Home / МАҚОЛАЛАР / Тиловат илми ва одоблари

Тиловат илми ва одоблари

Барча мусулмонлар Қуръон тиловат қилиш, уни ўрганиш фарз эканини тўлиқ тушуниб етиши керак. Қуръон тиловат қилганда чиройли одоб билан, бенуқсон тиловат илмига амал қилган ҳолатда ўқиш лозим бўлади.

Қуръон ўқувчи қори холис ният қилиши, тиловат одобларига амал қилиши лозим. У тиловат чоғида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши, Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлиши керак. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло бандани кўриб туради.

Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам ўқиши ҳаром. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади. Шунингдек, бундай ҳолда Мусҳафга назар солиш ҳам жоиз.

Қироат қилинадиган жой пок ва озода бўлиши лозим. Шунинг учун кўп уламолар масжидда Қуръон ўқиш мустаҳаб деганлар. Чунки масжид доимо озода бўлади. Бунда масжиднинг ҳурмати ва шарафи ҳам эътиборга олинади;[1]

Тиловат қилувчи киши суранинг ўртасидан ўқимоқчи бўлса, бир-бирига боғлиқ оятларнинг аввалидан бошлаши керак. Тўхтатганида ҳам бир-бирига боғлиқ оятларда тўхтайди. Бошланиши, вақф, жузъ, ҳизб, ўндан бири деб эътибор қилмайди. Шунинг учун уламолар: «Бир суранинг ҳаммасини ўқиши узун сурадан бир миқдор ўқиганидан афзал», дейишган.

Чиройли овоз билан, тажвид билан тиловат қилинади. Жуда чўзиб юборилмайди. Бирор ҳарф зиёда қилиниши ёки тушириб қолдирилиши ҳаром.

Имом Бухорий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят этган ҳадисларида бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз – Қуръони карим таълимини олиб, сўнг уни ўзгаларга ҳам ўргатганидир», дея марҳамат қилдилар».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳузурида одамлардан Ўзига хос аҳли мавжуд”. “Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимлар?” деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръон аҳли (яъни, уни ёд билувчилар). Улар Аллоҳ аҳли ва хосларидир” (Имом Насаий ривояти).

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: “Қуръони каримни жо этган қалбни Аллоҳ азобламайди”.[2]

Қуръон каримнинг сура ва оятлари чиройли одоб билан ўқилса, албатта, у Аллоҳ таолонинг розилигига ва қалб хотиржамлигига эришади.

       Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими: А.Раҳимов

 

[1] http://muslim.uz/index.php/rukn/quran/item/6733

[2] http://fitrat.uz/uroni-karim-tilovati-odoblari-va-fazilatlari/

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …