Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таолога бандани яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири қурбонликдир. Чунки Аллоҳнинг розилигини топиш учун қурбонлик бир восита бўлиб, Ислом динининг энг улуғ шиорларидан ва ибодатларидан бири ҳисобланади. Қурбонликнинг фазилатига сахийлар ва Аллоҳ таолога ихлосли бўлган бандалар эришади.

Кимга қурбонлик вожиб бўлса, унинг зиммасига қурбонлик қилиш зарур бўлади. Аммо моли нисобга етмаса ҳам қурбонлик қилишга қурби етса ва у сабабли бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар кетиб қолмаса, бундай кишиларга ҳам қурбонлик қилиш яхшидир. Чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, у одам узрли ҳисобланади.

Қурбонлик қилишда кишининг ўзи ва оила аъзоларига байрам кунида кенгчилик яратиш, ночор мусулмонлар орасида раҳм-шафқат ва муҳаббат уруғларини экиш, қалбларга сурур ва шодлик олиб кириш каби бир қатор эзгу ишлар мужассамдир. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукрона, нафсни иллатлардан поклаш ҳамда банданинг Яратувчи амрига итоати ва тақвосининг кўринишидир. Шу сабабли “Ҳаж” сурасининг 37-оятида: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!”, деган кўрсатма бордир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ислом умматига: “Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, деб амр қилган (Кавсар сураси, 2-оят). Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни хурсанд бўлиб ва савоб умидида қилса, қилган қурбонлиги у учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?”, деб сўрадик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир”, дедилар. Бизлар: “Ундан бизга нима фойда бор?”, дедик. У киши: “Ҳар бир тук эвазига битта яхшилик”, дедилар. Бизлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнги-чи?”, дедик. У киши: “Юнглардан ҳар бирига битта яхшилик”, дедилар”. Қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учунгина қилинади. Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, балки банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган ажрга муҳтож.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ бирор бир амал қилган эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос мақомга эга бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар”, дедилар (Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Қурбонлигингни олдида туриб гувоҳ бўлгин. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси билан ўтган гуноҳларинг мағфират қилинади”, дедилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: “Эй, Аллоҳнинг Расули! бу фақат бизнинг оиламиз учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз ва барча мусулмонлар учун”, дедилар”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжанинг 10 куни, қурбонлик қилиш кунидир. Бу кунда ҳар ким қурбонлик қилса, Аллоҳ таоло қурбонлик қонининг ҳар қатраси баробарига унинг ва аҳли оиласининг гуноҳларини мағфират этади. Қурбонликнинг гўштидан таом тайёрлаб мусулмонларга берса ёки гўштини садақа қилса, унинг савоб тарозисини Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ қилади”, деб марҳамат қилган эдилар. Бу ҳадиси шариф юқоридаги ҳадисдан ҳам кўпроқ савоб борлигини ҳабарини бермоқда. Бизлар кўпроқ савобли амалларни ахтариб топиб унга амал қилишимиз керак. Чунки гуноҳлар атрофимизда сочилиб ётибди. Ҳар қадамда гуноҳ, шу сабабли гуноҳлардан савобларимизни сақлай билайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот кўприги устидаги уловларингиздир”. Бошқа бир ҳадисда: “Қурбонликни катта қилинглар, чунки Сирот кўпригидан ўтаётганингизда у сизларга уловлик вазифасини бажаради”.

Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Кимки қурбонлик қилиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир қадамига ўнта савоб беради ва гуноҳларини афв этади. Қурбонликни савдо қилаётган вақтида, унинг ҳар бир айтган сўзини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фариштани яратади ва улар қиёматгача у банда учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзанларидан бир қулни озод қилгандек савобини беради”.

Қурбонликнинг кўплаб фазилатлари бор. Инсонлар ўртасида меҳр ва муҳаббатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади. Камбағал киши учун ҳам қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонга санаб бўлмайдиган даражада кўп неъматлар ато этди. Унга соғлик, бойлик ва иймон каби кўплаб неъматларни берди. Булар шукр қилишни вожиб қиладиган буюк неъматлардир. Қурбонлик шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир. Аллоҳ таолонинг розилиги учун қон чиқариш Ислом динимиз таълимотидаги буюк амаллардан саналади. Бу қалбдаги тақводан ва иймон нуридан далолатдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Бугунги синовли кунларда юртимиздан ва ер юзидан турли хил балоларни тезроқ кетказиб, бизларга аввалгидек тинч ва хотиржам ҳаётимизни қайтариб беришини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …