Home / МАҚОЛАЛАР / МУТААССИБЛИКНИНГ ИСЛОМ ДИНИГА ВА ЖАМИЯТГА ЕТКАЗГАН ЗАРАРЛАРИ ВА ШАРИАТДА УНИНГ ҚОРАЛАНИШИ

МУТААССИБЛИКНИНГ ИСЛОМ ДИНИГА ВА ЖАМИЯТГА ЕТКАЗГАН ЗАРАРЛАРИ ВА ШАРИАТДА УНИНГ ҚОРАЛАНИШИ

Ислом дини тарихига назар ташласак, айнан мутаассиблик ва ақидапарастлик каби иллатлар оқибатида кўплаб хунрезлик ва нотинчликлар келиб чиққанини гувоҳи бўламиз.

Ислом оламида тарихда ва ҳозирда диний мутаассиблик, динда ғулу (чуқур) кетиш оқибатида ҳатто мўмин-мусулмон кишини кофир (иймонсиз), муртад (диндан қайтган) деб аталиш ҳоллари ҳам учрайди. Бунга мисол қилиб Ҳарурия фирқасини келтириш мумкин, уларнинг асл даъвоси, Али ибн Абу Толибга куфр билан гувоҳлик берадилар ва бошқаларни ҳам Али ибн Абу Толибни кофирга чиқаришга даъват қиладилар. Динда чуқур кетиб, ҳаддидан ошиш натижасида ҳам мусулмонлар ичида кўплаб адашган фирқалар вужудга келган, бунга мисол қилиб рофизийлар фирқасини келтириш мумкин, чунки улар Али ибн Абу Толибни севишда ҳаддан ошдилар, ҳатто уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожир ва ансорийлардан ҳам устун қўйдилар. Рофизийлар айнан мана шу эътиқод, яъни динда чуқур кетиш сабабли тўғри йўлдан адашдилар.

Бу икки бидъат амал сабабли Ислом тарихи ўтмишида содир бўлган бу фожиалар ҳозир ҳам давом этмоқда. Ўтмишда хорижийлар, мўътазилийлар, марисийлар, рофизийлар, қадарийлар, жаҳмийлар дин душманлари  Исломга етказолмаган зарарни келтиришган бўлса, ҳозирги вақтда ал-қоида, хамас, мусулмон биродарлари, ҳизбу-т-таҳрир, ҳизбуллоҳ, адолат, салафийлар, таблиғчилар, акромийлар, нурчилар ва яна динни тарғиб қилиш ниқоби остидаги бир қанча фирқалар аввал ўтмишдаги адашган фирқаларнинг йўлини давом эттириб, нафақат ислом оламига балки бутун дунё ҳамжамиятига улкан зарарлар келтиришмоқда. Уларнинг пайдо бўлишини бош омили ислом динининг асл моҳиятини англаб етмаслик, диний мутаассиблик ва ғулудир. Дин номидан фаолият юритаётган бундай оқимларнинг асл мақсадлари қонуний ҳукуматни ағдариб, ўрнига тоталитар тузумни вужудга келтириш, террористик амалиётлар орқали одамларни даҳшат ва қўрқувда ушлаб туриш эканлиги ҳозирги замон зиёлиси учун сир эмас.

Бу оқимлар ўз мақсадларини амалга оширишдаги услубларидан бири – террор ҳаракатидир. Террор – зўравонликка олиб борувчи йўл бўлиб, ўтган аср бошларида турли экстремистик кайфиятдаги оқимларга хосланган иборадир. Бу сўз ўтган аср охирларидан бошлаб дин ниқоби остида фаолият юритаётган ноисломий сиёсий оқимларга ҳам қўлланила бошлади. Натижада, биз яшаётган асримизга келиб “ғарб исломшунос олимлар”и томонидан ислом террори, ислом фундаментализми, ислом экстремизми каби атамалар пайдо бўлди. Албатта, буларнинг ҳар бири мутаассиблик, ақидапарастлик ва диндаги ғулунинг ёқимсиз ва заҳарли мевасидир.
Аслида Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ақидапараст мутаассиблар қаттиқ қораланган бўлиб, ундай кишиларни “хавориж”, яъни исёнкорлар, диндан камон ўқи камондан отилгани каби жуда тез отилиб чиқадиган кишилар, деб сифатланган.  Жаноби Расулуллоҳ бундай иллатдан умматни ўз вақтида огоҳ этганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни олти тоифа киши олти нарса билан ҳисоб қилинмасдан олдин дўзахга киради”. Сўрашди: “Ё Расулуллоҳ, улар кимлардир?” Айтдилар: “Мендан кейинги амирлар жабр-зулм туфайли; аъробийлар мутаассиблик туфайли; бошлиқлар кибр-ҳаво туфайли; савдогарлар хиёнат туфайли; бойлар жоҳиллик туфайли; аҳли илмлар эса ҳасад туфайли дўзахга кирадилар”.

Уламоларимиз мазкур ҳадисдаги “аъробийлар” иборасини шариат илмидан бехабар, саводсиз кишилар деб тафсир қилишган. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради.

Аллоҳ таоло фитна ҳақида ўзининг каломи шарифида “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир” – деб, ўз бандаларини фитнадан эҳтиёт бўлишга буюради. Мазкур ояти каримадан ҳам аён бўлаётирки, инсонлар орасида фитна-фасод ишларини тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ. Чунки инсоннинг руҳан ўлдириш уни жисмонан ўлдиришдан фожиалироқ ва оқибати даҳшатлироқдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида диний билимлар етарли бўлмасдан дин номидан гапирувчи, фатво берувчи кимсалар  ҳақида шундай дейди: “Аъробийлар (шариат илмидан бехабар кишилар) куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.”[1]

Мазкур оятда “куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқ” деб зикр қилинган “Аъробийлар” шариат илмидан эса мутлақо бехабар ижтимоий-сиёсий фирқалар бўлиб, “хавориж – хорижийлар” бунга яққол мисол бўла олади. Жумладан,  динни қаттиқ ушлаш, ўтмиш саҳобалар ва салаф пешволардан фақат биттасига ҳаддан зиёд муҳаббат боғлаб, қолганларини инкор қилиш оқибатида ҳам мусулмонлар орасида турли низолар келиб чиқишига ҳамда ҳар хил ақидавий, сиёсий фирқаларнинг пайдо бўлишига омил яратди. Бунга ўтмишдаги шиа оқимидаги “алавийлар” фирқасини мисол қилиб келтириш мумкин. Улар ўзларини ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг издошлари деб атаб, унга бўлган муҳаббатларининг кучлилигидан, ҳатто ислом шариатига ва ақидасига зид бўлган даъволарни кўтариб чиқдилар ва мусулмонлар ўртасида ақидавий ихтилофларни юзага келтирдилар.

Шариатимизнинг бош қомуси ҳисобланган Қуръони каримда ҳам динда илмсиз ҳолда сўзламаслик, чуқур кетмаслик ҳақида кўплаб иршодлар келтирилган.

“Айтинг: “Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг!””

Динда чуқур кетиш сабабли ҳақ йўлдан адашган яҳудийлар ва насронийларга хитоб қилинган мазкур ояти карима орқали Аллоҳ таоло биз мусулмонларни ҳам уларнинг хатоларини такрорламасликка, нафс хоҳишига эргашиб нотўғри йўлга бурилиб кетмасликка, Ҳақ йўлида собит туришга чақиради.

Бинобарин, Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас Каломи шарифида бу ҳолатни тўлиқ тафсилотлари билан баён қилган:

“Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирор мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.” Яъни, Аллоҳ ва расули бирор масала устида ҳукм чиқарса, “эшитдик ва итоат этдик” деб жавоб бермоғи лозим бўлади.

“(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга “дўстларга” эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар. (Яъни, камдан-кам ҳолатда панд-насиҳатни қабул қиласизлар).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло қатъий қилиб Қуръонга эргашинглар, ундан ўзга турли-туман, сиртдан фасоҳатли, замири ва оқибати эса фосиқликдан иборат даъватларни қилувчи “дўстлар”дан йироқ бўлишни буюрмоқда. Аммо, Аллоҳнинг бу буйруғини эшитиб, тафаккур қилмайдиган мусулмонлар ҳам бўлишлиги тўғрисида оятнинг давомида таажжуб маъносидаги хабар берилган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида қатъий қилиб:

“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”.[2]

“Нисо” сурасининг мазкур оятида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ва Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни буюриб, бирор муаммоли масалага дуч келинганда унинг ечимини “Аллоҳ ва Пайғамбарига” ҳавола этишни, яъни бундай ҳолда Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда. Бундай мушкул ҳолатларда масаланинг ечимини топиш учун энг аввало муқаддас китоб – Қуръонга мурожаат қилишимиз лозим ва лобуд экан, ояти карималарда бу ҳақда нима дейилади? Дарҳақиқат, Қуръонда бундай масалаларнинг чиройли ечими бор. Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Бунинг учун эса мусулмон киши Қуръони каримда буюрилганидек, Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулининг суннатига сўзсиз эргашиб, Аллоҳ ва Расулига ҳамда ўзларидан бўлган раҳбарларга итоат этиши шарт. Мусулмон киши кўр-кўрона тақлид қилмасдан, балки Аллоҳ таолонинг каломи ва пайғамбарининг ҳадисларига эргашмоғи, агар ўзига лозим бўлган ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, унда ўзининг шаръий ва ақидавий масалаларини ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билмоғи ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлмоғи керак.

Шундан кейин ҳам кимки тўғри йўл аниқ бўлиб, сўнг ўз ҳавойи хоҳишига эргашса, Аллоҳ таоло уни янада залолатга бошлаб адаштиради, охиратда эса у учун Аллоҳ таолонинг аламли азоби бордир:
“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра уни жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида шундай кўрсатма берадилар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабодо қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди…” , яъни, фарз қилинган ибодатлардан ташқари ибодатларни ва солиҳ амалларни ҳаддан зиёд ўз зиммасига юклаб олиши натижасида уларни бажара олмай ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларни бажаришда Аллоҳ таолонинг фазлидан умид қилган ҳолда мўътадил бўлишни буюрадилар: “Тоат-ибодатларингизни тўғри, мўътадил адо этинглар, билингларки, бирортангизни қилган тоат-ибодатингиз жаннатга киритмайди. Аллоҳ таоло хушлайдиган тоат-ибодат, қисқа бўлса-да, узлуксиз адо этиладиган ибодатдир!” .

Юқорида ақидапарастлик ва мутаассибликнинг зарари ва уларга нисбатан ҳаниф шариатимизнинг тутган ўрнини имкон қадар Қуръон карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан четга чиқмаган ҳолда ёритишга ҳаракат қилдик. Ҳозирги тезкор ахборот асрида бу иллатларнинг баъзи бир манфаатдор доиралар томонидан қўллаб-қувватланиши, ўз манфаатлари учун диндан устамонлик билан фойдаланишга уринишлари ташвишланарли ҳолдир. Халқимизнинг тинчлигига раҳна солиб, мусаффо осмонимизни нотинч қилишга ёки ёшларимиз онгига дин ва маданият ниқоби остида бизга ёт бўлган турли ғояларни тиқиштиришга уринаётганлар ҳам оз эмас. Бундай ҳолга бепарво, бефарқ қараб туришнинг оқибатларига айрим мамлакатлар мисолида барчамиз гувоҳмиз. Шубҳасиз, бу биз фуқаролардан доимий сергаклик, ҳушёрликни талаб қилади. Ҳурматли Президентимиз айтганларидек: “Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.”

Нодир ҚОБИЛОВ
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот  маркази илмий ходими
[1] Тавба,97.
[2] Нисо, 59.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …