Home / МАҚОЛАЛАР / ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТЛАР – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТЛАР – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: ““Менинг жоним қўлида бўлган зотга қасамки”, яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарингизлар, агар қилмасангизлар, Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги азобларни юбормоқлиги яқин бўлади, кейин Аллоҳга дуо қилсангизлар, дуоларингиз ижобат бўлмайди”.

Ислом дини барча умматларга жинси, миллати, ирқидан қатъий назар, бир-бирларидан ажратмасликни, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни фарз қилган.

Демак, инсонлар бир-бирини яхши ишларга буюриб, ёмон амаллардан қайтариши, ҳақ йўлга бошлаши, яхши ҳулқли, фазилатли бўлиш мусулмоннинг чин вазифасидир.

Шунингдек, Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар умматим золимни кўриб, сен золим экансан, деб айтишдан қўрқсалар, улар фойда бермайдиган кишиларга айланади”.

Ушбу ҳадиси шарифдан бир золимни кўриб, бу иши нотўғри эканилигини айтиб, тўғри йўлга бошқармаслик, инсонни лоқайдликка олиб келади. Бундай инсонлар эса ҳеч кимга, хаттоки, ўзига ҳам манфаат келтирмайди. Зеро, мусулмон киши атрофидагиларни яхшиликка чорлаши, яхши амаллар соҳиби бўлиши, ман этилган ишларни қилмаслиги лозим эканини англашимиз мумкин.

Бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий негизини Ватанпарварлик, халқпарварлик, адолатпарварлик, халқимизни давлатдан рози бўлиб яшашига эришиш каби эзгу амаллар ташкил этади. Шу билан бирга ушбу ислоҳотлар замирида аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси ва шонли тарихимизни чуқур ўрганиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб бориш, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, ёшларимизнинг илм олишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб, шу орқали уларнинг истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш, диний-маърифий соҳада изчил ислоҳотлар олиб бориб, халиқмизнинг бу борадаги орзу-истакларини рўёбга чиқаришдек эзгу мақсадлар мужассам.

Кишиларнинг бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиши, кам таминланган ва алоҳида парваришга муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш ва мурувват кўрсатиш, ҳайру-эҳсон қилиш, булар халқимиз қадриятларининг ўзагини ташкил этиб, муқаддас динимиз ҳам барчани шунга ўргатади ва шу йўлга бошлайди. Бу эса, ўзбек халқининг азалий умуминсоний фазилатларидан биридир.

Ислом тарихига назар ташласак, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўта бой инсон бўлиб, бутун бойлигини ҳалққа эҳсон қилган эканлар. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз ўта сахий, хайру-эҳсонни яхши кўрадиган аёл бўлиб, кўп эҳсон қилганлар.

Юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир алломаларимиз ҳам гўзал хулқ инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фазилат эканини кенг тарғиб қилишган.

Жумладан, Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадислар тўплами, Абу-Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин”, Имом Ғаззолийнинг “Мукошафатул кулуб”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарларида юксак инсоний фазилатлар тараннум этилган.

Бундан ташқари, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Нажмиддин Кубро, Муҳаммад Порсо, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг ўнлаб асарларида одоб-аҳлоқнинг гўзал намуналари бадиий фалсафий талқин қилинган.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Аҳлоқи Муҳсиний” асарини ҳам ана шундай ҳикматлар тўплами сафига киритиш мумкин. Ушбу асардан ҳам жамиятнинг одоб-ахлоқ билан зийнатланиши учун ҳаракат қилиш ва инсонларнинг турли муаммоларига дардкаш бўлиб, ўзини эзгу ишларда масъулиятли ҳис этиш мусулмон кишининг мақсади эканини англаш мумкин.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Оилада фарзанд тарбияси. Усмонхон Алимов. 2012 II к.
  2. Одоблар дурдонаси “Имом ал-Бухорий Ал-адаб ал-муфрад асари”дан сайланма ҳадислар. Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази 2018.
Моҳира ШОДИЕВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …