоий сўфийлик амалиётининг асослари” – деб номланаган. Тадқиқот муаллифининг мазкур илмий иши 373 бетдан иборат:

Биринчи боб: Ҳаким Термизий яшаган давр ва ижодий фаолиятига тарихий-ижтимоий назар;

Иккинчи боб:  “Ҳикма” асарининг аҳамияти;

Учинчи боб: Валийликнинг диний таъсири;

Тўртинчи боб: Термизийнинг ислом тасаввуфига алоқадорлиги;

Бешинчи боб: Термизийнинг авлиёлик назарияси;

Олтинчи боб: Ислом тасаввуф анъанасида: авлиёлик ва донишмандлик.

Юқоридаги боблар асосида, Аюб Палмер Ҳаким Термизийнинг кўплаб асарларини комплекс тарзда таҳлил қилиб, илмий хулосалар берган.

Умуман олганда, Ҳаким Термизийнинг ёзма мероси нафақат ислом динига эътиқод қилувчилар балки, мусулмон бўлмаган олимлар томонидан ҳам атрофлича ўрганилган. Айниқса, Англия, Германия, Франция ва АҚШ каби мамлакатларда алломанинг илмий фаолиятига бағишланган юздан ортиқ тадқиқотлар амалга оширилган. Мутафаккирнинг тасаввуф соҳасидаги ёзма меросининг алоҳида тадқиқот мавзуси сифатида ўрганилгани, унинг бу йўналишдаги серқирра фаолиятидан дарак беради.

Термиз ҳудудида яшаб ижод қилган олимларнинг ёзма меросига доир хорижий тадқиқотларни ҳар томонлама ўрганиш орқали уларнинг дунё илм-фанида тутган ўрнини маълум даражада белгилаш мумкин бўлади.

Нодир КАРИМОВ,
ТДШИ ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Каримов И.А. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи // “Халқ сўзи” газетаси. – Т., 2014 йил 16 май.
  2. ПҚ-2774-сон. 2017 йил 14 февраль // “Халқ сўзи” газетаси. – Т., 2017 йил 15 февраль. № 33 (6727).
  3. Уватов У. Икки буюк донишманд. – Т.: Шарқ, 2005.
  4. Abd-Allah Umar F. Mālik and Medina: Islamic Legal Reasoning in the Formative Period. – Leiden. Brill, 2013.
  5. Al-Hakim al-Tirmidhi. Le Livre de la profondeur des choses. Presses universitaires du Septentrion, coll. Racines et modèles, 1998.
  6. Al-Hakim al-Tirmidhi. Le Livre des nuances, Ou de l’impossibilité de la synonymie. Librairie orientaliste Paul Geuthner, 2006.
  7. Aliy A. Nawādir al-Uṣūl des al-Ḥakīm at-Tirmiḏī: Ein Beitrag zur mystischen Hadith. Kommentierung. Inaugural-Dissertation Universität. Bochum. 2003.
  8. Arberry A. J. Notes on a Tirmidhî’s manuscript // Rivista degli Studi Orientali. № 18. – Italy. 1940.
  9. Baraka Abd al-Fattāḥ. al-Ḥakīm al-Tirmidhī wa naẓariyyatuhu fī l-wilāya. 2 vols. – Cairo. Majmaʿ al-Buḥūth al-Islāmiyyah, 1971.
  10. Geneviève G. Un penseur de l’Amour (Hubb) le mystique khurāsānien al-Hakīm al-Tirmidhī (m. 318/930) // Studia Islamica. № 73. 1991.
  11. Gobillot G. La solution mystique d’Al-Hakim Al-Tirmidhi (m. 318/930) au problème de la toute-puissance de Dieu // Mélanges de sciences religieuses. № 53 1996.
  12. Heer N.L. Some Biographical and Bibliographical Notes on al-Ḥakīm at-Tirmidhī // The World of Islam, Studies in honour of Philip K. Hitti. – London. 1959.
  13. Marquet Y. Al-Ḥakīm al-Tirmiḏī et le néoplatonisme de son temps //Annales de la Faculté des Lettes et Sciences Humaines. №.4. – Dakar. 1976.
  14. Marquet Y. Al-Ḥakīm al-Tirmiḏī et le néoplatonisme de son temps //Annales de la Faculté des Lettes et Sciences Humaines. №.7. – Dakar. 1977.
  15. Nwyia P. al-Ḥakīm at-Tirmidhī. Mélanges de la Faculté orientale de l’Université St. Joseph. № 44. 1968.
  16. Palmer A. The Social and Theoretical Dimensions of Sainthood in Early Islam: Al-Tirmidhī’s Gnoseology and the Foundations of Ṣūfī Social Praxis, Doctor of Philosophy (Near Eastern Studies). The University of Michigan. 2015.
  17. Radtke B. Der Mystiker al-Ḥakīm at-Tirmiḏī. “Der Islam”. №. 57. 1980.
  18. Radtke B. Al-Hakim al-Tirmidhi on miracles. Denise Aigle (ed.) Miracle et Karama: saints et leurs miracles à travers l’hagiographie chrétienne et islamique IVe-XVe siècles. Brepols, Turnhout 2000.
  19. Radtke B. Some recent research on al-Ḥakīm al-Tirmidhī // Der Islam. № 83. 2006.
  20. Radtke B. Al-Ḥakīm at-Tirmiḏi. Ein islamischer Theosoph des 3/9. Jahrhunderts. Schwarz Verlag, Freiburg. 1980.
  21. Radtke B. Drei Schriften des Theosophen von Tirmiḏ. I. Teil: die arabischen Texte, Beirut-Stuttgart 1992. – II. Teil Übersetzung und Kommentar. Beirut-Stuttgart. 1996.
  22. Radtke B., O’Kane J. The concept of sainthood in early Islamic mysticism: two works by al-Ḥakīm al-Tirmidhī. Surrey “Curzon Press”, 1996.
  23. Sviri S. Ḥakīm Tirmidhī and the Malāmatī Movement in Early Sufism. Leonard Lewisohn (ed.): Classical Persian Sufism: from its Origins to Rumi. – London. Khaniqahi Nimatullahi Publications, 1993.
  24. Sviri S. Words of Power and the Power of Words: Mystical Linguistics in the Works of al-Ḥakīm al-Tirmidhī // “Jerusalem Studies in Arabic and Islam”. №.26. in Honor of Prof. Shaul Shaked. 27. 2002.
  25. Vajīh Aḥmad. al-Ḥakīm al-Tirmidhī wa-ittijāhātuh al-dhawqiyya. – Alexandria. Dār al-Maʿrifa al-Jāmiʿiyya, 1989.
[1]  School of Oriental and African Studies, University of London.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …