ФАЙЗУЛЛАЕВ АХЛОҚИЙ МАКТАБИ – таниқли ўзбек файласуфи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, «Беруний мукофоти лауреати», фалсафа фанлари доктори профессор Файзуллаев Омонулла Файзуллаевич (1921.5.04 – 2008.24.12) нинг ижодий фаолияти билан боғланган мактаб. О.Ф.Файзуллаев ўз шогирдларига олимнинг нафсдан, мақтанишдан, тадқиқотга юзаки ёндашишдан, илмни хор қилишдан сақланишлари лозимлигини ўргатиб келганлар. У ҳалолликни, покизаликни, тўғри сўзлиликни, самимийликни, журъатлиликни қатъий ҳимоя қилувчи олим бўлган. О.Файзуллаев шогирдларининг ёзган мақолаларини синчиклаб текширар, баъзи илмий муаммоларни ечиш бўйича қайта-қайта топшириқлар берар, мақола то меъёрига етмагунича камчиликларини тузатиб чиқишни қайта-қайта талаб қилар эдилар.
Файзуллаев О.Ф. илмий муҳитда ахлоқий покизаликни, ўзаро ҳамжиҳатлиликни, олимларнинг бир-бирига самимийлигини сақлашга интилар, шогирдларидан турли хил ғийбат ва можароларга аралашмасликни талаб қиларди. Файласуф шогирдларига илмий ҳақиқатларни ҳимоя қилишда, асослаб беришда собитқадамликка, мантиқий изчилликка риоя қилишга даъват этарди. У илмий муҳитдаги «маҳаллийчилик» иллатидан жирканарди, олимларни қайси жойдан келганлигига эмас, илмий салоҳиятига қараб қадрларди. Устозларнинг ҳурматини юксакка кўтарар ва барча устозлари ҳақида самимий ҳурмат билан мақолалар ёзган.
Ф.А.М. шогирдларга масалага фаросат билан ёндашиш талаб қилинар ва «5 тангалик хизматкор»1 ҳолатига тушиб қолмасликни уқтирилиб, ҳар қандай масалага бир ёқлама эмас, ҳар томонлама, комплекс ёндашишга ундаларди. Олим янгиликлардан доимо хабардор бўлиши, ўз соҳасининг энг сўнгги янгиликларини таҳлил эта билиши, сиёсатбозлик ва хушомадгўйликдан сақланиши лозим деб ҳисобланарди. О.Файзуллаев барча фалсафа фани бўйича тадқиқот олиб борувчи шогирдларига жаҳондаги фалсафага оид энг нуфузли журналларнинг сўнгги 10 йил ичида чиққан сонларидаги ўзи ўрганаётган илмий муаммога оид мақолаларни конспект қилиб чиқишни талаб қилган. Бу талаб олимнинг вояга етишида муҳим омил бўлиб хизмат қилар эди.
Ф.А.М.нинг яна бир принципи китобга ҳурмат. Олимнинг асосий ахборот манбаси китоблар экан, уларни қадрлай олиш, китобни йиртмаслик, китобга чизмаслик, олинган китобни эгасига ўз вақтида қайтариб бериш. Файзуллаев Ўзбекистондаги ва жаҳондаги кўплаб кутубхоналарда бўлган ва бу кутубхоналардан қимматли маълумотларни тўплаб, қизиқарли мақолалар ёзган.
Ф.А.М.нинг ибратли ахлоқий талабларидан яна бири бу илмий тадқиқотларга чуқур профессионализм нуқтаи назаридан туриб, масъулият билан ёндашиш. Бундай ёндашувда бошқа олимларнинг фикрларига ва мақолани ўқувчиларга ҳурмат билан ёндашиш. О.Файзуллаев бўлар-бўлмас, енгил-елпи, саёз мазмунли мақолалар билан ўқувчининг вақтини олмаслик лозим, деб ҳисобларди. Б.Р.Каримов ва Б.О.Тураевлар томонидан ёзилган “Оқилона қадрият мўлжаллари” номли ижтимоий масалага қаратилган брошюрани ёзишимизда, бу китобдаги хулосаларни қайта-қайта синчиклаб текшириб чиқинглар, токи ўқувчилар сизнинг фикрингизни чала тушуниб норози бўлмасин, деган эдилар.
О.Файзуллаевнинг шогирдларидан М.Н.Абдуллаева, Э.И.Аҳмедов, Р.М.Имомалиева, И.С.Хошимова, Ш.Жўраев, Д.К.Набиева, Г.Х.Расулева, М.Исмаилов, Б.О.Тураев, Б.Р.Каримов, С.Каримов, Ф.Мусаев ва бошқалар ахлоқий муаммоларга оид изланишлар ҳам олиб боришган, лекин ўзларини бундай соҳанинг профессионаллари деб ҳисоблашмаганлиги учун ҳам уларнинг қизиқарли мақолалари эътибордан четда қолган. Масалан, И.Хошимова ва М.Исмоиловлар экологик аҳлоқ тушунчасини фанга киритишга уринишган. М.Абдуллаева миллий ғоянинг аҳлоқий моҳияти ҳақида, О.Файзуллаев фалсафий маданият ҳақида, Б.Каримов миллатлар аро муносабатларнинг ахлоқий жиҳатлари, Б.Тураев миллий нигилизмнинг ахлоқий деградацияга олиб бориши ҳақидаги ғояларни илгари суришган.