Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ – ТИНЧЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК ВА МАЪРИФАТ ДИНИ

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК ВА МАЪРИФАТ ДИНИ

Тинчлик уруш ва низоларга барҳам бериш орқалигина таминланади. Афсуски, турли қарама-қаршилик ва зиддиятларни келтириб чиқариш йўли билан ўз мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар бор экан, сунъий равишда низоли вазиятларни вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Зеро, ғоялар кураши авж олган XXI асрда ҳам тинчлик неъмати кўплаб мамлакатлар учун ҳамон орзу бўлиб келмоқда. Бунга 2011-2019 йилларда баъзи араб мамлакатларида рўй берган ва ҳамон давом этаётган сиёсий инқирозлар оқибатида юзага келган қонли тўқнашувлар мисол бўла олди. Мазкур оммавий тартибсизлик туфайли Тунисда 300 нафар, Мисрда 800 нафар, Ливияда 14 минг нафар, Сурияда 140 минга яқин киши ҳалок бўлган. Яқин Шарқ давлатларда бўлиб ўтган хунрезликлар, гўёки “араб баҳори” номи билан бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритаётганлар ҳам асосан динни ниқоб қилиб олган кучлар экани, улар экстремистик оқим ва террористик гуруҳлардан фойдаланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, фитна қўзғатиш тоифаларга бўлиниб ўзаро низолашиш, умуман ислом динига ёт ҳолат ҳисобланади. Буни қуйида келтирилаётган Қуръон оятларида, ҳадисларда уламоларнинг фикрларида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Қуръон оятларида бундай дейилади: “Аллоҳ фасод (бузғунчилик)ни ёқтирмайди” (Бақара, 205). “Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” – дейилса, улар: “Албатта, чин ислоҳчилармиз”, -дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара, 11-12). «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир» (Бақара, 191). Имом Баззолий айтадилар: «Диний мутаассиблар диндан фойдаланган ҳолда кишиларга ҳужум қиладиган катта йўлдаги қароқчилардир».

Ҳадисларда ҳам: «Сендан маслаҳат сўраган кишига тўғри (йўл) кўрсат, акс ҳолда, унга хиёнат қилган бўласан» ҳамда «Яхшиликка ундовчи одам, яхшилик қилган кабидир», деб таъкидланган. Демак, ислом динида жамият барқарорлигининг асоси бўлган тинчлик, осойишталик, эзгулик нақадар улуғланишига иқрор бўлиш мумкин.

Юқоридаги каби ҳолатлар турли хил кўнгилсизлик ва хавф-хатарларнинг олдини олиш учун кишиларнинг ҳар қадамда огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашлари кераклигини кўрсатади. Бугун лоқайдлик сабаб кичик бир хатодек кўринаётган иш эртага катта кулфатларни бошлаб келиши муқаррар. Зеро, лоқайдлик ва бефарқлик турли нохушликларнинг келиб чиқишига замин яратади. Тинчлик-осойишталик мустақил тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг асоси экан, бунинг учун курашиш, керак бўлса, бу йўлда фидойилик кўрсатиш лозим.

ЎМИ самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов тайёрлади
Манба: Sammuslim.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …