Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ҳидоят йўлидан озганларни қайтарган аллома

Ҳидоят йўлидан озганларни қайтарган аллома

Шу йил 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Қарорнинг асосий мақсади – буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий-маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришдир.
 
Қарор асосида Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилгани, 2020–2024 йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси»да ташкилий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий тарғибот йўналишларида комплекс чора-тадбирлар белгилангани ана шу эзгу ишларга хизмат қилади. Уларнинг ижросини таъминлаш орқали Имом Мотуридий ва издошларининг мусулмон оламидаги машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилинади ва халқимизга етказилади; мотуридийшунос олимларимизнинг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда доимий иштироки таъминланади; «Мотуридийлик» маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади; дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади; мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади; Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.
 
Юртимиз азал-азалдан илм-фан, маънавият ва маърифат бешиги бўлиб келган. Айниқса, бу табаррук заминда IХ-ХII асрларда ўз кашфиётлари ва таълимотлари билан жумлаи жаҳонни лол қолдирган юзлаб улуғ зотлар етишиб чиққан. Мана шундай машҳур сиймолар силсиласида калом илмининг асосчиларидан бири Имом Абу Мансур Мотуридий алоҳида ўрин эгаллайди.
 
Ҳаёт фалсафасини қарангки, айнан 870 йилда буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари вафот этган йили азим Самарқанднинг Мотурид деган маҳалласида илоҳиёт илмининг ёрқин юлдузларидан бири имом Абу Мансур Мотуридий дунёга келади.
 
Ҳар бир тарихий шахснинг ҳаётини ўрганишда унинг яшаган даврини синчиклаб кўриб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади. Имомул–ҳудо (Ҳидоятга элтувчи имом), Қудрату-аҳлис-сунна (Аҳли сунна пешвоси), Мусаҳҳиҳу ақоидил-муслимин (Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчиси), Имомул мутакаллим (Калом илми олимларининг пешвоси), Рабибу аҳлис-сунна (Аҳли сунна вал-жамоа тарбиясини олган), Ал-Имом аз-Зоҳид (Тарки дунё қилган имом), Аш-Шайх ал-Имом каби шарафли унвонлар соҳиби Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганар эканмиз, Аллоҳнинг мислсиз қудрати кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бундан Мотуридий яшаган даврнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолати ва вазияти шундай улуғ мутафаккирга эҳтиёж сезаётганини англаш мумкин. Шундай экан, бу улуғ алломанинг энг зарур макон ва замонда дунёга келиб, мотуридия таълимотига асос солганининг ўзи бир илоҳий мўъжизадир.
 
Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масаласида бир-бирига зид хилма-хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму маърифати, чуқур ва теран тафаккури билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилди. Шу тариқа, соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳияти ва куч-қувватини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақида масалаларини ёрита бошлади. Улар фиқҳий мазҳабда аҳли сунна вал жамоа сифатида ислом олами тан олган ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар, ҳанбалийлар, эътиқодий мазҳабда эса мотуридия ва ашъария калом мактабларига асос солди.
 
Хусусан, мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлди.
 
Имом Мотуридий яшаган давр — тўққизинчи асрнинг иккинчи, ўнинчи асрнинг биринчи ярми том маънода исломий илм-маърифатнинг турли соҳалари, жумладан, калом илми гуллаб-яшнаган, айтиш мумкинки, ушбу илмнинг олтин асри бўлган эди. Замон тақозоси билан айни шу даврга келиб илм-фанда ҳурфикрлик ёйилади. Олиму уламолар ўз қарашларидан келиб чиқиб, диний эътиқод ва унинг усуллари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода қила бошлайдилар. Бу ҳол ўз навбатида турли-туман гуруҳ ва фирқалар, уларнинг тарафдорларига ўз ақидаларини ошкора изҳор қилиш имкониятини яратади. Айнан шу асрларда Мовароуннаҳрда турли-туман диний гуруҳ ва фирқалар пайдо бўлади. Улардан кенг тарқалганларидан бири муътазила оқими эди.
 
Аслида муътазила оқими калом илмидаги дастлабки йирик йўналиш сифатида VIII-IX асрларда араб халифалигининг диний-сиёсий ҳаётида салмоқли ўринга эга бўлган. Ундан кейин пайдо бўлган қатор оқимлар — жаҳмийлар, қарамийлар, муржиълар ва бошқа тоифалар иймон-зътиқод ва билиш назариясидаги хато қарашларга эга эдилар. Бинобарин, Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросида ақлий далил ва исботларга таянган ҳолда ислом дини ақидасининг софлигини ҳимоя қилиш ва ҳидоят йўлидан адашган мазкур оқимларга қарши қураш алоҳида аҳамият касб этган.
 
Имом Мотуридийнинг бизгача етиб келган икки йирик асари — “Китоб ат-Тавҳийд” ва “Таъвийлот аҳли ас-сунна” буюк аллома меросини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур асарларда ислом дини фалсафасини ташкил этувчи калом илмининг турли масалаларида тўғри фикрлар илгари сурилган, ақидавий ҳақиқатдан адашган фирқалар илмий нуқтаи назардан танқид қилинган.
 
Имом Мотуридий фикрича, инсонларнинг ёмон хулқли ишлари, гуноҳлари Аллоҳнинг иродаси билан (чунки Аллоҳ шу ишларни тақдир қилган), лекин унинг розилигисиз амалга оширилади. Аллоҳ таоло инсонларга ўз эркини қўлига берган ҳолда яратган, яъни унинг ҳаракатлари азалдан тақдир этиб қўйилган бўлса-да, инсоннинг баъзи ишларига соҳиб ихтиёрлигини ҳам бергандир. Бу ишларни Имом Мотуридий “афъоли ихтиёрий, яъни инсонда ирода эркинлиги мавжуд” деб атайди.
 
Буюк ватандошимизнинг бундан ўн бир аср муқаддам айтган бу ажойиб фикри бугунги кунда ҳам ғоят долзарб бўлиб, инсон ақл-заковати ва тафаккурининг имкониятлари чексиз эканига ишорадир. Аллома фаолиятида юқорида айтилганидек, муборак ислом динининг ҳаётбахш мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилиш, турли бидъат ва хурофотларга ботган гуруҳларга қарши кураш алоҳида ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан ҳам Имом Мотуридий илгари сурган ғоялар бугунги кунда ҳам ғоятда долзарб бўлиб, нафақат илмий, балки катта амалий аҳамиятга эгадир.
 
Хуллас, Имом Мотуридий ҳазратлари эътирозга ўрин қолдирмайдиган ақлий ва нақлий далилларга таяниб, ислом аҳли ақидасини соғлом фикрга, рушди-ҳидоятга ва дини исломнинг асл мазмун-моҳиятига мос келадиган мустақил йўлга бошлади. Ўзининг ҳаётбахш таълимоти билан миллионлаб мусулмон аҳли ақидасини бир-бирига зид бўлган бузғунчи, фосиқ ғоялардан сақлаб қолди. Шу боисдан бўлса керак, буюк ватандошимиз ақидавий масалалардаги беназир хизматлари учун, эҳтимол, жаҳоннинг биронта ҳам алломасига насиб этмаган “Мусулмонлар ақидасини тузатувчиси” (“Мусаҳҳиҳ ақоид ал-муслимийн”), “Хурофот ва бидъатга асосланган уйдирмаларни илдизи билан қўпорувчиси” (“Қолиъ азолийн ал-фитна вал-бидъат”) деган ўта шарафли номларга сазовор бўлган алломадир.
 
Чунончи Имом Мотуридий таянган асосий манба – бу Қуръони каримнинг чуқур маъноли ёрқин оятларидир. Аллома турли ақидавий масалаларни мана шу кенг қамровли аҳкомларни тўғри далиллар билан уйғунлаштирган ҳолда талқин қилади, зарур ҳолларда ўз ғоявий мухолифларига кескин ва асосли раддиялар билан жавоб қайтаради.
 
Келтирилган мулоҳазалардан аён бўлмоқдаки, Имом Мотуридий бир томонлама фикр юритиб, залолат йўлига кириб кетган турли гуруҳларни, хато қарашларни қиёсий равишда чуқур ўрганиб, улардан мантиқий, адолатли хулосалар чиқарди ва ўзига хос мактабга асос солди, ўзининг тўғри, илмий қарашларини суннийлар ақидасига сингдирди. У киши ўз замонасидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топди. Ўша вақтдаги бузғунчи оқимлар ақида бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилди. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб берди.
 
Имом Мотуридийнинг ўлмас таълимоти дастлаб Мовароуннаҳрда, сўнгра Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа қўшни юртларда ҳам кенг тарқалди. Миллионлаб мусулмонлар қалбига муборак ислом динининг ҳаётбахш ғояларини сингдиришда буюк ватандошимиз ва у асос солган мотуридия мактабига мансуб алломаларнинг хизматлари бениҳоя каттадир.
 
Имом Мотуридий фаолиятида муборак ислом динининг ҳаётбахш ғоялари софлиги, эътиқодий масалаларини бир томонлама ва хато талқин залолатга ботган ҳар хил тоифалар ва оқимларга қарши кураш, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга таянган ҳолда асосли раддиялар бериш салмоқли ўринни эгаллайди. Шу боис алломанинг ўлмас таълимоти бугунги кун учун ҳам катта аҳамият касб этиб, ҳидоят йўлидан адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда муносиб ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.
 
Алломанинг ўзига хос таълимотини ўрганиш учун олимларимиз катта имкониятларга эгадирлар. Чунончи унинг асосий асари қўлёзмалари ва уларга ёзилган баъзи шарҳлар нафақат Миср, Туркия, Ҳиндистон, Англия каби мамлакатларда, балки юртимиздаги қўлёзмалар хазинасида ҳам сақланади.
 
Демакки, Президентимизнинг қарори буюк аллома асарларини чуқур ўрганиш, уларни халқимиз орасида ва жаҳонда кенг тарғиб этиш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий қарашларимизга ёт зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади.
 
Тошпўлат МАТИБАЕВ, 
социология фанлари доктори, профессор
Манба: ЎзА

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …