Home / ЯНГИЛИКЛАР / Эътиқод кўнгилда бўлади

Эътиқод кўнгилда бўлади

Муносабат
 
Самарқандда IX-X асрларда яшаб ижод қилган алломаи жаҳон Имом Абу Мансур Мотуридий забардаст олим сифатида бутун ислом оламида кенг шуҳрат қозонган. 
 
Имом Мотуридий ўз замонасидаги адашган оқимларга ақидавий кураш олиб бориб, Мотуридийлик таълимотига асос солиб кетган. Мотуридийлик таълимотининг аҳамияти ва қадри шундаки, у бугунги кунга қадар ислом оламида Аҳли сунна вал жамоа ақидасини тарғиб қилувчи иккита – мотуридийлик ва ашъарийлик мактабларидан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мотуридийлик таълимотининг нафақат тарих, балки бугунги кунда ҳам мафкуравий аҳамияти каттадир.
 
Афсуски, халқимиз қарийб бир асрлик мустабид тузум даврида Имом Мотуридий каби алломаларимиз илмий меросидан тўлиқ баҳраманд бўлиш имконидан маҳрум бўлиб яшади. Фақат она юртимизга Яратган томонидан берилган истиқлол неъмати ва муборак динимизга бўлган эркинликлар натижасида бундай забардаст уламоларимизнинг бой маънавий меросини ўрганишга шароит яратила бошланди.
 
Айниқса, сўнгги 3-4 йил давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан исломшунослик соҳасига кўрсатилаётган катта эътибор исломшунос тадқиқотчиларга янада кенг имкониятларни яратиб бермоқда. Хусусан, бу борада Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
 
Ушбу фармоннинг амалга татбиқ этилиши пировардида яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини очиш тўғрисида”ги қарор ҳеч бир муболағасиз оламшумул воқеа бўлди. Чунки бугунги кунда хориж ўлкаларида, айниқса, Туркия Республикасида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти олимлари илмий меросига оид кўплаб тадқиқотлар олиб борилган бўлса-да, дунёда Имом Мотуридий номи билан халқаро илмий-тадқиқот маркази биринчи маротаба ташкил этилмоқда. Албатта, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилган бундай хайрли ташаббус юртимиздаги исломшунос тадқиқотчиларга катта масъулият юклайди.
 
Ташкил этилган халқаро илмий-тадқиқот марказининг аҳамиятини бир қанча мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Юқорида ҳар бир даврда ақидада адашган тоифалар, оқимлар ва мафкуравий кучлар бўлиши табиий эканини таъкидлаб ўтдик. Ана шундай қора кучларга асрлар давомида Имом Мотуридий ва унинг издошлари ўз асарлари орқали раддиялар бериб келган. Лўнда қилиб айтганда, хоҳ тарихда, хоҳ бугунги кунда пайдо бўлган ҳар қандай адашган ақидавий оқимларнинг асосий мақсади аксарият ҳолларда диндан ўзининг ғаразли манфаати йўлида фойдаланиш бўлган. 
 
Улар бу қабиҳ ишларида Ислом ақидасида энг нозик ва асосий масала бўлган “имон” тушунчасини (туйғусини) тор қолипда талқин этиб, ўзларига эргашмаган ҳар қандай инсонни “имондан чиққанлик” – адашганлик, яъни куфрда айблаб келади. Имом Мотуридий ўзининг ақидавий қарашлари орқали айнан мана шундай тоифаларга мафкуравий зарба бериб, уларнинг ғаразли юзларини очиб ташлайди ва илдизига болта урган.
 
Имом Мотуридийга кўра, “Кимки чин қалбидан ўзини мусулмон ҳисобласа, у комил мусулмон ҳисобланади ва ҳеч кимнинг уни куфрда айблашга ҳаққи йўқ”дир. Алломанинг фикрича, дину эътиқод инсоннинг қалбида бўлади, ундан сиёсат ва турли ғаразли йўлларда фойдаланиш асло мумкин эмас.
 
Имом Мотуридийнинг бу каби ақидавий қарашларини кўплаб келтиришимиз мумкин.
 
Юртимизда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг очилиши нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун ҳам катта мафкуравий аҳамият касб этади. Чунки мазкур илмий-тадқиқот марказида нафақат юртимиздаги мотуридийшунос олимлар, балки бутун дунёдаги соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш ҳам режалаштирилмоқда. 
 
Жумладан, келажакда илмий-тадқиқот марказида хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар учун ҳам Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендиянинг таъсис этилиши, марказ билан Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO)га аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида халқаро ҳамкорликнинг ўрнатилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асослантирилган таклифлари асосида илмий ходим ва тадқиқотчиларнинг хорижда мақсадли амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиши, шунингдек, хорижлик илмий ходим ва тадқиқотчиларнинг Марказга жалб қилиниши Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридийлик таълимотининг бугунги кундаги мафкуравий аҳамиятини очиб беришда кенг имкониятлар яратади.
 
Шунингдек, халқаро илмий-тадқиқот маркази ўз фаолияти давомида Абул Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Нуриддин Собуни Бухорий, Алоуддин Самарқандий, Ҳаким Самарқандий, Иброҳим Саффор каби юртимиздан чиққан юзлаб мотуридийшунос олимларнинг илмий асарларини тадқиқ қилиш ва уларнинг ўзбек тилидаги таржималарини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўймоқда. Айниқса, ҳанузгача юртимиз ва дунё қўлёзма фондларида ўз ўқувчисини кутиб турган нодир қўлёзма нусхаларни аниқлаб, уларни илмий муомалага киритиш юзасидан тадқиқ этиш ҳам илмий-тадқиқот марказининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.
 
Шундай экан, Имом Мотуридийнинг киндик қони тўкилган она заминимизда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши дунёдаги жамики мотуридийшунос олимлар томонидан оламшумул воқеа сифатида қабул қилиниши шубҳасиздир. Ўйлаймизки, XXI асрда глобал муаммо бўлиб қолаётган диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда ушбу халқаро илмий-тадқиқот маркази дунёдаги кўплаб мотуридийшунос олимларнинг бир ёқадан бош чиқариб, ҳамкорликда фаолият олиб боришларига хизмат қилади.
 
Шу соҳанинг мутахассиси сифатида муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда ҳукуматимизга бизга яратиб берилаётган бундай бебаҳо имконият учун чексиз миннатдорлик изҳор қиламиз. Шу ўринда Имом Мотуридийнинг “Пандномаи Мотуридий” номли рисоласидан ўрин олган ушбу насиҳатларини келтириб ўтишни лозим топдим: “Агар икки дунё саодати ҳамда динингни мустаҳкамлашни истасанг, қуролинг доим қалам бўлсин”.
Саидмухтор ОҚИЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
доценти, тарих фанлари номзоди
Манба: ЎзА

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …