Home / МАҚОЛАЛАР / УЛУҒБЕК “ЗИЖ”ИНИНГ НОДИР ИККИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

УЛУҒБЕК “ЗИЖ”ИНИНГ НОДИР ИККИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

Ўзбек халқининг атоқли фарзанди, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган аллома, давлат арбоби, астрономик олим Мирзо Улуғбекнинг илмий меросини ўрганиш ҳардоим долзарблиги билан аҳамиятлидир.

Улуғбек илмий меросининг гул тожи бўлмиш “Зиж” асари “Зижи Улуғбек” ва “Зижи жадиди курагоний” номлари билан машҳурдир. “Зиж” ўз таркибига кўра VIII-IХ асрларда бошланган астрономик анъанани давом эттирса-да бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Асар икки қисмдан: муқаддима ва 1018та юлдузнинг туркуми, ўрни ва ҳаракат йўналишлари абжад ҳисобида аниқ белгилаб берилган жадваллардан иборат.

 Ушбу асарнинг нодир қўлёзма нусхалари жаҳондаги бир қанча кутубхона фондларида сақланб келинмоқда. Жумладан, “Зиж”нинг нодир бир нусхаси Саудиянинг “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонасида инв. №2558 рақам остида сақланмоқда. Ушбу нусха мажмуаъ бўлиб, ундаги биринчи асар Улуғбекнинг “Зиж” номли асаридир. Иккинчи асар “Китоб фий илми ар-рамл” номли бўлиб, дуохонликка оиддир. Қўлёзма оч яшил рагли картон муқовали бўлиб, таякиси чармдан. Икки асар ҳам XI/XVI асрда араб тилида, насх хатида кўчирилган. Саҳҳофи (муқаваловчи киши)  ва кўчирувчи хаттоти номъалум.

Улуғбекнинг “Зиж” номли асари басмала ва ҳамду сано билан бошланган. Муқаддиманинг 6-7 қаторларида асар муаллифини номи қуйидагича ёзилган.

«الغ بيك ابن شاهرخ بن تيمورخان…»

“Улуғбек ибн Шоҳрух бин Темурхон…”.[1]

Асар 67 саҳифадан иборат бўлиб, 1б варақдан бошланиб 34б варақда тугаган. Варақлар ўлчами 21х13.5 см. бўлиб, мистараси – саҳифа қаторлари 25 сатрдан иборат. Боблар, фасллар, муҳим рақам ва маълумотлар қизил рангли сиёҳда ёзилган. Ҳар бир варақда пойгирлар келтирилган. 15а, 18а, 20а, 29а, 34а саҳифаларда “Махтутот Мактабат ар-Риёз” ёзувли замонавий, думалоқ сиёҳ рангли муҳр урилган. Иккинчи асарнинг ҳар бир саҳифасидаги сатрлар қизил рангли рамкага олинган.

Улуғбек “Зиж”ининг яна бир нодир қўлёзма нусхаси Туркиянинг Нуру Усмония кутубхонасида инв. №2932 рақам остида сақланади. Асар форс тилида бўлиб, настаълиқ хатида кўчирилган. Унинг кўчирувчи хаттоти ва кўчирилган санаси номъалум.

Асарнинг муқоваси қизил рангли картондан бўлиб, уларнинг иккисида ҳам тилло рангли шамс ва лола бор. Муқоваларнинг ички тарафида абри баҳор санъати қўлланилган. Саҳҳофи (муқаваловчи киши) ва муқоваланган санаси номъалум.

Асар 462 саҳифадан иборат, 1б варақдан бошланиб 231а варақда тугаган. 1б варақда зарҳалли унвони бўлиб, қолган барча саҳифалардаги матнлар тилло сувли рамка ичига олинган. Мистараси – саҳифа қаторлари 25 сатрдан иборат.

Асар басмала ва Қуръони каримнинг “Ал-Фурқон” сурасини 61,62-оятлари билан бошланган.

«تَبَارَكَ الَّذِي جَعَلَ فِي السَّمَاءِ بُرُوجًا وَجَعَلَ فِيهَا سِرَاجًا وَقَمَرًا مُّنِيرًا»[2]

“Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди”.

«وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُورًا»[3]

“У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир”.

Ундан кейин Қуръони каримнинг  78. “Ан-Наба” сурасини 13-ояти келтирилган.

«وَجَعَلْنَا سِرَاجًا وَهَّاجًا»[4]

“Ва шуъла таратувчи чироқ ҳам қилдик”.

Қўлёзманинг 1б-22а варақларида муқаддима ва 22 бобдан иборат матн қисми ёзилган. Ҳар бир бобларнинг номи тилло рангли сиёҳ билан ёзилган. Барча бобларда боб номидан кейин келган биринчи жумла қизил рангли сиёҳда ёзилган. 22б-128б, 141а-213а, 219а-223а, 224а-231а саҳифаларида осмон жисмлариннг туркуми, ҳаракати, жойлашуви, чиқиши, тик қиёмга келиш, ботиши каби куплаб ҳолатларни аниқлаб берувчи абжад ҳисобидаги жадваллар ўрин олган. Асар яхши сақланган.

Биз Улуғбек “зиж”ининг Саудиянинг “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонасида инв. № 2558 рақам остида ва Туркиянинг Нуру Усмония кутубхонасида инв. №2932 рақам остида сақланаётган икки нодир қшлёзма нусхалари ҳақидаги маълумотларга қисқача тўхталиб ўтдик. Албатта, ушбу қўлёзма нусхалар ва улар ҳақида келтирган маълумотлар бу борада изланишлар олиб борувчи тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилишига умид қиламиз.

Ҳозирда ушбу асарларнинг электрон нусхалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Манбалар хазинаси электрон қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази кичик илмий ходими
[1] Мирзо Улуғбек. Зиж. Саудия. “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонаси. инв. №2558. Қўлёзма. –Б.1б.
[2]Мирзо Улуғбек. Зиж. Туркия. Нуру Усмония кутубхонаси. инв. №2932. Қўлёзма. –Б.1б; Қуръони карим. –Т.: “Hilol-nashr” 2018. “Ал-Фурқон” сураси 61-оят. –Б.365.
[3]Мирзо Улуғбек. Зиж. Туркия. Нуру Усмония кутубхонаси. инв. №2932. Қўлёзма. –Б.1б; Қуръони карим. –Т.: “Hilol-nashr” 2018. “Ал-Фурқон” сураси 62-оят. –Б.365.
[4]Мирзо Улуғбек. Зиж. Туркия. Нуру Усмония кутубхонаси. инв. №2932. Қўлёзма. –Б.1б; Қуръони карим. –Т.: “Hilol-nashr” 2018. “Ан-Наба” сураси 13-оят. –Б.582.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …